Life Style
25.07.2025
64
Бугунги глобаллашув ва рақамли технологиялар даврида фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратади. Бу борадаги асосий қонун Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 20 июлдаги “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-42-сон) ҳисобланади. Қуйида ушбу қонунга асосланиб, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид 7 та муҳим саволга қисқа ва аниқ жавоблар берилади.
1. Муаллифлик ҳуқуқи нима ва у қандай объектларга нисбатан амал қилади?
Муаллифлик ҳуқуқи – бу инсоннинг ижодий фаолияти натижаси бўлган фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан юзага келадиган мутлақ ҳуқуқдир. Бу ҳуқуқ асарнинг мақсади, қадр-қиммати ва ифодаланиш усулидан қатъи назар қўлланади. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, унинг объектлари жумласига адабий асарлар, драма ва сценарий асарлари, мусиқа асарлари, аудиовизуал асарлар, тасвирий санъат асарлари, ЭҲМ учун дастурлар ва бошқа ижодий ишлар киради. Муҳими, ҳуқуқ ғояларга эмас, балки уларнинг ифода шаклига берилади.
2. Муаллифлик ҳуқуқи қандай юзага келади ва уни рўйхатдан ўтказиш шартми?
Муаллифлик ҳуқуқи асар яратилган пайтдан бошлаб автоматик равишда юзага келади. Уни рўйхатдан ўтказиш ёки бошқа расмиятчиликларга риоя этиш талаб қилинмайди (“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун 10-моддаси). Аммо, муаллиф ўз хоҳишига кўра, асарни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк марказида расмий рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бу рўйхатга олиш ҳуқуқнинг пайдо бўлишига эмас, балки унинг мавжудлигини расмий тасдиқлаш ва низоларда далил сифатида хизмат қилиш учун муҳимдир. Бундай рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқнинг пайдо бўлишига эмас, балки унинг мавжудлигини расмий тасдиқлаш учун хизмат қилади. Масалан, келажакда асардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари юзага келганда, рўйхатдан ўтказиш сертификати ҳуқуқ эгасининг даъволарини исботлашда муҳим далил бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисидан (©) фойдаланиш ҳам ҳуқуқ эгасининг ўз ҳуқуқларидан хабардор қилишини англатади.
Муаллифнинг асардан фойдаланишга доир мутлақ мулкий ҳуқуқлари (“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида белгиланган ҳуқуқлар) одатда фақат муаллифлик шартномасини тузиш орқали бошқа шахсга ўтказилиши мумкин (Қонуннинг 38-моддаси). Бу шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт. Шартномада қуйидаги муҳим шартлар кўрсатилиши лозим:
— Асардан фойдаланиш усуллари, яъни, шартнома асосида айнан қайси ҳуқуқлар (масалан, такрорлаш, тарқатиш, омма олдида ижро этиш) бошқа шахсга ўтказилаётгани аниқ кўрсатилади. Шартномада бевосита назарда тутилмаган ҳуқуқлар ўтказилмаган ҳисобланади.
— Ҳар бир фойдаланиш усули учун ҳақ миқдори, уни белгилаш тартиби, тўлаш муддатлари ва тартиби аниқ кўрсатилиши керак. Ҳақ асардан олинадиган даромаддан фоиз тарзида ёки қатъий суммада белгиланиши мумкин.
— Агар муддат кўрсатилмаган бўлса, шартнома тузилган санадан беш йил ўтгач, муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин.
— Агар асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси кўрсатилмаган бўлса, бу ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.
4. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати қанча ва у мерос бўйича ўтадими?
Муаллифлик ҳуқуқи, одатда, муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин етмиш йил давомида амал қилади. Ҳаммуаллифликда яратилган асарлар учун муддат ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин ҳисобланади. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари мерос бўйича ўтади, аммо шахсий номулкий ҳуқуқлари мерос бўйича ўтмасада, меросхўрлар уларни ҳимоя қилишга ҳақлидирлар (“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддаси).
“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасида белгиланганидек, муаллифлик ҳуқуқларини чеклашга фақат Қонуннинг 25 – 33-моддаларида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Бу ҳоллар асардан нормал фойдаланилишига асоссиз зарар етказмаслиги ва муаллифнинг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаслиги шарти билан амал қилади.
Асосий ҳолатлар қуйидагилар:
— Шахсий мақсадларда такрорлаш: Ошкор қилинган асарни шахсий фойдаланиш учун такрорлашга рухсат берилади, аммо архитектура асарлари, маълумотлар базалари, ЭҲМ дастурлари, китоблар ва нотали матнларни тўлиқ такрорлаш бундан мустасно.
— Илмий, тадқиқий ва ахборот мақсадларида фойдаланиш: Ошкор қилинган асарлардан иқтибос олиш, таълим ва ўқув нашрларида мисоллар сифатида фойдаланиш, шунингдек кундалик янгиликларга оид материалларни такрорлашга муаллифнинг исми-шарифи ва манбаси кўрсатилган ҳолда рухсат берилади. Ахборот-кутубхона муассасалари томонидан асарларни вақтинчалик фойдаланишга бериш ҳам шу жумладан.
— Репрографик такрорлаш: Дарoмад олишни кўзламаган ҳолда, кутубхоналар, архивлар ва таълим муассасалари томонидан маʼлум мақсадларда асарларни бир нусхада такрорлаш.
— Оммавий жойлашган асарлардан фойдаланиш: Ҳамма бемалол бора оладиган жойларда доимий жойлашган архитектура, фотография, тасвирий санъат асарларини такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юборишга рухсат берилади (агар асарнинг тасвири асосий объект бўлмаса ёки тижорат мақсадларида фойдаланилмаса).
— Расмий, диний ва дафн маросимларида ижро этиш: Бундай маросимларда мусиқа асарларидан эркин фойдаланишга йўл қўйилади.
6. Контрафакт нусхалар нима ва уларга қарши қандай чоралар кўрилади?
Контрафакт нусхалар – бу муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда такрорланган ёки тарқатилган асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларидир (“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 62-моддаси). Шунингдек, асарларни ва турдош ҳуқуқлар объектларини ҳимоя қилиш тўхтатилган ёки ҳеч қачон ҳимоя қилинмаган давлатлардан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз импорт қилинадиган нусхалар ҳам контрафакт ҳисобланади.
Бундай нусхаларга қарши курашиш учун қонунчиликда қатъий чоралар белгиланган:
— Маъмурий ва жиноий жавобгарлик: Контрафакт нусхаларни тайёрлаш ва тарқатиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ёки Жиноят кодекси бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.
— Мусодара қилиш: Контрафакт нусхалар, шунингдек уларни тайёрлаш ва такрорлашда фойдаланилган материаллар ва асбоб-ускуналар суд тартибида мусодара қилинади (Қонуннинг 66-моддаси).
— Мусодара қилинган контрафакт нусхалар йўқ қилиниши керак, фақатгина ҳуқуқ эгасининг илтимосига биноан унга топшириш ҳоллари бундан мустасно.
7. Турдош ҳуқуқлар қанча муддат амал қилади?
Ижрочининг ҳуқуқлари ижро биринчи марта амалга оширилганидан кейин эллик йил мобайнида амал қилади (“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 54-моддаси). Ижрочининг исми-шарифга бўлган ҳамда ижрони бузиб кўрсатилишдан ҳимоя қилиш ҳуқуқлари эса муддатсиз муҳофаза қилинади.
Фонограмма тайёрловчининг ҳуқуқлари фонограмма биринчи марта чоп этилганидан кейин эллик йил мобайнида амал қилади.
Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари кўрсатув ёки эшиттириш биринчи марта эфирга узатилганидан ёки кабель орқали юборилганидан кейин эллик йил мобайнида амал қилади.
Аманбаев Алишер,
«Адолат» МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.
Декрет пули декретдан декретга уланса неча фоиз тўлаб берилади?
Декрет пули бу аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ таътили вақтида оладиган нафақа пули.