Ҳуқуқ
31.03.2026
642

Мерос ҳуқуқи – инсон вафотидан сўнг унга тегишли бўлган мол-мулк, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бошқа шахсларга ўтишини тартибга солувчи мураккаб тизимдир.
Мерос очилишининг асослари
Мерос шахс вафот этган куни ёки суд томонидан у вафот этган деб эълон қилинган кунда очилади. Мерос таркибига нафақат кўчмас ва кўчар мулклар (уй, машина, пул, қимматли қоғозлар), балки вафот этган шахсга (мерос қолдирувчига) тегишли бўлган мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлар (қарзлари) ҳам киради. Шуни йодда тутиш керакки, меросхўр меросни қабул қилса, унинг таркибидаги қарзларни ҳам (фақат ўзига ўтган мерос улуши миқдорида) қабул қилган ҳисобланади.
Ўзбекистонда ворисликнинг икки тури мавжуд:
- васият бўйича ворислик;
- қонун бўйича ворислик (агар васиятнома мавжуд бўлмаса).
Васият бўйича ворислик
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.
Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.
Агар васият қилувчи томонидан кейинги васиятнома ўз навбатида бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса, янги васиятнома тузиш орқали тўлалигича ёки қисман бекор қилинган олдинги васиятнома қайта тикланмайди.
Қонун бўйича ворислик
Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.
Фарзандликка олинганлар ва уларнинг авлодлари фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.
Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.
Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун бўйича меросхўрлик: Навбатлар тизими
Қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар: фарзандлар, эр (хотин) ва ота-она.
Иккинчи навбатдаги ворислар: туғишган ҳамда ота бир она бўлак ёки она бир ота бўлак ака-укалар ва опа-сингиллар, шунингдек бобоси ва бувиси.
Учинчи навбат: Туғишган амаки, тоға, амма ва холалар.
Тўртинчи навбат: Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Бешинчи навбат: Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар Фуқаролик кодексининг 1141-моддаси асосида мерос олмасалар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Меросни эгаллаш
Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.
Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Мероснинг тақсимласниши
Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.
Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.
Лобар Розимова,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.