currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларМажбурий меҳнатми ёки ҳашар? Муҳим 5 саволга жавоб

Мажбурий меҳнатми ёки ҳашар? Муҳим 5 саволга жавоб

Ўзбекистон

calendar

18.09.2023

eye

1 665

Мажбурий меҳнатми ёки ҳашар? Муҳим 5 саволга жавоб

Дунёнинг деярли барча нуқтасида мажбурий меҳнат тақиқланган, аммо Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, жаҳон миқёсида 27 млндан ортиқ киши турли шаклдаги мажбурий меҳнатдан азият чекмоқда. Мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар сони бўйича Осиё ва Тинч океани минтақаси энг юқори ўринларда туради. Хўш, мажбурий меҳнат нима ва унинг қандай кўринишлари мавжуд? Қандай иш-ҳаракатлар мажбурий меҳнат ҳисобланадию, қандай ҳаракатлар ҳисобланмайди? Ҳашарда иштирок этиш мажбурийми? Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик бор? Hudud24.uz колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу ҳақда сўз юритади. [caption id="attachment_20618" align="aligncenter" width="975"] Фото: «ILO.org»[/caption]

  1. Мажбурий меҳнат нима?
Йигирма беш ёшдан юқори авлод орасида мажбурий меҳнатнинг турли кўринишларига жалб қилинмаган кишиларни топиш осон бўлмаса керак. Аксариятимиз у ёки бу кўринишда мажбурий меҳнатга жалб қилинганмиз. Масалан, эрта куздан ўқув йили бошланиши билан олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, ва ҳаттоки, мактаб ўқувчилари далаларга пахта йиғим-теримига жалб қилинар, ҳали ақлини таниб улгурмаган мактаб ўқувчиларидан мактабга металлом (металл чиқиндилари) ва макулатура (қоғоз чиқиндилари) топшириш талаб қилинар эди. Ҳар бир киши учун миқдор белгиланиб, уни топшира олмаганлар металл чиқиндилари ва макулатура ўрнига пул тўлаши лозим эди. Бу ўша пайтларда одатий ва табиий ҳолга айланган эди. Хўш, мажбурий меҳнат нима? Қонунчиликка кўра, бирор-бир киши жазо қўллаш билан қўрқитиб, бошқа кишига унинг ихтиёрига қарши равишда ҳар қандай ишни ёки хизматни қилдириши тушунилади. Жазо деганда кишини унинг иродасига қарши ишлатишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш билан таҳдид қилиш тушунилади. Масалан, иш ҳақини камайтириш (ёки ушлаб қолиш), лавозимини тушириш, иш шароитларини ёмонлаштириш ёки ишдан ҳайдаш билан қўрқитиш.
  1. Қандай ҳаракатлар мажбурий меҳнат ҳисобланади?
Мажбурий меҳнатнинг кенг тарқалган кўринишлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
  • пахта териш ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш;
  • ободонлаштириш ишларига жалб қилиш;
  • қурилиш, таъмирлаш ишларига жалб қилиш;
  • навбатчиликка жалб этиш;
  • иш вақтидан ташқари ортиқча ишлатиш;
  • металл чиқиндилари ва макулатура топширишга мажбурлаш.
Ҳеч кимга сир эмаски, пахта йиғим-терими яқин йилларга қадар меҳнатга мажбурий жалб этиш йўли билан амалга оширилар эди. Бунда нишонга, асосан, бюджет ташкилотлари, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари тушарди. Топширилиши лозим бўлган кунлик нормалар белгиланиб, ушбу миқдорда пахта тера олмаганлар жамоа олдида изза қилинар, буни истамаганлар эса ўз маблағлари ҳисобидан бошқалардан пахта сотиб олиб, «кунлик нормани ёпиш»ига тўғри келар эди. Бу сингари ҳолатлар халқаро ҳамжамият эътиборини тортмай қолмаган. Мисол учун, «Нега миллатлар муваффақиятсизликка учрайди: ҳокимият, фаровонлик ва қашшоқликнинг келиб чиқиши» асарида таниқли иқтисодчи ва сиёсатшунос олимлар Дарон Ажемўғлу ва Жеймс Робинсон шундай ёзади: «Пахта ғўзалари сентябр ойининг бошларида, айни ўзбек болалари ёзги таътилдан қайтадиган вақтда етилиб теримга тайёр бўларди. Маҳаллий ҳокимият органлари мактабларни буюртма бўйича пахта йиғим-теримига жалб қилиш учун фармон чиқар эди. Сентябр ойи бошларида мактаблар бўшаб қолар 2 млн 700 минг (2006 йилги маълумот) ўқувчи эса пахта далаларига юборилар эди. Ҳосил мавсуми икки ой давом этади. Қишлоқ жойидаги бола баъзан жўнатиладиган пахта даласи уйидан узоқда бўлмаса, ўзини омадли ҳис қилиши мумкин: у уйда тунаб, пиёда ёки автобусда теримга кетиши мумкин. Шаҳар болалари молхона ёки устахоналарда ускуналар ва ҳайвонлар билан бирга ухлашлари керак. Бу ерда ҳожатхона ҳам ошхона ҳам мавжуд эмас». [caption id="attachment_20619" align="alignnone" width="974"] Фото: «Kun.uz»[/caption] Аммо кўп ўтмай мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнатига бўлган муносабат ўзгарди. Шу жумладан, Ҳукуматнинг 2018 йилдаги 349-сон қарори билан фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчилар ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш қатъий тақиқланди. Шунингдек, мажбурий меҳнатга жалб қилиш учун маъмурий ва жиноий жазолар кучайтирилди.
  1. Қандай иш-ҳаракатлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди?
Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланган. Аммо қонунчиликда айрим турдаги иш-ҳаракатларга мажбурий меҳнат сифатида қаралмайди. Хусусан, меҳнат қонунчилигига кўра, қуйидаги иш ва ҳаракатлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:
  • ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташ билан боғлиқ ишлар;
  • бажарилишига фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этилиши сабаб бўладиган иш;
  • суд қарорларини ижро этиш учун қонуний кучга кирган қарори бўйича жазо сифатида бажариладиган иш.
Масалан, фуқаролар ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун муқобил хизматни ўташи мумкин. Шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан маҳкум ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилиниши мумкин. Маҳкум ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, мажбурий жамоат ишлари ишдан ёки ўқишдан бўш вақтда ўталади.
  1. Ҳашар мажбурийми?
Орамизда ҳашарда иштирок этмаган одамни топиш амри маҳол. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва ташкилотларда ташкил этилган ҳашарларда иштирок этаётган аксариятнинг хаёлидан, эҳтимол, шундай савол ўтади – ҳашар мажбурийми? Таъкидлаш лозимки, мажбурий меҳнатга жалб қилиш кўп ҳолатларда «ҳашар» номи остида содир этилиб, меҳнат ҳуқуқларининг чекланиши, ҳаёт ва соғлиққа шикаст етиши, баъзи ҳолларда эса ўлим билан якунланиши кузатилган. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, ўзбошимчалик билан ташкил этилаётган «ҳашар»ларга чек қўйиш мақсадида Ҳукуматнинг 2018 йилдаги 349-сон қарори қабул қилинган. Унга кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади. Аммо бунинг учун умумхалқ ҳашарини ўтказиш бўйича Президент ёки Ҳукуматнинг тегишли ҳужжати қабул қилиниши керак. Ҳашарлар доирасида фақатгина ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши мумкин. Бошқа барча турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш тақиқланади. Шунингдек, маҳаллаларда фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш учун ҳашарлар ташкил этилиши мумкин. Бунда ҳам асосий аҳолининг ихтиёрий иштироки ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, иштирокчиларнинг розилиги бўлган тақдирда ҳам қуйидаги жойларда ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланган:
  • автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар;
  • сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар;
  • қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари;
  • хавфли ишлаб чиқариш объектлари;
  • инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойлар.
Айтиш керакки, ҳашар ва мажбурий меҳнат орасидаги масофа бир қадам. Хусусан, ҳашарни ўтказиш тартибидан катта ёки кичиклигидан қатъий назар ҳар қандай чекиниш мажбурий меҳнат саналади, ҳаттоки у ташкилот ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида ўтказилган бўлса ҳам. Масалан, Наманганда ўқитувчиларни ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, икки ой давомида мажбурий ҳашар қилдирган мактаб директори жавобгарликка тортилган. [caption id="attachment_20616" align="alignnone" width="974"] Наманган вилояти Тўрақўрғон туман ХТБга қарашли 51-сонли умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ёзги таътилда мажбуран ариқ тозалашга жалб қилинган, 2022 йил июль. Фото: «t.me/muxbir1»[/caption]
  1. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш учун қандай жавобгарлик бор?
Мажбурий меҳнатни олдини олишдаги энг асосий йўналиш, шубҳасиз, бунинг учун жавобгарлик белгилаш ва унинг муқаррарлигини таъминлаш ҳисобланади. Хусусан, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган. Жумладан, мажбурий меҳнат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БМҲ) 100 бараваригача (33 млн сўм) маъмурий жарима ва 3 йилгача ахлоқ тузатиш кўринишидаги жиноий жазо қўлланилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мажмурий меҳнатдан энг жабр чеккан тоифа – педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун кучайтирилган маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш БМҲнинг 150 бараваригача (49,5 млн сўм) ва 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўринишидаги жиноий жазо қўлланилади.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 774

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 719

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 609

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 608

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: