currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларМиянинг бор-йўғи 10 фоизидан фойдаланамизми? Қолган 90 фоизи-чи?

Миянинг бор-йўғи 10 фоизидан фойдаланамизми? Қолган 90 фоизи-чи?

Life Style

calendar

31.10.2026

eye

20

Миянинг бор-йўғи 10 фоизидан фойдаланамизми? Қолган 90 фоизи-чи?

Баъзида мия тўлиқ куч билан ишламаётгандек туюлади: эрталаб топшириқлар осон ҳал бўлади, кечга бориб эса фикрлаш қийинлашади. Шунда беихтиёр машҳур жумла ёдга тушади: “Инсон ўз миясининг атиги 10 фоизидан фойдаланади”. Хўш, агар қолган 90 фоизи ҳақиқатан ҳам бекор турган бўлса ва уларни қандайдир йўл билан “ёқиш” мумкин бўлса-чи? Жуда жозибали эшитилади. Аммо бу ҳақиқат бўлганида, шифокорлар аллақачон бир жуда ғалати ҳолатни пайқашган бўлишарди.

Мия суратларида ҳеч қандай “мудраётган” 90 фоиз кўринмайди


Замонавий тадқиқот усуллари сўзлашув, мутолаа ёки ҳаракат пайтида миянинг қайси соҳалари фаолроқ эканини кўриш имконини беради. Натижалар эса бир маъноли: инсон миясининг деярли барча қисмларидан фойдаланади, шунчаки бир вақтнинг ўзида эмас.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, фанга маълум бўлган, умуман кераксиз ва ҳеч қачон ишламайдиган улкан мия майдонлари мавжуд эмас.
Бунинг янада яққолроқ исботи бор: миянинг ҳатто кичик бир қисми шикастланиши ҳам оғир оқибатларга – нутқ, хотира, ҳаракат ёки кўриш қобилиятининг бузилишига олиб келиши мумкин. Агар 90% мия ҳақиқатан ҳам ҳаракатсиз бўлганида, бундай муаммолар жуда камдан-кам кузатилган бўларди.


Барча нейронларни бир вақтда ишга тушириш шарт эмас
Асосий чалкашлик айнан шу ерда яширинган. Биз миянинг ҳамма қисмидан фойдаланамиз дейилганда, унинг ҳар бир ҳужайраси тўхтовсиз ва максимал даражада ишлаши кераклиги назарда тутилмайди. Оркестрни тасаввур қилинг: созандалар ҳамма партияларни бир вақтда чалишмайди, балки керакли дақиқада тўғри келиб қўшилишади. Миянинг турли соҳалари ҳам тахминан шундай ўзаро таъсир қилади. Баъзи қисмлар ахборотни фаол қайта ишлаётган бир пайтда, бошқалари ўз вазифалари билан банд бўлади ёки вақтинча камроқ фаоллик кўрсатади. Барча нейронларнинг бир вақтдаги максимал фаоллиги инсонни донороқ қилиб қўймаган бўларди. Миянинг нормал ишлаши учун сигналларнинг миқдори эмас, балки уларнинг уйғунлиги (мувофиқлиги) муҳимдир.
Шу сабабли, қўшимча 90 фоизни ишга туширадиган ва фавқулодда қобилиятлар бахш этадиган ҳеч қандай “сирли тугма” мавжуд эмас.


Ҳатто уйқуда ҳам мия фаол ишлашда давом этади
Яна бир ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли факт: мия катта ёшдаги инсон тана вазнининг тахминан 2 фоизини ташкил қилади, аммо сокинлик (дам олиш) ҳолатида организмдаги жами энергиянинг қарийб 20 фоизини истеъмол қилади. Бундай маълумотларни BrainFacts илмий-оммабоп портали келтиради.
Оғир ақлий меҳнат миянинг энергия сарфини ўйлаганимизчалик кескин ошириб юбормайди. Сиз шунчаки диванда ётганингизда ҳам у организмни бошқаришда ва ахборотни қайта ёртишда давом этаверади.
Тунги вақтда ҳам иш тўхтамайди. Уйқуда мия хотираларни мустаҳкамлашда ва тушларнинг ажойиб сюжетларини яратишда иштирок этади. Шунга кўра, уйқу – инсон учун ҳордиқ, аммо миянинг ўчиб қолиши эмас.


Бу 10 фоиз ҳақидаги гап қаердан пайдо бўлган?
Энг қизиғи, бу рақамнинг аниқ келиб чиқиш манбаи ҳанузча номаълум. Версиялардан бири уни асаб ҳужайралари иши ҳақидаги эскирган тасаввурлар билан боғласа, бошқаси – XX асрнинг биринчи ярмида оммалашган яширин инсоний имкониятлар ҳақидаги ғояларга бориб тақалади.
Вақт ўтиши билан бу таъкид шахсий ривожланишга оид китобларга, реклама ва кинога кўчиб ўтди. Айниқса, “Люси” фильми жуда машҳур бўлиб, унда бош қаҳрамон аста-секин миянинг 100% имкониятига эга бўлади ва ақл жунбушга келадиган қобилиятларни қўлга киритади.

Гўзал ғоя илмий фактларга қараганда анча жозибали ва яшовчан бўлиб чиқди. Бу ҳайратланарли эмас: ичида ҳали очилмаган улкан имкониятлар манбаи яширинганига ким ҳам ишонишни хоҳламайди дейсиз?


Мия ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли нарсаларга қодир


Оғир тутқаноқ (эпилепсия) хасталигига чалинган болаларда мия ярим шарларидан бири жарроҳлик йўли билан олиб ташланган ёки ўчирилган тиббий ҳолатлар мавжуд. Ва бундай операциядан сўнг баъзи болалар йўқотилган функцияларнинг бир қисмини қайта тиклай олишган.
Аммо бу кераксиз майдонлар мавжудлигининг исботи эмас. Кузатувлар шуни кўрсатадики, бундай операциялар кўпинча жиддий бузилишлар билан кечади.

Гап бошқа ёқда: мия ўз алоқаларини қайта қуриш ва вазифаларни қисман қайта тақсимлаш хусусиятига эга. Бу қобилият нейропластиклик деб аталади. Айнан шу хусусият туфайли биз янги нарсаларни ўрганамиз, кўникмалар ҳосил қиламиз ва баъзи ҳолларда жароҳатлардан сўнг қайта тикланамиз.


Мияни афсонавий 90 фоизсиз ҳам ривожлантириш мумкин
Яхши хабар шундаки, хотира, диққат ва ўрганиш қобилиятини ҳақиқатан ҳам яхшилаш мумкин. Фақат бунинг учун аллақандай яширин ҳудудларни “уйғотиш” талаб этилмайди.

Янги кўникмаларни эгаллаш, етарлича ухлаш, мунтазам ҳаракатда бўлиш ва диққатни бир жойга жамлаб ишлаш учун ўзингизга вақт ажратиш фойдалидир. Масалан, жисмоний фаоллик хотира ва бошқа ақлий қобилиятларни бир маромда ушлаб туришга ёрдам беради.
Аммо ҳамма нарсага бир вақтда улгуришга уриниш (кўп вазифалик) кўпинча қарама-қарши натижа беради: у маҳсулдорликни пасайтиради ва диққатни жамлашга халақит беради.

 

М. Шамбаев тайёрлади

Улашиш: