Ўзбекистон
07.03.2026
47

Ҳар бир давлатнинг Бош қонунида инсон ва унинг орзу-умидлари акс этади. Мамлакатимизнинг Асосий қонуни ҳам халқнинг, миллатнинг иродасини ифода этганлиги, унинг ҳар бир сатри инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилганлиги эътиборга лойиқ. Конституциямизнинг яна бир муҳим жиҳати қадриятларимиз билан муштараклигида, ўлмас анъаналаримиз ғояларига садоқатдадир. Аммо ана шу содиқликнинг мажбуриятларини барча бирдек ҳис этяптими, деган ҳақли саволга кўп бора дуч келамиз. Бу саволга жавоблар бобидаги айрим оғриқли манзараларни яшириш эса қийин.
Ҳаётимизга, тириклигимизга бевосита дахлдорлиги учун қонунларимизга бефарқ бўлолмаймиз. Конституциямизнинг қуйида мулоҳаза юритмоқчи бўлган 2 та моддасида эса ҳаёт ва тирикликнинг нафасини кўпроқ ҳис этамиз. Биринчиси – Бош Қомусимизнинг 62-моддаси, иккинчиси – 80-модда.
Қонун бошқа, ҳаёт бошқа-ми?!
Инсон табиатнинг бир бўлаги. Бизни ўраб турган Коинот, бизга куч бераётган, бизни кўтариб турган она Заминга муносабатимиз қай даражада? Табиат олдидаги бурч ва мажбуриятларимиз Конституциямизнинг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” дея акс этган.
Ҳа, мажбур... Аммо айрим фуқаролар, тўғрироғи, амалдорлар бу моддани аллақачон ўтинга айлантириб улгуришди. Вазият шу қадар оғир асоратларга олиб келганлигини узоқдан бошлайдиган бўлсак, биргина Орол денгизининг қуриш фожиасини эслаш кифоя. Ҳар куни дарахт кесиш, мевали ва манзарали боғлар ўрнига бинолар қуриш, бойлик орттиришга муккасидан кетиш қачонгача давом этади? Буларнинг соғлиғимизга етказаётган зарари-чи? Кейинги вақтларда ҳатто ўсмирларда ҳам турли онкологик хасталикларнинг кўпайиши, аллергик ва ички касалликларнинг камаймаётганлиги, чақалоқларнинг турли юрак хасталиги ва нафас етишмовчиликлари билан дунёга келаётганлиги, албатта, табиатга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик оқибати эканлигини негадир тан олгимиз келмайди.
Дарахтларнинг тили йўқ...
“Дарахт экиш хайр-эҳсон (садақа) саналади ва экувчи ундан фойда кўрган барча кишилардан дуо олади”, дейилади Ҳадиси шарифда. Нурли фикр. Ота-бобларимиз амал қилган ҳаёт ҳақиқати.
Аммо... Биз ҳозир шундай халқмизки, борини барбод қилиб, кейин изидан ўзимизни оқлаш, хатоларни тузатиш (тузатиб бўлмаслигини билсак-да) учун ялтироқ лойиҳалар, турли тадбирларни ўйлаб топиш йўлига ўтдик. Иллатни яширишга устамиз. Кейинги йилларда қанча дарахт кесилгани-ю, йўқ қилингани тўғрисида ҳеч кимда аниқ маълумот йўқ. Мабодо, бўлса ҳам ҳақиқатдан узоқ. Аммо ҳар йили миллионлаб дарахт кўчатларини экиш билан гўёки кечаги гуноҳларимизни “юваётган”декмиз. Бу дарахтларнинг қанчаси яшаб кетиши ҳақида эса сохта маълумотлардан бошқа нарсани топа олмайсиз. Чунки ўтган йили кўчат экилган худди шу майдонларга бу йил ҳам, кейинги йили ҳам кўкармайдиган кўчатлар экилаверади... “Яшил макон” умуммиллий платформасини ҳам кўзбўямачиликка айлантиришди. Ҳатто қақраган сувсиз ерларга ҳам номига дарахт экиб, эсдаликка суратга тушиш билан бу йилги саҳна ёпилиши қайси мажбуриятга киради ўзи?
Яна бир муаммо: иқлим шароитимизга мос келмайдиган қимматбаҳо дарахт ва гул кўчатларини экишдан мақсад юртимизни гуллатиш орзусими ёки айрим чўнтакларни пулга тўлдириш қайғусими? Экоолимнинг “Бир донаси 500 ҳатто 1000 АҚШ долларига бошқа давлатлардан олиб келинган дарахтлар бизда яшаб кета олмаслигини била туриб... шу ишга қўл уришнинг ўзи хиёнатнинг бир тури эмасми?”, дея ёзғиришида ҳам жон бор. Гулнинг ҳам ўз фасли, ўз Ватани бор. Қировли аччиқ совуқ кунларда экилган гулларнинг пули-ку майли, уволидан қўрқмаймизми?
Гуллаган дарахтни кесиш ҳомиладор аёлни ўлдириш билан баробар, деган ақида бор. Бу манзарани кўз олдингизга келтиришнинг ўзи даҳшат! Афсуски, дарахт кесиш трендга айланди. Ҳатто дарахтларни кесишга мораторий эълон қилингандан кейин ҳам қанча-қанча дарахтлар нобуд қилинди. Дарахтларнинг эса тили йўқ!
Мевали дарахтларни ер билан яксон қилиб, виждони қилт этмайдиган, оҳуни отиб ҳузур қиладиган, бўрининг терисини шилиб гердаядиган, ҳали кўзи очилмаган болаларини чирқиллатиб, беозор она итни отиб ташлайдиган бешафқат кимсалар биздан бошқа яна қаерда бор?
Қадриятларимиздан, наҳотки, воз кечаётган бўлсак?
Бош қомусимизнинг яна бир, яъни 80-моддасида муҳрлаб қўйилган “Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деган жумлаларда ҳаётимиз ақидалари, тоат- ибодатларимиз, иймон ва инсофимиз, эътиқодимиз, ўлмас қадриятларимиз, энг аввало, ота-онамизга ҳурматимиз, меҳримиз ўз ифодасини топган. Бу қонунларимизда ҳам акс этган. Аммо ҳали бирорта ота-онанинг суд идораларига келиб ўз фарзандидан шикоят қилганини, ҳолидан хабар олмаганидан нолиб, ўғли ёки қизини жавобгарликка тортишларини сўраб ариза берганини кўрмадик.
“Суюнчи” фильмида Анзират хола тенгдоши Ҳожимуроднинг ўғлига нима учун касалхонага отасини кўргани бормагани, отаси пиёласи йўқлигидан стаканда чой ичаётганини айтиб, танбеҳ бериб уялтирган лавҳаси бор. Орадан вақт ўтиб, ўғли билан касалхонадан қайтаётган Ҳожимурод кўчада Анзират холани кўриб қолиб, “Анзират, ўғлимни бекорга хафа қилибсан, ўғлим жуда яхши. Мана менга шифохонада ётганимда ҳатто чойнак-пиёла олиб бориб берди”, деган сўзлари ёдингизга тушгандир. Бизда ҳозир боласидан рўшнолик кўрмаган, касалхоналарда унутилган, меҳрга зор Ҳожимуродлар кўп, аммо бемеҳр фарзандларни тартибга, инсофга чақирадиган Анзират бувилар йўқ.
Шунинг учун ҳам кексалар “ўз уйи – ўлан тўшаги”да эмас, мамлакатимизнинг турли нуқталаридаги “Мурувват” ва “Саховат” уйларида, уруш ва меҳнат фахрийлари учун ташкил этилган пансионатларда яшашга маҳкум. Бу муассасаларда минглаб якка - ёлғиз кексалар (аслида улар ёлғиз эмас, ё ўғли ёки қизи бор) деразага маҳзун боқиб, ўтган умрини армон ва ўкинчлар, кўз ёшлар билан сарҳисоб қилаётгани нақадар мунгли. Уларнинг ҳолидан бегоналар хабар олгани борса ёки байрамларда журналистлар суҳбатлашганда, боласининг исмини яширишга, амалдор ўғлининг обрўсига гард юқтирмасликка ҳаракат қилиши қайси мажбуриятларда муҳрланган деб ўйлайсиз?
Ота-она дуосини олмай туриб остона ҳатламайдиган фарзандлар қани? Дастурхон атрофига кекса ота-онаси келмагунча таомга қўл чўзмайдиган миллат эмасмидик? Шундай қадриятларимиз билан дунё аҳлининг ҳавасини тортмаганмидик?
Қадриятларимизга қоришиб кетган қонунларимизда кекса ота-онасининг ҳолидан хабар олишни унутган, уларни муҳтожликка ташлаб қўйган вояга етган фарзандларни ота-оналари шикоят қилмаган тақдирда ҳам, огоҳлантириш, керак бўлса жазога тортиш нормалари акс этиши шарт!
Ахир ҳаво сал айниб қолгудек бўлса, эски чопонини навниҳол кўчатлар бошига ёпган ота-боболарнинг авлоди эмасмидик? Дарахтларнинг жонига қасд қилиш нафақат оғир жиноят, балки оғир гуноҳ эканлигини, табиат биздан аёвсиз ўч олишини, наҳотки унутдик?!
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Автомобилни йўлнинг қатнов қисмида қанча вақт қолдириш мумкин?
Бироқ амалиётда йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юкларни ортиш ёки тушириш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек транспорт воситасининг техник носозлиги туфайли юзага келадиган мажбурий тўхташ ва тўхтаб туриш ҳолатлари ҳам кенг кўламда кузатилмоқда.