Life Style
04.06.2026
20

Бозор иқтисодиёти ривожланиши ва мулкий муносабатларнинг трансформациялашуви даврида ўзганинг мол-мулкидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқий институтлар фуқаролик муносабатларининг энг фаол қисмига айланди. Бу борада мулкдор ва мулкдан фойдаланувчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий иқтисодий ва ҳуқуқий мезон — бу мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тизимидир.
Мазкур институт Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида ижара (мулк ижараси), лизинг, ссуда ва сервитут каби шартномавий мажбуриятлар орқали мустаҳкамланган бўлиб, у тарафларнинг иқтисодий манфаатлари мувозанатини таъминлашга хизмат қилади. Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, муддатлари ва шаклларини тўғри белгилаш нафақат шартномавий интизомни мустаҳкамлайди, балки мулкий низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш ва мулкий ҳуқуқларни кафолатлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартибини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани ва уларни амалиётда қўллаш механизмларини давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурати туғилмоқда. Хусусан, ҳақ тўлаш мажбуриятини бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари, ижара ҳақи миқдорини бир томонлама ўзгартириш билан боғлиқ низоли вазиятлар тизимли таҳлилни талаб этади.
Ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шарт.
Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва муддатлари мулк ижараси шартномаси билан белгиланади. Булар шартномада белгиланмаган ҳолларда одатда худди шундай мол-мулкни ўхшаш ҳолатларда ижарага беришда қўлланиладиган тартиб, шартлар ва муддатлар белгиланган деб ҳисобланади.
Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ ижарага олинган барча мол-мулк учун яхлит ҳолда ёки унинг ҳар бир таркибий қисми учун алоҳида-алоҳида ҳолда қуйидаги кўринишларда белгиланади:
— вақти-вақти билан ёки бир йўла тўланадиган қатъий суммада белгиланган тўловлар тариқасида;
— ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган маҳсулот, мевалар ёки даромадларнинг белгиланган улуши тариқасида;
— ижарага олувчи томонидан кўрсатиладиган маълум хизматлар тариқасида;
— ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига шартномада келишилган ашёни мулк қилиб ёки ижарага топшириш тариқасида;
— ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш бўйича шартномада келишилган харажатларни ижарага олувчи зиммасига юклаш тариқасида.
Тарафлар мулк ижараси шартномасида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ҳақ шаклларини аралаш амалга оширишни ёки ҳақ тўлашнинг бошқа шаклларини назарда тутишлари мумкин.
Агар мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори шартномада белгиланган муддатларда, бироқ бир йилда кўпи билан бир марта тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин. Қонунчиликда мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек айрим мол-мулк турларининг ижараси учун ҳақ миқдорини қайта кўриб чиқишнинг бошқача энг кам муддатлари назарда тутилиши мумкин.
Агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ўзи жавобгар бўлмаган ҳолатларга кўра, шартномада назарда тутилган фойдаланиш шартлари ёки мол-мулкнинг ҳолати жиддий ёмонлашган бўлса, у мол-мулкдан фойдаланганлик учун ижара ҳақини тегишли равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақли.
Бекжон Исмоилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тартиби қандай?
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин.