Ҳуқуқ
22.11.2025
722

Оила ҳар бир жамиятнинг асосий таянчи ва бош қадриятларидан ҳисобланади. Бироқ ҳаётда турли сабаблар туфайли эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар юзага келиши, муносабатлар узилиши ва охир-оқибат никоҳни бекор қилиш зарурати келиб чиқиши мумкин. Никоҳдан ажралиш – бу нафақат ҳуқуқий жараён, балки шахсий ва ижтимоий масъулият талаб этувчи муҳим қарордир.
Шу боис, никоҳнинг бекор қилиниши белгиланган қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилиши, ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мақолада Ўзбекистон қонунчилигига кўра никоҳдан ажратиш тартибининг суд ва ФҲДЁ орқали амалга ошириш механизмлари ҳақида тўхталамиз.
Оила кодексига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида, айрим ҳолатларда эса фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.
Никоҳдан суд тартибида ажратиш
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинланмайди.
Суднинг никоҳдан ажратиш асослари
Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратиш
Агарда эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар ва уларнинг вояга етмаган болалари бўлмаса улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.
Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Агар эр-хотиндан бири:
суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
содир қилган жинояти учун 3 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.
Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини биласизми?
Уй-жой субсидияси – бу даромади юқори бўлмаган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмаслик шарти билан ажратиладиган маблағдир.
Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари
Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.