currencies image

12 514,34 UZS

67,39

usd

currencies image

14 600,48 UZS

164,18

eur

currencies image

156,41 UZS

1,93

ru



АсосийЯнгиликларОфициант, ошпазни чақиринг! Кафе-ресторанларда мижозларнинг ҳуқуқларига оид муҳим 7 қоида

Официант, ошпазни чақиринг! Кафе-ресторанларда мижозларнинг ҳуқуқларига оид муҳим 7 қоида

Ҳуқуқ

calendar

20.12.2023

eye

861

Официант, ошпазни чақиринг! Кафе-ресторанларда мижозларнинг ҳуқуқларига оид муҳим 7 қоида

Айрим пайтларда кафе, ресторан ёки чойхоналарда овқатланиш асаббузарлик билан якунланади: буюртма қилинган овқат вақтида олиб келинмайди, овқат мазали бўлмайди, официантлар хизматидан кўнгил тўлмайди ёки овқат айтилгандан кам порцияда берилади.

Хўш, шу сингари вазиятларда истеъмолчилар қандай ҳуқуқларга эга? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада оммавий овқатланиш хизматини кўрсатиш қоидалари ҳақида сўз юритади.

“Тундаги кафе террасаси” картинаси, Винсент Ван Гог, 1888-й. Манба: Wordpress

Оммавий овқатланиш хизматини кўрсатишда мижоз ва хизмат кўрсатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Аммо кўп ҳолларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари унутилиб, қоидалар умумий овқатланиш корхоналари фойдасига ишлайди.

Хўш, умумий овқатланиш корхоналарига нималар киради ўзи? Умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига кўра, ресторанвагон-ресторанбаркафемавсумий кафекафетерийошхоначойхонабуфет ва кичик ошхона умумий овқатланиш корхоналари (кейинги ўринларда – кафе) ҳисобланади. Мазкур қоидалар умумий овқатланиш соҳасида мижозлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қатор мажбурий қоидаларни белгилайди. Шу жумладан, қуйидагилар:

1. Кафелар мижозга қандай маълумотларни кўрсатиши шарт?

Кафелар мижозга қуйидаги маълумотларни бериши шарт:

- ўзининг тўлиқ номи ва СТИР ҳамда ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код:

- иш режими;

- маҳсулот, товар ва кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги зарур ва ишончли маълумотларни кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт. Масалан, касса олди, бинога кириш қисмидаги постерлар шаклида. Уларда камида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

  • маҳсулот ва товарлар рўйхати;
  • тайёр таомлар порцияларининг умумий вазни (ҳажми), тавсия этилаётган ичимлик идишининг сиғими, унинг порциялари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;
  • хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш шартлари;
  • хизматлар нархи ва уларни тўлаш шартлари.

Шунингдек, кулинария ва ярим тайёр маҳсулот дўконлари, буфетларда сотиладиган барча товар ва маҳсулотларда уларнинг номи, нархи, ўлчами, оғирлиги ёки қадоқ бирлиги нархлари кўрсатилган нархномалар бўлиши керак.

Алкоголли ичимликлар нархномаларида эса номи, бутилка сиғими, 100 ёки 50 граммининг нархи кўрсатилиши керак.

2. Кафеларнинг иш вақтини ким белгилайди? Қачон буюртма олишни тўхтатиш мумкин?

Улар ўз иш режимини мустақил белгилайди ҳамда мазкур иш режим мажбурий ҳисобланади. Кафе маълум муддатга ёпилган тақдирда (масалан, режали санитария тадбирларини ўтказиш, таъмирлаш ва шу кабилар учун) камида бир ҳафта олдин тегишли эълонни осиб қўйиши керак.

Официантлар хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектларига ёпилишидан 30 дақиқа олдин, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш усули бўйича ишлайдиган кафеларга эса ёпилишидан 15 дақиқа олдин мижозлар киритишни тўхтатиш мумкин.

3. Маҳсулотларни текшириб кўриш мумкинми? Масалан, тарозида тортиб кўриш

Хоҳ давлатники бўлсин, хоҳ хусусий барча умумий овқатланиш корхоналари мижозга сотилаётган маҳсулотнинг (хизматнинг) мажбурий талабларига қай даражада мослигини текшириб кўриш учун шароит яратиб бериши шарт.

Масалан, мижоз овқатнинг оғирлигига шубҳа қилдими, уни текшириб кўриши мумкин. Умумий овқатланиш корхоналари эса ўлчаш воситаларига эга бўлиши ва уларни соз ҳолатда сақлаши шарт.

4. Кафедан нималарни ўзи билан (“собой”) олиб кетиб бўлмайди?

Мижоз ўзининг хоҳишига кўра, кафе-ресторандан ўзи буюртма қилган ҳар қандай овқатлар, ичимликларни тегишли идишда ва ўрамда ўзи билан олиб кетиши мумкин. Фақат битта истисно– алкоголли ичимликларни “собой қилиб” бўлмайди.

Шунингдек, алкоголли ичимликларни олиб чиқиб кетиш учун ҳам сотишга йўл қўйилмайди.

5. Буюртмани вақтида олиб келишмаса, нима қилиш мумкин?

Буюртмани бажариш муддатлари бузилса ёки хизматдан кўнгли тўлмаса, мижоз қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • буюртмани тайёрлаш учун қўшимча муддат бериш ва хизмат нархини камайтиришни талаб қилиш;
  • мижоз белгилаган муддатда камчиликларни бепул бартараф этишни ёки зарур сифатдаги ана шундай буюртмани тайёрлашни ёки уни бошқа маҳсулотлар билан алмаштиришни талаб қилиш (айтайлик, овқат шўр бўлса, бошқа худди шундай таомни бепул беришларини);
  • буюртмадан воз кечиш.

Мижоз, шунингдек, буюртмани тайёрлаш муддати бузилганлиги учун ўзига етказилган зарарнинг (шу жумладан, маънавий зарар) тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиши мумкин.

6. Маҳсулот сифатидан кўнгил тўлмасачи?

Кулинария маҳсулоти ёки хизматлар сифатида камчилик бўлса, сотувчи маҳсулотни кам миқдорда тортса ёки ҳисобдан уриб қолса, мижоз қуйидагиларни талаб қилиши мумкин:

  • камчиликларни бепул бартараф этиш;
  • кулинария маҳсулоти (хизматлар) учун тўлов миқдорини камайтириш;
  • қўшимча пул тўламасдан худди шундай таомни, кулинария маҳсулотини тайёрлаш (хизматни такроран бажариши);
  • сифатсиз кулинария маҳсулотини сотиб олиш (хизматларни бажариш) билан боғлиқ харажатларини тўлиқ қайтариш;
  • етказилган маънавий зарарни қоплаш.

Аммо ҳамма вақт ҳам мижознинг талаблари қаноатлантирилмаслиги мумкин. Хусусан, буюртмани тайёрлаш муддати кафега боғлиқ бўлмаган ҳолатда (форс-мажор) ёки истеъмолчининг ўзининг айби билан содир бўлганлиги исботланса, мижознинг талаблари қондирилмайди.

7. Қачон кафе-ресторан хизмат кўрсатиш қоидасини бузган ҳисобланади?

Кафега кириб овқат буюртма қилдингиз, тўловга келганда эса менюда кўрсатилгандан юқори нарх айтиб, сизга “нархлар яқинда ўзгарганлиги, ҳали менюни янгилашга улгуришмаганлиги”ни айтишди. Шунингдек, нархлар кўрсатилмаган меню беришди ёки менюнинг ўзи йўқ. Ё бўлмаса ҳафтанинг ҳар кунида соат 09:00 дан 23:00 гача ишлашини эълон қилган кафе ўзи кўрсатган пайтда ишламаяпти, эшиклар ёпиқ.

Биз учун одатий кўринган, аммо қоидабузиш ҳолатлари саналган энг кўп учрайдиган ҳолатларга қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  • нархларни асоссиз ошириш;
  • товар ва маҳсулотларни нотўғри ўлчаш, нотўғри тортиш ёки хизматлар кўрсатмаслик;
  • харидорга товарнинг, маҳсулотнинг миқдори, вазнини текшириш имконияти яратишдан бош тортиш;
  • товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счёт) бермасдан сотиш;
  • тўлов терминаллари билан тўловни қабул қилишни рад этиш;
  • сифатсиз товарларни, кулинария буюмларини ва атайин ностандарт маҳсулотларни сотиш, шунингдек харидорга сотилган сифатсиз товарни, маҳсулотни алмаштириб беришни ёки пулларни қайтаришдан бош тортиш;
  • ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида тайёрловчининг номи ва жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган товарларни сотиш;
  • корхонанинг номи ва СТИР ҳамда ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код, унинг иш режими тўғрисидаги маълумотлар бўлмаганда харидорга маълумот беришдан бош тортиш.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, барча соҳа сингари оммавий овқатланиш хизматини кўрсатишда ҳам мижозлар муайян ҳуқуқларга эга бўлиб, уларнинг бу ҳуқуқлари бузилганда қонун бузилишини тўхтатишни талаб қилиш, ҳуқуқлардан фойдаланиш лозим.

Улашиш: