Ўзбекистон
22.09.2025
376

Маҳалла — ўзбек халқининг қадимий қадриятлари, урф-одатлари ва ижтимоий ҳаётининг юраги ҳисобланиб келган. Асрлар давомида маҳалла фақатгина қўни-қўшничилик ва меҳр-оқибат маркази бўлиб қолмай, балки давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим кўприк вазифасини ҳам бажарган. Шу сабабли ҳам маҳалла институтини мустаҳкамлаш, унинг фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш ҳар доим давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган.
Бугун эса давлат бошқарув тизими рақамлаштирилмоқда. Шу муносабат билан рақамли давр шароитида маҳаллалар фаолиятини анъанавий бошқарув усулларидан самарали электрон тизимларга ўтказиш кун тартибига чиқмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 586-сонли қарори билан “Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланди. Мазкур ҳужжат 18-сентябрдан кучга кириб, бутун мамлакат миқёсида амал қилиши белгиланди.
Нима учун маҳаллаларни рақамлаштириш ва уларнинг ягона реестри зарур?
Бугунги кунда Ўзбекистонда таҳминан 9 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият юритмоқда. Уларнинг чегаралари, номи, ташкил топиши ёки тугатилиши, аҳолиси сони, ҳудудий жойлашуви ҳақида маълумотлар турли идоралар тизимида алоҳида-алоҳида сақланади. Натижада айрим ҳолларда чалкашликлар, маълумотларнинг такрорланиши ёки эскириши кузатилмоқда. Ягона реестр айнан мана шу муаммоларга ечим сифатида жорий қилинмоқда. Эндиликда барча маълумотлар — маҳалла ташкил этилиши, тугатилиши, номи ва чегаралари, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг манзиллари, СТИР кодлари, ҳудудий геомаълумотлар ягона маълумотлар базасида жамланади.
Бу эса:
Биринчидан, маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва аниқлигини таъминлайди;
Иккинчидан, давлат идоралари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўяди;
Учинчидан, “Электрон ҳукумат” тизимида ягона стандартлар асосида ишлаш имконини беради.
Ягона реестр “E-qaror”, “birdarcha.uz” ва “Рақамли маҳалла” каби электрон платформалар билан интеграция қилинади. Масалан, янги маҳалла ташкил этилиши ёки мавжуд маҳалла номи ўзгартирилиши ҳақидаги қарор қабул қилинган заҳоти, барча тизимларда бу маълумот автоматик тарзда акс эттирилади. Фуқаролар учун ҳам бу қулайлик туғдиради: маҳалла номи ўзгарганини ёки янги маҳалла ташкил этилганини билиш учун идораларга мурожаат қилиш шарт эмас — барча ма’лумотлар ягона тизимда очиқ кўринади.
Қарорга мувофиқ, ягона реестрни юритиш бўйича бош масъул орган сифатида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси белгиланган. Уюшма тизимни шакллантириш, тўлдириш, мунтазам янгилаб бориш ва уни тўлиқ ишга тушириш учун жавобгар бўлади. Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳам ўзаро ҳамкорликда ишлаши кераклиги белгиланган. Чунки реестрда жамланадиган маълумотларнинг тўғрилиги ва янгилиги нафақат уюшма, балки барча давлат органларининг масъулиятига боғлиқ.
Ягона реестрнинг жорий этилиши, энг аввало, оддий фуқаролар учун енгиллик яратади. Маҳалла — аҳолига энг яқин ижтимоий институт ҳисобланади. Унинг номи, чегаралари ва маълумотларининг аниқ бўлиши фуқароларга турли хизматлардан фойдаланишда, ҳуқуқий муносабатларда ва ижтимоий ҳаётда қулайлик беради. Бундан ташқари, давлат органлари ҳам ўз фаолиятини аниқ маълумотлар асосида ташкил этади. Масалан, солиқ идоралари учун жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғри манзили муҳим бўлса, ҳудудий ҳокимиятлар учун аҳолининг сони ва маҳалла ҳудуди ҳақидаги маълумотлар зарур. Энг муҳими, бу тизим орқали давлат бошқарувида шаффофлик ошади, инсонлар орасида давлатга бўлган ишонч мустаҳкамланади.
Шубҳасиз, бундай кенг кўламли лойиҳани жорий этишда қатор муаммолар ҳам бўлиши мумкин. Энг катта синовлардан бири – географик маълумотларни йиғиш ва уларни электрон шаклга келтиришдир. Бу жараён катта меҳнат, маблағ ва малакали мутахассисларни талаб қилади.
Иккинчи томондан — тизимда жамланадиган маълумотларнинг хавфсизлиги муҳим. Ягона реестрда миллионлаб фуқароларнинг манзили, ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар жамланади. Шу сабабли, маълумотларнинг махфийлиги ва ноқонуний фойдаланилишининг олдини олиш учун кучли ҳимоя тизимини яратиш зарур. Шунингдек, янгиликларни тезкор ва мунтазам равишда киритиб бориш масъулияти ҳам катта эътибор талаб қилади. Агар маълумотлар ўз вақтида янгиланмаса, реестрнинг самарадорлиги пасайиб кетиши мумкин.
Хулоса
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ушбу қарор маҳалла институтини янада такомиллаштириш, уни замон талабларига мослаштириш йўлида муҳим қадамдир. Ягона реестр тизими орқали ма’лумотлар марказлаштирилади, давлат бошқарувида шаффофлик кучаяди, фуқаролар учун қулайликлар яратилади. Албатта, жараён давомида техник, ташкилий ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар учраши мумкин. Аммо бу тизим муваффақиятли амалга оширилса, маҳалла нафақат анъанавий қадриятларни асраш маскани, балки рақамли бошқарувнинг замонавий бўғинига айланиши аниқ. Бугун маҳалла ижтимоий институти рақамли майдонга дадил қадам қўймоқда. Бу эса, шубҳасиз, халқ ва давлат манфаатларига хизмат қиладиган тарихий янгилик сифатида баҳоланиши мумкин.
Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини биласизми?
Уй-жой субсидияси – бу даромади юқори бўлмаган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмаслик шарти билан ажратиладиган маблағдир.