currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларМуҳитдинова Ҳалима - букилмас ирода ва адолат ифодаси

Муҳитдинова Ҳалима - букилмас ирода ва адолат ифодаси

Life Style

calendar

30.07.2026

eye

22

Муҳитдинова Ҳалима - букилмас ирода ва адолат ифодаси

Ҳар бир давр ва соҳанинг ўз маёқлари, келажак авлод йўлини ёритувчи дарғалари бўлади. Суд-ҳуқуқ тизимида ҳалоллик, виждон ва адолатнинг этагидан маҳкам тутиб, ўзбек ҳуқуқшунос аёллари орасида ўчмас из қолдирган Ҳалима Кадировна Муҳиддинова ана шундай бетакрор сиймолардан биридир.

Бугун Янги Ўзбекистонда адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган бир пайтда, Ҳалима Муҳиддинованинг ҳаёт йўли ва бой мероси замондошларимиз, хусусан, тизимга эндигина қадам қўяётган ёш судьялар ҳамда юристлар учун чинакам ибрат, жасорат ва касбий фидойилик мактабидир.

Бу мактаб шунчаки назарий-ҳуқуқий билимлар йиғиндиси эмас, балки амалда исботланган букилмас ирода ва адолатга бўлган мустаҳкам эътиқод ифодасидир.

Ҳалима Муҳитдинова 1916 йилда Наманганнинг Ястепа қишлоғида дунёга келган. Бу матонатли ИНСОНнинг ҳаёт йўли доимий интилиш ва машаққатли меҳнатдан иборат бўлди.

Унинг ишига бўлган виждоний муносабати ва юқори ташкилотчилик салоҳияти тезда раҳбарият эътиборини тортди. Мансаб пиллапояларидан кўтарилиш Ҳалима опа учун ҳеч қачон ўз-ўзидан ёки таниш-билишчилик орқали содир бўлмаган. У киши ҳар бир вазифага ҳалол меҳнати ва бенуқсон обрўси билан эришади.

1942 йилда ўзининг юксак салоҳияти ва қонунга бўлган садоқати туфайли Наманган вилоят прокуратурасининг суд назорати бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Кейин эса Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир, кунларида Ҳалима Муҳитдиновани Тошкентга чақиришади.

Марказқўмнинг тегишли қарори билан Ўзбекистон Министрлар Совети қошидаги фронтга кетганларнинг оилаларини моддий ва маиший томондан давлат таъминоти билан таъминлаш бош бошқармасининг бошлиғи ҳамда Министрлар Совети раисининг ўринбосари лавозимига тайинланади. Масъулият юки нечоғлик оғир бўлмасин, у бу вазифани ҳам шараф билан уддалайди.

1944 йил – урушнинг энг оғир даврида Жиззах вилоятининг чекка қишлоқларида хавфли энцефалит эпидемияси авж олиб, кунига юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритади. Офатга қарши кураш комиссияси раҳбари этиб тайинланган Ҳалима Муҳитдинова ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, эпидемия ўчоғига шахсан етиб боради. У беморлар ётган хонадонларга бирма-бир кириб, вазиятни ўз кўзи билан ўрганади ва зудлик билан кескин чоралар кўришга киришади. Унинг юксак ташкилотчилиги сабабли марказ ва пойтахтдан энг тажрибали академик ва шифокорлар зудлик билан сафарбар этилади. Қишлоқларга узлуксиз озиқ-овқат, кийим-кечак ва дори-дармон етказиб берилади, чин етим қолган болалар эса мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги қариндошларининг уйларига жойлаштирилиб, ҳаёти сақлаб қолинади. Фидойи меҳнат эвазига ўн минглаб ватандошларимиз омон қолади.

Масъулиятли йилларда у киши турли сиёсий босимларга, “юқоридан” бўлган ноқонуний кўрсатмаларга кўп дуч келади. Бироқ ҳеч қандай мансаб, пўписа ёки манфаат уни ўз эътиқоди ва қонун талабидан чеклантира олмайди.

Суд-ҳуқуқ тизимига эндигина қадам қўяётган ҳар бир ёш юрист Ҳалима опанинг ушбу ибратли сўзларини доимо ёдида сақлаши лозим:

Олий суддаги фаолиятимда тинчлик беришмади — қиласан, бажарасан деб. Лекин, бирорта топшириқ менинг принципимга, қонун талабига зид бўлса, ҳеч қачон бажармадим. Мен пора олмадим, нопок йўлга кирмадим. Ҳар бир кишида ирода бўлиши керак экан. Шу принципларимдан ҳозиргача ўзим мағрурланиб юраман.

 Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёт йўли ва қолдирган бой мероси шуни кўрсатадики, ҳақиқий инсон ва адолат посбони бўлган судьянинг энг катта бойлиги — бу унинг пок виждони, букилмас иродаси ҳамда қонун ва адолатга бўлган сўнмас садоқатидир.

У кишининг ҳар бир босган қадами, ҳатто энг оғир синовли ва босимли дамларда ҳам ўз принципларига содиқ қолгани, мансаб ва манфаатдан адолатни устун қўйгани бугунги ва эртанги авлод учун ҳақиқий ибрат мактабидир.

Синмас ирода ва юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган бундай фидойи шахслар ҳаёти ҳар бир ёш мутахассис ва судья учун касбий бурчни ҳалол бажаришда, ор-номус ва виждонни ҳамма нарсадан устун қўйишда ўчмас маёқ бўлиб хизмат қилиши муқаррардир.

 

Ўткиржон Джумаев,
Сирдарё вилоят судининг судьяси

Улашиш: