Ҳуқуқ
12.02.2025
43
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий реабилитация воситалари билан таъминлаш даражаси ошмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 апрелдаги 253-сонли қарори билан муҳтож шахсларни протез-ортопедия қурилмалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тасдиқланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация воситалари билан таъминлаш қандай амалга оширилади?
Мазкур тартибга кўра юқорида кўрсатилган воситаларга ногиронлиги бўлган шахсларга ва болаларнинг муҳтожлиги ногиронликни белгилаш билан бирга амалга оширилади. Ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсионерларга тиббий хулоса асосида берилиши белгиланди. Бунда сиз тиббий хулосани олиш учун ўзингизнинг яшаш жойингиздаги поликлиниканинг врачлик-маслаҳат комиссиясига ариза ёзишингиз керак. Шунда у сизнинг аризангиз ва даволовчи шифокорнинг тиббий ҳужжатларига асосан сизга тиббий хулоса бериши мумкин. Комиссиялар томонидан хулосаларни расмийлаштиришда қурилмалар бериш кўрсатмаларга асосланилиши керак. Хулосаларнинг асосланганлиги ва тўғри расмийлаштирилиши учун уни расмийлаштирган ва имзолаган шахслар жавобгар ҳисобланади.
Реабилитация воситаларини бериш ҳужжатлари муддати қанча?
Протез мосламаларини бериш тўғрисидаги тиббий хулоса ногиронлиги бўлмаган пенсия ёшидаги шахс учун касалликнинг хусусияти ва кечишига қараб белгиланади. Ногиронлиги бўлган шахсларга эса ногиронлик муддатидан келиб чиқиб, ТИЭК кўригидан ўтиш муддатигача белгиланиши мумкин. Бунда ногиронлиги муддатсиз белгиланган шахсларга протез воситаларига муҳтожлик ҳам муддатсиз тарзда белгиланади.
ТИЭК томонидан ногиронликни белгилаш ва тиббий хулоса “Ижтимоий ҳимоя” тизимига киритилганда, автоматик тарзда шахспротез мосламалари ёки реабилитация воситаларига муҳтожлиги белгиланган муҳтож шахслар рўйхатига киритилади. Агарда ваучер шаклланадиган бўлса, сизнинг телефонингизга бу тўғрисида СМС-хабари ёки ушбу тизимдаги шахсий кабинетингизга хабар келиб тушади. Агарда сиз ушбу ҳуқуқ юзага келганидан кейин 1 ой ичида протез воситаларига буюртма бермасангиз, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ушбу ҳолатни ўрганиб, далолатнома тузади. Агарда сиз ушбу тизимни тушунмасдан буюртма қила олмасангиз, улар сизнинг номингиздан буюртмани амалга ошириши мумкин.
Реабилитация воситаларини алмаштириш мумкинми?
Муҳтож шахсларга берилган протез мосламалари ёки реабилитация воситалари кафолат муддати давомида носоз бўлиб қолса, уларни етказиб берган сотувчилар томонидан бепул таъмирлаб берилади ёки бошқасига алмаштирилади. Агарда бундай ҳолат юз берганда муҳтож шахслар “Ижтимоий ҳимоя” АТ орқали ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиши мумкин. Бунда мурожаатлар 10 кун ичида ўрганилиб, “Ижтимоий ҳимоя” АТда электрон далолатнома тузилади.
Агарда протез мосламалари ёки реабилитация воситалари кафолат муддати давомида носоз бўлиб қолганлиги ўз тасдиғини топса, ижтимоий ходимлар далолатномани сотувчиларга юборади. Бунда далолатнома мазмуни реабилитация воситаларини алмаштириб бериш ҳақида бўлади.
Мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари “Ижтимоий ҳимоя” АТда қайд этиб борилади.
Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.
Иқтисодий процессуал қонунчилик бўйича судда кимлар вакил бўла олмайди?
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 61-моддасида вакил орқали иш юритиш тартиби белгилаб берилган.
Шахсга доир маълумотлар ҳақида билишингиз керак бўлган 5 та факт
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш фуқароларга БҲМнинг 7 баравари, мансабдор шахсларга эса – 50 баравари миқдорида маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Идентификацияловчи ID-картани 1 ёшгача бўлган болалар ҳам олса бўладими?
ID-карта олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик ва биометрик маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳужжат ҳисобланади.