Ҳуқуқ
05.03.2026
75

Меҳнат муносабатларида ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатлар қонун асосида тартибга солинади. Аммо амалиётда баъзан ходимнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин. Бундай ҳолларда ходим ўз ҳуқуқларини тиклаш учун турли усуллардан фойдаланиши мумкин. Шу усуллардан бири — ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиши ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ушбу масалага алоҳида эътибор берилган. Қонунга кўра, ходим ўз ҳуқуқлари бузилган ҳолларда мустақил равишда, яъни тегишли органларга мурожаат қилмасдан ҳам, айрим қонуний ҳаракатлар орқали ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бу норма ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тезкор ва самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
I. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиш тушунчаси
Меҳнат кодексининг 530-моддасига мувофиқ, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиши — бу ходимнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ёки уни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган мустақил қонуний ҳаракатларидир. Бунда ходим давлат органларига ёки меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларга мурожаат қилмасдан ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин. Шу билан бирга, агар зарур бўлса, у прокуратура органлари, Давлат меҳнат инспекцияси, судлар ёки меҳнат низолари бўйича комиссияларга ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши керак бўлган вақтдан бошлаб ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Масалан, иш ҳақи нотўғри ҳисоблангани, ишдан ноқонуний бўшатилгани ёки меҳнат шароити хавфли эканлиги аниқланган пайтдан бошлаб ходим бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, қонун ходимга ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳаракатларини исталган вақтда тўхтатиш ҳуқуқини ҳам беради. Яъни ходим бу жараённи ихтиёрий равишда бошлаши ва хоҳлаган вақтда тугатиши мумкин.
II. Ўзини ўзи ҳимоя қилиш шакллари
Меҳнат кодексининг 531-моддасида ходим ўзини ўзи ҳимоя қилишнинг асосий шакллари белгиланган. Унга кўра, ходим айрим ҳолатларда ишни бажаришдан бош тортиши мумкин. Масалан, агар иш ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф туғдирса, ходим бу ишни бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Бу меҳнатни муҳофаза қилиш тамойилларига асосланади. Шунингдек, ходим меҳнат шартномасида назарда тутилмаган ишни бажаришдан ҳам бош тортиши мумкин. Чунки меҳнат муносабатларида ходим фақат меҳнат шартномасида кўрсатилган вазифаларни бажариши керак. Иш берувчи эса ходимни шартномада белгиланмаган ишларга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Бундан ташқари, ходим қонунга хилоф бўлган ёки унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган ҳаракатларни бажаришдан ҳам бош тортиши мумкин. Масалан, бошқа шахсларни ҳақорат қилиш, ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш ёки хавфли ишларни бажариш талаб қилинса, ходим бу талабни рад этиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолларда ходим иш берувчини ёки ўзининг бевосита раҳбарини ёзма равишда хабардор қилиши керак. Муҳими, ходим ишни бажаришдан бош тортган даврда унинг асосий меҳнат ҳуқуқлари сақланиб қолади.
III. Иш берувчининг монелик қилмаслик мажбурияти
Меҳнат кодексининг 532-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига монелик қилмаслиги шарт. Бу дегани, иш берувчи ходимнинг қонуний равишда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас. Масалан, ходимнинг ёзма мурожаатларини қабул қилмаслик, унинг талабларини эътиборсиз қолдириш ёки босим ўтказиш монелик қилиш ҳисобланади. Шунингдек, ходим ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун таъқиб қилиниши мумкин эмас.
Таъқиб қилишга мисол сифатида ходимга ҳайфсан бериш, жарима қўллаш, мукофотдан маҳрум қилиш, иш шароитини ёмонлаштириш ёки ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиш каби ҳаракатларни келтириш мумкин.
Қонун бундай ҳолатларни меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолайди. Шу сабабли иш берувчи ходимнинг қонуний ҳуқуқларига ҳурмат билан қараши шарт.
IV. Ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилиш
Қонунчилик ходимга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини бериши билан бирга, бу ҳуқуқдан нотўғри фойдаланиш ҳолатларини ҳам чеклайди. Меҳнат кодексининг 533-моддасига кўра, ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Масалан, ходим меҳнат шартномасида белгиланган ишни билиб туриб бажаришдан бош тортса, бу ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳисобланади.
Шунингдек, агар ходим ишни бажаришдан бош тортса, лекин бу ҳақда иш берувчини хабардор қилмаса, бу ҳам қонунга зид ҳолат ҳисобланади. Бундан ташқари, ўзини ҳимоя қилишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин ҳам ходим ишни бажаришни рад этишда давом этса, бу ҳам ҳуқуқни суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланади. Бундай ҳолатларда ходим интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин. Масалан, унга ҳайфсан бериш, жарима қўллаш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш чоралари кўрилиши мумкин. Агар ходимнинг ҳаракатлари иш берувчига моддий зарар етказган бўлса, у ушбу зарарни қоплаши ҳам талаб қилиниши мумкин.
Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиши меҳнат муносабатларида муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Бу норма ходимга ўз ҳуқуқларини мустақил равишда ҳимоя қилиш имкониятини беради ва меҳнат муносабатларида адолатни таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқдан фойдаланишда қонун талабларига риоя қилиш муҳим. Ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат қонунчилигида белгиланган қоидаларга амал қилган тақдирда меҳнат муносабатлари барқарор ва адолатли тарзда ривожланади.
Мафтуна Қурбонова,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Автомобилни йўлнинг қатнов қисмида қанча вақт қолдириш мумкин?
Бироқ амалиётда йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юкларни ортиш ёки тушириш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек транспорт воситасининг техник носозлиги туфайли юзага келадиган мажбурий тўхташ ва тўхтаб туриш ҳолатлари ҳам кенг кўламда кузатилмоқда.