currencies image

12 571,90 UZS

13,11

usd

currencies image

13 465,76 UZS

73,19

eur

currencies image

143,83 UZS

1,23

ru



АсосийЯнгиликлар“Маънавиятсиз” кадрларни кесиш, кафе-ресторанларда рухсатсиз қўшиқ қўйиш ва ретрансляция. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича оддий ҳолатга айланган 7 та ҳуқуқбузарлик

“Маънавиятсиз” кадрларни кесиш, кафе-ресторанларда рухсатсиз қўшиқ қўйиш ва ретрансляция. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича оддий ҳолатга айланган 7 та ҳуқуқбузарлик

Ўзбекистон

calendar

11.09.2023

eye

1 345

“Маънавиятсиз” кадрларни кесиш, кафе-ресторанларда рухсатсиз қўшиқ қўйиш ва ретрансляция. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича оддий ҳолатга айланган 7 та ҳуқуқбузарлик

Кундалик туриш-турмушимизда интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ кўплаб қоидабузарликларга дуч келамиз, эҳтимол, хабарсизлик орқасидан ёки эътиборсизлик билан ўзимиз ҳам бузамиз ва бундай ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти «одатий ва табиий» ҳолатга айланиб улгурган. Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов шундай «одатий ва табиий» қоидабузарликларнинг энг кенг тарқалган еттитаси тўғрисида сўз юритади. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, муаллифлик ҳуқуқи асар (қўшиқ, кино, китоб, умуман, исталган ижодий фаолият маҳсули) яратилган пайтдан бошлаб пайдо бўлади ва бунинг учун ҳеч қандай расмиятчилик шарт эмас. Бу ҳуқуқ муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

  1. “Маънавиятсиз” кадрларни кесиш
Фильм ва сериаллар аудиовизуал асар сифатида муаллифлик ҳуқуқи объекти саналади. Уларнинг муаллифи, аниқроғи ҳуқуқ эгаси асардан фойдаланишда эксклюзив (мутлақ) ҳуқуқларга эга. Шу сабабдан, фильм ва сериалларга ўзгартириш киритиш, қайта ишлаш, шу жумладан, ундаги кадрларни кесиш қандай мақсадда бўлишидан қатъий назар муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Эксклюзив ҳуқуқнинг мазмуни шундан иборатки, асардан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланиш, шу жумладан, кадрларни кесиш учун ҳуқуқ эгасининг розилиги олиниши шарт. Агарда саҳналар «маънавиятсиз» ёки «менталитетимизга зид» бўлса-чи? Жавоб ўзгармайди – асарлар нима мақсадда яратилгани, қадр-қиммати ва қай тарзда ифодаланганига қарамай, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинади. Маънавият ва менталитет мавҳум тушунча, муаллифлик ҳуқуқи эса реал. Шу ўринда айтиш керакки, порнографик мазмундаги асарларни тарқатиш тақиқланган. Бироқ ҳар қандай «очиқ тана» ёки «севги-муҳаббат» саҳнаси порнографик бўлавермайди. Бу ўринда порнография, эротика ва натурализмни фарқлаш керак. Порнографик материаллар бадиий қиммати йўқ ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёки одам томонидан содир этилаётган, шунга ўхшатилган жинсий алоқанинг тасвирини ўзида акс эттирган ахборот саналади. Аммо эротика ва натурализм санъат йўналиши. Эротика бошқа ҳар қандай санъат асари каби порнографиядан фарқли равишда ўзида қандайдир маъно, ҳиссиёт, бадиий тасвир, психологик юкни ифодалайди. Шунга кўра, порнографиядан фарқли равишда эротика ва натуралистик тасвирлар акс эттирилган асарлар эфирга узатилиши мумкин. Бироқ бир шарт билан – ахборот маҳсулотининг мазмунига қараб ёшга оид таснифи (0+, 7+, 12+, 16+, 18+) кўрсатилиши лозим. Шунга қарамай, миллий телеканаллар томонидан бир қатор ҳолатларда муаллиф розилигисиз фильмлардан саҳналар кесиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, Зулфиқор Мусоқовнинг сўзларига қараганда, МТРК тизимига кирувчи каналлардан бирида «Осмондаги болалар 2» фильми кесиб эфирга узатилган. Сарвар Каримов эса «MilliyTV» телеканали томонидан «Сарвқомат дилбарим» фильмидан унинг энг муҳим саҳналаридан бўлган Илёс ва Асалнинг Иссиқ-кўл бўйидаги бўса саҳнасини муаллиф розилигисиз кесиб ташланганига ҳақли эътироз билдирган. [caption id="attachment_20053" align="alignnone" width="975"] «Сарвқомат дилбарим» фильми, 2018 йил, телеканал «кўзини қамаштирган» ўша саҳна. Кадр: «Youtube», «ULAR» лойиҳаси[/caption]
  1. Кафе-ресторанларда рухсатсиз қўшиқ қўйиш
Умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектлар, шу жумладан, кафе ва ресторанларни куй ва қўшиқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо шу ўринда ҳам муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ нозик масалалар бор. Хусусан, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда, шу жумладан, барчанинг эътибори учун юборишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиши мумкин. Аммо ҳуқуқий билимлар етарли эмаслиги натижасида муаллифлик ҳуқуқига нисбатан қарашлар тескари шаклланган. Масалан, ўзларининг бизнесларида мусиқий асарлардан тижорий мақсадда фойдаланаётган кўплаб ресторан ва кафе эгаларининг фикрларича, хонандалар уларга пул тўлашлари керак экан, улар хонандаларни шу орқали «пиар» қилиб бераётган эканлар. Шу ўринда айтиш керакки, интеллектуал мулк кўзга кўринмагани билан, бошқа мулк шакллари сингари мулкий қийматга ва айрим ҳолларда эса моддий шаклдаги мулкдан кўра кўпроқ қийматга эга. Интеллектуал мулк, айтайлик, биз севиб эшитадиган қўшиқлар қулоғимизга етиб келгунча унга анча пул сарфланади. Хусусан, шоирга «шеър ҳақи», бастакор ва мусиқа ёзиш студияси учун тўловлар. Шу боис қўшиқлардан рухсатсиз (муаллиф билан шартнома тузмай) фойдаланиш моҳиятан ўғриликка ўхшаш. Айтиш керакки, муаллифлик ҳуқуқига нисбатан қарашлар ўзгариши билан қоидабузарлар жавобгарликка тортила бошланди. Масалан, хонандалар Ҳамдам Собиров ва Жалолиддин Аҳмадалиевнинг қўшиқларидан рухсатсиз фойдалангани учун кафе эгаси жаримага тортилган.
  1. Тўй ва бошқа тадбирларда рухсатсиз қўшиқ айтиш
Ҳеч қайси байрам тадбири, шу жумладан, тўй, туғилган кун, юбилей ёки бошқа байрамлар куй ва қўшиқсиз ўтмайди. Ушбу тадбирларда маҳаллий хонандалар озғидан миллий санъаткорлар қўшиқларидан тортиб, хорижнинг мусиқа дурдоналаригача эшитиш мумкин. Аммо аксарият ҳолатда куйланаётган (юридик тилда – барчанинг эътиборига етказилаётган) қўшиқлар учун розилик олинмайди. Қонун бўйича, ижрочи (қўшиқ муаллифи бўлган санъаткор) ижродан ҳар қандай шаклда фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар, шу жумладан, ижродан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиши мумкин. Масаланинг яна бир нозик томони шуки,  ижродан ташқари қўшиқ матни учун ҳам розилик талаб қилиниши мумкин. Шеърнинг ўзи унинг ижросисиз ҳам мустақил муаллифлик ҳуқуқи объекти, ундан ҳар қандай фойдаланиш учун рухсат олиш шарт. Ушбу қоидалар барча турдаги «cover» ижролар учун ҳам тааллуқли. Қўшиқларни куйлаш учун ижрочи ва шеър муаллифидан розилик олинмаслиги аксарият ҳолатда турли низоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, хонанда Санжар Жавбердиев (Санжай) «Карвон», «Гулбадан» каби қўшиқларнинг cover-версиясини айтиши ортидан қўшиқлар ижросига нисбатан Шерали Жўраев, шеърлар матнига нисбатан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовнинг муаллифлик ҳуқуқларига нисбатан масала кўтарилди. Асар (қўшиқ)ни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади. Иш якунида Санжар Жавбердиев Усмон Азимга тегишли бўлган «Карвон» шеъридан ноқонуний фойдаланганлиги Усмон Азим фойдасига 90 миллион сўмдан ортиқ товон пули ундирилиши ҳақида суд қарори чиқарилди.
  1. Муаллиф розилигисиз китобларни таржима қилиш ва чоп этиш
Сўнгги йилларда бадиий ва илмий-оммабоп асарларга қизиқишнинг ортиши орқасидан нашриётлар сони сезиларли даражада кўпайди. Шунингдек, ҳуқуқий саводхонликнинг ортиши, муаллифлик ҳуқуқига нисбатан ҳурмат нашриётларда қадриятларни шакллантирди – китобни таржима қилиш ва чоп этиб сотишдан олдин муаллиф билан шартнома имзоланмоқда. Аммо шунга қарамай, кутубхоналардан муаллиф розилигиз сотувга чиқарилган китобларни исталганча топиш мумкин. Барча нашриёт ҳам муаллифлик ҳуқуқига жиддий қарамайди, эҳтимол, дунёнинг нариги бурчагида бўлган муаллифнинг хабар топмаслигига умид қилишар. Қонунчиликка кўра, асарни таржима қилиш, чоп этиш ва сотиш учун муаллифдан розилик олиниши шарт. Нашриётлар муаллиф билан тузилган шартномага асосан ушбу ҳуқуқларни олиши мумкин.
  1. Китобларнинг электрон вариантини тарқатиш, уларни чоп этиш
Асарларни муаллиф розилигисиз таржима қилиш ва сотиш бир муаммо бўлса, уларнинг электрон вариантини тарқатиш, уларни чоп этиш алоҳида муаммо. Масалан, интернет платформалардан тўлов эвазига сотиб олиш мумкин бўлган китобларни турли ижтимоий тармоқлар, олайлик, Telegram каналларидан топиш, баҳоси 30-40 АҚШ доллари бўлган инглиз тилини ўрганиш бўйича қўлланма ва китобларни кўчадан арзон гаровга сотиб олиш мумкин. Хорижий тилларни ўрганиш учун фойдаланилаётган китобларнинг (масалан,  IELTS қўлланмалар) аксарияти муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда олинган ва олинмоқда. «Кўчадаги китоб дўконлари»дан нафақат муаллифлик рухсатисиз олинган китобларни, балки маҳаллий нашриётлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи сотиб олиниб, чоп этилган китобларнинг ҳам контрафакт нусхаларини учратиш мумкин. “Asaxiy Books” лойиҳасининг раҳбари бу ҳақда шундай дейди: «Asaxiy Books» лойиҳасини китоб бозорида янги қон бўламиз деб бошлагандик. Шу кунгача лойиҳага икки миллиард сўмдан ортиқ харажат қилдик. Икки йилдан бери Asaxiy Uz интернет-дўконидан келган даромадимиз шу лойиҳага кетади. Пул етмаган жойда қарз олиб бўлса-да, китоб чиқардик. Қайсидир маънода ўзбек китоб бозорида ўзгаришлар қилолдик. Бошиданоқ лойиҳани муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда қонуний тарзда ташкиллаштиришга ҳаракат қилдик. Китобхонларимизда илк маротаба «1984», “Элжернонга аталган гуллар», «Стив Жобс», «Ибтидо» каби китобларни ўқиш имконияти пайдо бўлди. Лекин афсуски, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар бизни ҳам безовта қилмасдан қолмаяпти. Шу вақтгача бир нечта телеграм ва Youtube каналлари китобларимизни ноқонуний тарзда электрон ёки аудио шаклида тарқатиб келишди. Ҳар сафар улар билан боғланиб, яхши муомала билан вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдик. Баъзида тушунишди, баъзида йўқ. Яқинда бўлса Уолтер Айзексон томонидан ёзилган «Стив Жобс» китобимизнинг контрафакт қилиб тарқатилаётганлиги ҳақида хабарлар етиб келди. Ҳаракатларимиз билан котрафактлардан бирини топдик. Бу пичоқнинг суякка келиб тақалиши эди».
  1. Кино ва сериалларни таржима қилиш, эфирга узатиш ва интернетга жойлаштириш
Интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши бўйича энг кенг тарқалаётган ҳолатлар телевидение ва турли стриминг платформаларда кино ва сериалларни муаллиф рухсатисиз таржима қилиш, эфирга узатиш ҳамда интернет тармоғига жойлаштириш билан боғлиқ. Аксарият ҳолатда муаллифлик ҳуқуқига жиддий қаралмайди. Асарни қайта ишлашдан ташқари уни таржима қилиш учун ҳам муаллиф розилиги олиниши талаб этилади. Фильмни таржима қилиш фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан амалга оширилиши лозим. Мазкур тартиб асарни эфирга узатишга ҳам тегишли. Аммо шунга қарамасдан, телевидение, стриминг платформалар ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти учун премьераси якунланмаган киноларнинг ўзбек тилида эфирга узатилиши, интернетга жойлаштирилиши янгилик эмас. Масалан, «Аватар: Сув йўли» (2022 й.), «Оппенҳаймер» (2023 й.) ва «Барби» (2023 й.) фильмлари премьераси бошлангандан саноқли кунлар ўтиб, улар таржима қилиниб, турли стриминг платформалари ва Telegram каналларда тарқатилди. «Менинг юртим» телеканали томонидан Ўзбекистон кино ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг аъзоларига тегишли бўлган кинофильмлар уларнинг рухсатисиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатилган. Ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарларни такрорлаш, тарқатиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Шунингдек, «Севимли» телеканали томонидан «Ш.М.М» МЧЖга тегишли «Номус кучи» номли бадиий фильмдан муаллифнинг розилигисиз ҳамда тегишли шартнома расмийлаштирилмаган ҳолда фойдаланилган.
  1. Спорт ўйинларини ретрансляция қилиш
Интеллектуал мулк муҳофазасидаги энг оғриқли муаммолардан яна бири ноқонуний трансляция саналади. Бу борада вужудга келган йирик баҳслардан бири сифатида бевосита «Uzreport TV ва Beeline TV иши»ини келтириш мумкин. Унга кўра, Beeline компанияси келишув тузмаган ҳолда ўзининг Beeline TV мобил иловасида UzReport TV ва Futbol TV телеканалларининг эфирларини ретрансляция қилиш билан шуғулланган. «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунда операторлар ва провайдерлар телекоммуникация соҳасидаги фаолиятни лицензиядаги шартларга ва белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширишга мажбурлиги қайд этилган. «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга асосан телевидение, кабель телевидениеси ва онлайн телевидение орқали ўйинларни трансляция қилиш турдош ҳуқуқлар объектидан фойдаланишнинг алоҳида турлари бўлиб, у эфирга узатиш учун телеканал ёки бошқа турдош ҳуқуқ эгасининг розилигини талаб қилади. «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонунга кўра, тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчилари тадбирларни трансляция қилиш, шунингдек, трансляцияни ёзиб олиш ва (ёки) фотосуратга ҳамда видеотасвирга тушириш орқали ёритишда эксклюзив ҳуқуқларга эга. Мазкур эксклюзив ҳуқуқларнинг моҳияти шундан иборатки, учинчи шахслар тадбирларни ёритиш ҳуқуқи учун ташкилотчиларнинг ёзма рухсатини олиши ёки ёритиш ҳуқуқини сотиб олинганлиги тўғрисидаги ёзма шаклдаги келишувларга эга бўлиши лозим. Шундай қилиб, спорт тадбирларини трансляция қилиш ҳуқуқи уларнинг ташкилотчиларига ёки ташкилотчиларнинг телевидение ҳуқуқларини бошқа ҳудудларга сотишда уларнинг манфаатларини ифодаловчи компанияларга тегишли. Таъкидлаш лозимки, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни (куй, қўшиққа нисбатан) бузиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиниши ёки муаллифлик ҳуқуқини бузиш учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўринишидаги жиноий жазо қўлланилиши мумкин. Аммо шунга қарамай, муаллифлик ҳуқуқини бузиш учун жавобгарлик белгиланган ҳаракатлар доираси тор, жарималар миқдори эса жуда паст. Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқини бузиш учун жабрланувчи фойдасига ундириладиган товон миқдорининг чегараси белгиланган. Хусусан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон ундирилиши мумкин. Айтайлик, муаллиф ва нашриёт розилигисиз, учинчи шахслар томонидан китоб кўпайтириб, сотувга чиқарилди. Шу ҳолатда ҳуқуқ эгаларига максимал 330 млн сўмгача товон тўланади. Аммо китоб қўлимизга етиб келгунга қадар турли сарф-харажатларни талаб қилади. Масалан, муаллифлик ҳақи, нашрдан чиқариш, маркетинг харажатлари ҳамда олинган даромад учун тўланган солиқлар ва бошқалар. Бундан ташқари, ижодий фаолият натижалари учун товон миқдорига максимал нарх ўрнатилиши бозор тамойилларига тўғри келмайди. Чунки бугунги кунда энг қиймати баланд мулк шакли интеллектуал мулк ҳисобланади. Шу боис ижодий фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда жавобгарлик чораларини кучайтириш ва унинг муқаррарлигини таъминлаш лозим.

Улашиш:

Бошқалар

11-июн 2024, 14:21
4 934

“Notcoin”, “Hamster Kombat”. Ўзбекистонда криптовалюта олиш ва сотиш қай даражада қонуний?

Хўш, криптовалютага оид миллий қонунчилик қандай? Криптовалюта олиш  ва сотиш қай даражада қонуний? Бунинг учун қандай жавобгарлик белгиланган? Айнан қандай ҳаракатлар учун кишилар жавобгарликка тортилмоқда? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу ҳақда сўз юритади.


12-июн 2024, 07:06
2 492

Фарзандини “лагер”га юбораётган ота-оналар учун ҳуқуқий эслатмалар

Оромгоҳлар санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт.


10-июн 2024, 13:43
1 359

Академик лицейларга қабул: муҳим 7 қоида

Бугундан академик лицейларга қабул бошланди. Ўқувчилар ҳужжатларини уйдан чиқмасдан онлайн топширишлари мумкин. hudud24.uz қуйидаги мақола орқали қабул жараёни ва тест синовларига оид маълумот беради.


7-июн 2024, 14:00
1 251

Гўштни кўча ҳароратида илгакларга илиб сотиш тақиқланади: гўшт, озиқ-овқат, мева-сабзавот сотиб олишга оид муҳим қоидалар

Ёз мавсуми бошланди, иссиқ ҳавода ҳар қандай маҳсулотларнинг тез бузилиши тайин. Hudud24.uz гўшт, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш керак, уларни сақлаш, сотишда қонунчиликда қандай талаблар белгиланганлиги ҳақида маълумот беради.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
25-июн 2024, 13:51
276

Муаллифлик ҳуқуқи ва қашшоқлик – улар бир-бирига қандай боғлиқ?

Сўнгги пайтларда муаллифлик ҳуқуқига оид низолар анча кўпайди. Масалан, илгари исталган қўшиқни истаган одам хоҳлаган жойда ижро этиб кетаверар эди. Энди қўшиқ ижрочисидан оғзаки розилик олиб айтилган қўшиқлар устида ҳам судлашувлар бўляпти.

cover image
16-декабр 2023, 06:41
186

Шоир Беҳзод Фазлиддиннинг аризасига кўра яна бир хонанда жавобгарликка тортилди

Унинг “Оғриқ” номли шеърига нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан мурожаати адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилган.

cover image
1-ноябр 2023, 07:02
378

Кўпхотинликни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

Қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

cover image
20-октябр 2023, 06:02
349

Хожибой Тожибоевнинг муаллифлик ҳуқуқлари унинг вориси орқали ҳимояланди

Аниқланишича, марҳум сўз устасининг хажвиялари ноқонуний равишда радио эфирларида эшиттирилган