Ўзбекистон
25.06.2026
50

Мамлакатимизда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Президентнинг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–116-сон Фармони маҳалла тизими фаолиятини такомиллаштириш, унинг ваколатларини кенгайтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларига қатор янги ваколатлар берилади.
Эндиликда мазкур тузилмалар маҳаллаларда мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиш, уларнинг ечими юзасидан масъул давлат идоралари ўртасида самарали ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳудудий дастурларни тайёрлаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш жараёнларида бевосита иштирок этади. Бу эса маҳаллалардаги долзарб масалаларни тезкор ва манзилли ҳал этиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Фармонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва фуқароларни жамиятга мослаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, маҳаллада истиқомат қилувчи, биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган шахсга унинг оилавий шароити инобатга олинган ҳолда енгиллик бериш юзасидан фуқаролар йиғини кенгаши томонидан киритилган мурожаат суд-тергов органлари томонидан қаноатлантирилса, ушбу фуқарони қайта тарбиялаш ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш вазифаси “маҳалла еттилиги” зиммасига юклатилади.
Бу жараёнда “маҳалла еттилиги” кафилликка олинган шахсни қайта тарбиялаш, зарур ҳолларда уни касбга ўргатиш, иш билан таъминлаш, таълимга йўналтириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширади. Мақсад — ҳуқуқбузарликнинг такрорланишига йўл қўймасдан, инсонни жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ҳаётга қайтаришдир.
Шу билан бирга, мазкур тизимда фаоллик кўрсатган маҳалла фаолларини рағбатлантириш механизми ҳам жорий этилмоқда. Агар кафилликка олинган шахс уч йил давомида жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарлик содир этмаса, унинг тарбиясида самарали иштирок этган “маҳалла еттилиги” аъзоларини қўшимча рағбатлантириш чоралари кўрилади.
Фармон билан маҳалла фаолларининг мустақил фаолиятини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим норма ҳам белгиланди. Энди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиқлари “маҳалла еттилиги” фаолиятига ноқонуний аралашув ёки уларни хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш ҳолатлари аниқланса, бу ҳақда тегишли туман (шаҳар) ҳокимларига расмий тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлади.
Мутахассислар фикрича, мазкур Фармон маҳалла институтини янада кучайтириш, унинг давлат ва жамият ўртасидаги муҳим кўприк сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Маъмурий жазони қўллаш, энг енгил жазони қўллаш асослари: муҳим 6 саволга жавоб
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
“Инсон ва қонун” – барчаси бир нашрда!
Агар шуларнинг ҳаммаси бир нашрда мужассам десак ишонасизми?
Товарнинг сотувчи жавобгар бўладиган камчиликлари...
Сотиб олувчи товарнинг камчиликлари билан боғлиқ талабларни қўйишга ҳақли.
Фуқаролар энг кўп қиладиган 7 та ҳуқуқий хато
Муҳим келишувларни ёзма шаклда расмийлаштиринг.