Ҳуқуқ
20.05.2025
679

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 4 январдаги 2-мҳ-сон буйруғига 1-илова, «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқномага асосан, нотариус фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритади. Нотариус фақат нотариуслар томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар юзасидан келиб чиққан низолар бўйича медиатор вазифасини бажаради.
Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.
Нотариус қуйидаги низолар бўйича медиатив келишувни тасдиқлайди:
▪️ оилавий низолар (эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш);
▪️ мерос билан боғлиқ низолар (мерос мол-мулкини тақсимлаш, меросхўрлар ўртасида улушларни бўлиш ва бошқалар);
▪️бошқа низолар (пул мажбуриятлари, мулкни топшириш мажбуриятлари, қарз мажбуриятлари, гаров муносабатлари бўйича мажбуриятлар).
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишувга кўра нотариал ҳаракатни амалга оширган нотариусга ёки бошқа нотариусга мурожаат қилиши мумкин.
Нотариус медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида бир вақтнинг ўзида ҳам тарафларнинг барчаси билан, ҳам тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказади, уларга низони ҳал этишга доир оғзаки ва ёзма тавсиялар беради, медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, тарафларнинг ўзаро фикр ва таклифларини алмашишларини таъминлайди, тарафлар томонидан низони тартибга солиш турини таклиф қилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда:
⏺️ тарафлар ҳақидаги;
⏺️ низо предмети тўғрисидаги;
⏺️ медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, медиатор, тарафлар томонидан келишилган мажбуриятлар, уларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги;
⏺️ медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган тил, жой ва сана тўғрисидаги;
⏺️ медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган муддат ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.
Медиацияни амалга ошириш муддати медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда тарафлар томонидан ихтиёрий белгиланади. Бунда муддат ўттиз кундан ошмаслиги лозим. Зарур ҳолларда тарафларнинг ўзаро розилиги билан ушбу муддат ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.
Нотариус томонидан қуйидаги ҳолларда медиацияни қўллаш тугатилади:
🔳 тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганда;
🔳низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти бўлмаганда;
🔳 мавжуд низо бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганда (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда);
🔳бирор-бир тараф медиацияни давом эттиришдан воз кечишини маълум қилганда;
🔳медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганда.
Медиатив келишув нотариусга камида уч нусхада тақдим этилади ва нотариал тартибда тасдиқланади, улардан биттаси нотариал идорада сақланади.
Худойберди Раҳимов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.
Қонунчиликда интизомий жазолар ҳақида нима дейилган?
Интизомий жазо – ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси.