Ҳуқуқ
04.03.2026
39

Республиканинг айрим ҳудудларида мавжуд бўлган ўзига хос табиий-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни ҳудудий тартибга солишда бозор принципларини кенг жорий этиш, ёндашувларни бирхиллаштириш ҳамда ходимларни рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, алоҳида (ноқулай, зарарли ёки оғир) шароитларда ишловчи, бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлашда мажбурий қўшимча тўловлар ва устамалар назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 482-моддасига кўра, зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларнинг меҳнатига оширилган миқдорда ҳақ тўланади. Бундай шароитларда ишловчи ходимлар учун иш ҳақини оширишнинг энг кам миқдори нормал меҳнат шароитларидаги тариф ставкаси (маош)нинг камида 4 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 473-моддасида ноқулай меҳнат шароитларининг ҳуқуқий таърифи ва таснифи белгиланган. Унга кўра:
Зарарли меҳнат шароитлари — ходимга таъсири касб касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омиллари мавжудлиги билан тавсифланади.
Хавфли меҳнат шароитлари — ходимнинг жароҳатланишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар мавжудлиги билан белгиланади.
Ўта зарарли меҳнат шароитлари — касб касалликларининг оғир шаклларини (меҳнат қобилиятини йўқотиш) ёки сурункали касалликларнинг кескин кучайишини келтириб чиқарадиган даражадаги омиллар мавжудлиги билан тавсифланади.
Ўта хавфли меҳнат шароитлари — иш сменаси давомида ходим ҳаётига хавф туғдириши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин бўлган омиллар мавжудлиги билан изоҳланади.
Чўл ҳудудлари, баланд тоғли ва бориш қийин бўлган жойлар, шунингдек экологик вазияти оғир ҳудудлар ноқулай табиий-иқлим шароитли ҳудудлар ҳисобланади. Бундай ҳудудлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон қарори билан мулкчилик шаклидан қатъи назар ташкилотлар томонидан табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ҳамда ноқулай бўлган жойларда ишлаганлик учун туман коэффициентларини қўллаш ва йиллик қўшимча таътиллар бериш тартиби тасдиқланган. Мазкур қарор билан оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларига эга ҳудудлар рўйхати ҳам белгиланган.
Айрим ҳудудларда ишлаганлик учун иш ҳақига фоиз кўринишида устамалар белгиланади. Жумладан:
— Навоий вилоятининг Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарларида — 60 фоизгача;
— Томди ва Учқудуқ туманларида — 50 фоизгача;
— Кармана туманида — 20 фоизгача;
— Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида — 30 фоиз;
— Нукус шаҳрида — 10 фоиз;
— Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида — 50 фоиз миқдорида устамалар белгиланган.
Бироқ Солиқ кодексининг 373-моддасига мувофиқ, мазкур устамалар ҳисобланадиган иш ҳақининг энг юқори суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 1,41 баравари билан чекланади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 206-сон қарорига асосан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ҳамда Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасида жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга қўшимча устамалар жорий этилган. Унга кўра иш стажига қараб қуйидаги миқдорларда қўшимча ҳақ белгиланади:
— 3 йилгача стаж учун — лавозим маошининг 0,25 коэффициенти;
— 3 йилдан 5 йилгача — лавозим маошининг 0,5 коэффициенти;
— 5 йилдан ортиқ стаж учун — лавозим маошининг 0,75 коэффициенти.
Умуман олганда, меҳнат жараёнини ташкил этишда меҳнат шароитларининг хавфлилик даражаси, асбоб-ускуналарнинг жароҳат етказиш эҳтимоли, гигиеник мезон ва кўрсаткичлар, ноқулай табиий-иқлим шароитлари ҳамда ёшга доир чекловлар каби омиллар инобатга олинади. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ушбу омиллар алоҳида баҳоланади ва белгиланган тартибда таснифланади.
Беҳрўз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.