Ўзбекистон
06.10.2025
210
Ҳар бир инсон ҳаётида давомида мол-мулк, уй-жой, ер участкаси, транспорт воситаси ва бошқа шу каби моддий бойликларга эгалик қилади, улардан фойдаланиб келади. Инсон вафот этгач эса бу моддий бойликлар унинг оила аъзоларига, қариндошларига ёки васиятномада бевосита кўрсатилган шахсларга мерос бўлиб ўтади. Демак, мерос деганда вафот этган шахснинг ўзидан кейин қолдирган моддий бойликлари назарда тутилади. Мерос иши ҳар бир шахс ва оила яхши билиши керак бўлган ҳуқуқий масалалардан бири ҳисобланади. Қуйида ушбу мавзуни кенг ва тушунарли асосларда ёритамиз.
Ўзбекистон қонунчилигига асосан, мерос икки хил, яъни қонун асосида ва васиятнома орқали олинади. Агар вафот этувчи томонидан мерэосга оид васиятнома мавжуд бўлмаса, мерос бўлиб қолаётган моддий бойликларнинг тақдири белгиланмаган бўлса, бу ҳолатда қонун бўйича ворислик ҳаракатлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-бўлими мерос масалаларига бағишланган. Унга кўра, мерос қолдирувчи вафот этиши ёки суд томонидан вафот этган деб топилилиши оқибатида мерос иши очилади. Вафот этган шахс охирги доимий яшаб турган жойи мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Мерос иши жараёнида энг кўп қилинадиган хатолар
Айрим ҳолларда фуқаролар мерос очилганидан сўнг нотариусга мурожаат қилишмайди. Қонунчиликка мувофиқ мерос очилганидан кейин 6 ой ичида нотариусга мурожаат қилиш керак бўлади. Чунки мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга мерос очилган кундан эътиборан 6 ой ўтганидан кейин мерэосга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
Иккинчидан, фарзандлар мерос масаласида оғзаки келишиб олишади. Лекин келажакда низо келиб чиқадиган бўлса бундай оғзаки келишувлар ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шу сабабли ҳам ҳар қандай келишувни нотариал тартибда расмийлаштириш лозим.
Яна бир ҳолат. Аксарият ҳолларда мерос ишига тегишли ҳужжатлар тўлиқ тартибга келтирилмаган бўлади. Бу эса мерэосни расмийлаштириш чўзилиб кетади. Уй-жой бўлса унга тегишли кадастр ҳужжатларини, шахсларни ўзига тегишли бўлган ҳужжатларни тартибга келтириб қўйиш ортиқча сансоларликларни олдини олади.
Вафот этган ота-онанинг қарзлари мерос бўладими?
Шу ўринда ян бир муҳим савол. Мерос ишида қарздорликлар ҳам инобатга олинадими? Жавобимиз эса ҳа, бу қонун талаби. Фуқаролик кодексининг 1113-моддаси биринчи қисмига асосан, мерос очилган пайтда мерэос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерэос таркибига киради. Мисол учун кредит масалаларида қарз олувчи вафот этса, ўлимдан кейин кредит ташкилотлари олдидаги барча мажбуриятлар марҳумнинг моддий бойликларини олган шахсга ўтади, яъни меросхўрларига. Агар меросхўрлардан қайсидир бири мерэосни олишни рад этса ва бу нотариал тасдиқланган бўлса, унда ушбу шахс қарзларни тўлашдан озод бўлади. Фуқаролик кодексининг 1156-моддасига кўра, меросхўрларнинг ҳар бири ўзларига мерэос асосида олган мол-мулки қиймати доирасида қарздорлар сифатида жавобгар бўлади.
Шу ўринда айтиш жоизки, қонунчилигимизда мерос бўлиб ўтмайдиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам белгилаб қўйилган. Булар мерос қолдирувчининг шахси билан боғлиқ бўлган- юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса, ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи, алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи, мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлардир.
Чет элда яшайдиган фарзандларнинг меросга оид ҳуқуқлари қандай?
Агар меросхўрлардан бири ёки бир нечтаси чет элда яшаб меросни қабул қилиш учун шахсан ўзи иштирок эта олмаса, ишончнома расмийлаштириш орқали ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини вакил орқали амалга ошириши мумкин. Бунда улар ҳам мерос очилган жойдаги бошқа меросхўрлар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ҳисобланади.
Бир уй бир нечта меросхўрга қолдирилаётган бўлса мерос қандай тақсимланади?
Агар уй бир нечта меросхўрлар ўртасида тақсимланаётган бўлса, агар васиятномада алоҳида тартиб кўрсатилмаган бўлса, қонунда белгиланган тартибда тақсимланади. Одатда биринчи навбатдаги меросхўрлар қонуний равишда уйнинг тенг улушларига эга бўлишади. Демак, қандай ишлар амалга оширилади: биринчи навбатда васиятнома бор ёки йўқ эканлиги аниқлаштирилади. Агар васиятнома бўлса, ҳаракатлар шу асосда амалга оширилади. Бундай вазиятда уйни умумий мулк қилиб сақлаш масаласи ёки уни сотиш йўли билан тегишли пул суммасини улушларни тақсимлаш масаласи ҳал қилиниши мумкин.
Мерос мулкини тақсимлашда барча учун энг тўғри ечим бу албатта меросхўрларнинг ўзаро келишганликлари ҳисобланади. Аммо аксарият ҳолларда бундай масалалар қариндошлар ўртасида низоли кўринишда юзага келади ва бунга уларнинг амалдаги қонун нормаларини билмасликлари, бир-бирларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилмасликлари сабаб бўлади.
Энг муҳими бу жараённи оғзаки келишувлар билан эмас, балки нотариал тартибда расмийлаштириш ва зарур бўлса мутахассис билан маслаҳатлашиш. Шу йўл билан мерос ишлари адолатли ҳал қилинади ва оилавий тинчлик таъминланади.
Адҳамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ҳодими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай тоифа шахсларга санатория учун бепул йўлланма берилади?
Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган оила аъзоларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Қимматли қоғозлар бозори: қарорларнинг бажарилиши ва уларга нисбатан шикоят қилиш тартиби
Қимматли қоғозлар бозори – бу акциялар, облигациялар каби қимматли ҳужжатлар чиқариладиган ва муомалада бўладиган жой.
Касаначининг меҳнатига ҳақ тўлаш
Касаначининг меҳнатига ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилаётганда ёки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган мунтазам вақт оралиғида ҳақ тўланиши керак.
1 октябрдан нималар ўзгаради?
Скутер ва мопед ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади.