currencies image

12 808,03 UZS

14,65

usd

currencies image

13 612,37 UZS

16,85

eur

currencies image

130,15 UZS

0,58

ru



АсосийЯнгиликлар“Машина ҳайдайман, аммо ўзимнинг краним яхши” – Кранчи аёлнинг бир куни

“Машина ҳайдайман, аммо ўзимнинг краним яхши” – Кранчи аёлнинг бир куни

Ўзбекистон

calendar

15.02.2024

eye

1 081

“Машина ҳайдайман, аммо ўзимнинг краним яхши” – Кранчи аёлнинг бир куни

Нафақага чиққунча кран бошқармоқчиман...

Hudud24.uz нинг бугунги қаҳрамони Зиёда Сўпиева. Тошкентлик, 41 ёшда. Мана ўн йилдирки у кран бошқарувчиси бўлиб, бинолар қурилишида иштирок этмоқда. Қаҳрамонимиз ижтимоий тармоқда ҳам баландликдан жойлаб борадиган видеолари билан машҳур. Иш фаолиятини қизиқиб кўрадиган 65 минг нафар обуначига эга.

Интервью қаҳрамонимизнинг деярли иккинчи уйидек бўлиб қолган ва қурилиш ишларида бошидан охиригача “тепасида” турган 22 қаватли бинонинг том қисмида бўлиб ўтди.

10 йилдан бери кран бошқараман…

2013 йилдан бери крандаман. Икки йил давомида Тошкент трактор заводида трактор йиғдим. 2015 йилдан бери минорали кранда уй қуряпман. Бино қурилишида илк бор “Олой” бозори яқинида қурилган 9-қаватли тураржойда иштирок этганман. Ундан кейин болалар шифохонасини қуриб битказдик. Мана, сўнгги 5 йилдирки, “Тошкент city”даги бинолар қурилишидаман. Айни пайтда биз 22 қаватли тураржой биносидамиз.

Баландликка чиққаним сари яйрайман…

Соҳамда фаолият кўрсатиш осонмас. Ёзда чанг-тўзон, қишда ёмғир-лой ичидамиз. Шундай бўлсада, касбим завқли. Ҳамма баландликдан қўрқса, мен аксинча баландликка чиққаним сари яйрайман. Болаликда ота-онамга учувчи бўламан дердим. Афсус, бу орзум амалга ошмади. Қурилаётган бинога худди фарзандларимдек қарайман. Ҳар битта қавати кўтарилгани сари қувонаман. Жамоамиз аҳил. Кран бошқарадиган 12 нафар ҳамкасб йигит бор. Улар билан бир хил ойлик олганим учун тенг ишлашга, улардан қолишмасликка ҳаракат қиламан.

Музлаган темирни ушлаб юқорига чиқишнинг ўзи бўлмайди

Касбимиз ўта масъулиятли. Ижтимоий тармоқда ўз блогимни юритаман ва салкам 65 минг обуначим мендан «100 метрлик баландликдаги кранга қанча вақтда чиқасиз? деб савол беради. Бир куни “қани, соатга қараб чиқайчи?» дедим. Роппа-роса 20 дақиқада учта “ бекатда” дам олиб чиқдим. Эркак ҳамкасбларим 10 дақиқада кран кабинасида бўлади. Шундай пайтда эркакларнинг билагидаги кучи аёлларникидан бақувват дейман.

Қишда, айниқса қор ёққан бўлса, музлаган темир нарвонни ушлаб 100 метр тепага кўтарилишнинг ўзи бўлмайди. Қўлимда қўлқоп бўлсада, музлаб қоламан. Бундай пайтда сирпаниб кетиш ҳам ҳеч гап эмас. Шу учун бундай кунлари хавфсизлик камарини тақамиз.

Темирнинг пири бўлади…

Кран нарвонига оёқ қўйишим билан калима қайтараман. Кабинага киргач саломлашаман. Ҳаммаёғи иш ҳолатидалигини текшираман. Темирнинг ҳам пири бўлади, дейишади. Бу ҳақиқат. Кранимга ёмон кайфиятда чиқсам, ишламай қолаверади. Темир бўлсада уни тарс-турс ишлатиб бўлмайди. Силаб-сийпалаб яхши гапириб ишлатаман.

Кўзимиз бургут кўзидек ўткир бўлиши керак

Фаолиятим пастдаги қурилиш материалларини пастдан тепага, гоҳида тепадаги юкларни пастга туширишдан иборат. Кран атрофида 100 га яқин қурувчилар ишлаётган бўлади. Ҳар бирининг ҳаёти учун хавф туғдирмаган тарзда юкларни ташишим керак. Кўзимиз бургутнинг кўзидан ҳам ўткир бўлиши лозим. Юк озгина нотўғри илинган бўлса ҳам, тушиб кетиш эҳтимоли юқори.

Кимлар кран бошқара олади?

Кран ҳайдовчисининг соғлиги мустаҳкам бўлиши шарт!Юраги бақувват, кўз нури ўткир ва баландликдан қўрқмайдиган ва албатта қон босими юқори бўлмаган инсонлар ишлай олади. Соҳамизда керак бўладиган энг керакли жиҳатлардан яна бири сабр! Сабаби 1х1 кабинада 12 соатлаб ўтириб ишлашнинг ўзи бўлмайди. Шогирдлар чиқараман, аксарияти 2-3 ой ишлаб кетиб қолади. Кабинамизда ҳамма шароит бор. Қишда иситиш тизими,ёзда кондиционер ишлайди. Электр чойнакда сув қайнатиб, қаҳва дамлаб ичаман.

Кранда лифт бўлмайди

Ишга келишимиз билан ҳамшира кўригидан ўтиб, ҳимоя кийимларини кийиб тепага кўтариламиз. Кўпчилик мендан кранда лифт бўладими? деб сўрайди? (кулади) Қанийди, шундай бўлса деб жавоб қайтараман. Бир куни чарчаб, 100 метр баландликка чиқиб, энди кабинамни очаман десам, калит тушлик қилган жойимда қолиб кетибди. Яхшиям телефон бор. Пастдаги ҳамкасбларга айтдим, ярмигача олиб чиқиб беришди.

Кўчада тирбандликда машина ҳайдагандан кран бошқаришим осонроқ. Шаҳарда машинада ҳаракатланиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Тўлиқ суҳбатни томоша қилиш учун матн устига босинг.

Улашиш:

Бошқалар

24-октябр 2024, 09:29
1 216

Ишончнома тушунчаси, шакли ва уни расмийлаштириш тартиби

Ишончнома — бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.


27-октябр 2024, 06:15
1 079

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


27-октябр 2024, 04:36
984

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.


24-октябр 2024, 11:41
961

Иситиш мавсумида қандай оилаларга компенсация тўлаб берилади?

Иситиш мавсумида (ноябрь — февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга қуйидаги компенсация турлари тақдим этилади.