currencies image

12 938,11 UZS

18,11

usd

currencies image

14 076,66 UZS

25,52

eur

currencies image

149,99 UZS

0,47

ru



АсосийЯнгиликларОилаларни мустаҳкамлаш жамият тараққиёти гарови

Оилаларни мустаҳкамлаш жамият тараққиёти гарови

Ҳуқуқ

calendar

13.03.2025

eye

202

Оилаларни мустаҳкамлаш жамият тараққиёти гарови

Муҳтарам Президентимиз ёшлар билан бўлган учрашувларда айнан оилалардаги никоҳдан ажрашиш муаммоларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу бежизга эмас албатта, чунки ҳар қандай давлатнинг келажак тақдири ва ривожи  айнан оила мустаҳкамлиги билан боғлиқдир.

Шу маънода 2023 йил 21 декабрь куни Президентимизнинг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор асосида 2024 йил 1 февралда оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган “Оила судьялари” ташкил этилди. Тошкент шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси  Сирожев Жасур билан суҳбат қурдик.

— Бугун қарор асосида ташкил этилган судлар оилани мустаҳкамлаш, низодаги эр-хотинни яраштириш борасида қандай фаолият олиб боряпти? Шу хусусда тўхталиб ўтсангиз? 

— Оила тўғрисида сўз кетганда, кўз ўнгимизда авлод-аждодларимиз намоён бўлади. Инсон ана шу даргохда туғилади, ўсади ва вояга етади. Ҳаёти давомида инсон ҳар доим оилага, ватанга, дўст-биродарларига содиқ бўлиб яшайди.

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Асрлар давомида ўз эътирофини топган ва диний-ахлоқий қадриятлар даражасига кўтарилган оилавий муносабатларда ҳалол яшаш, меҳнат қилиш, фарзанд тарбияси ижтимоий ҳаёт тарзини ривожлантириш манбаидир.

Шарқона тарбияда шахснинг умуммаданий дунёқарашининг шаклланиши асоси оиладан бошланади. Яъни, ҳар бир ёш авлоднинг етук инсон бўлиб шаклланишида оиланинг ўрни беқиёс бўлиб, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ ва ҳалоллик каби инсоннинг ҳаёти мазмунини белгилаб берувчи барча омиллар даставвал оилада шаклланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда оилавий қадриятларни янада мустаҳкамлаш, келажак авлодни соғлом оилаларда тарбия этиш, келгусида оилавий муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакатда оилага нисбатан эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигидан далолатдир.

Хусусан, мазкур қарорда судларга алоҳида вазифа ва масъулият юклатилди.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этиш белгиланди.

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда, оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида яраштириш учун муҳлат тайинланган ва рад этилган ишлар юзасидан Оила ва хотин-қизлар бўлимларига хатлар юборилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда бошқа фуқаровий-хуқуқий муносабатлар қаторида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ кўплаб низолар кўрилади. Жумладан, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, оталикни белгилаш ва алимент ундириш, шунингдек  бола тарбияси билан боғлиқ низолар ва ҳ.

Ўзбекистон Республикасида судларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда, оилани ҳар тарафлама ҳимоя қилишга, болаларни Ватанга ва оилага содиқлик  руҳида ижтимоий тарбияга мос ҳолда, оила ва жамият олдида масъулият туйғусида тарбиялашга қаратилган.

Бу каби оилавий низоларни судлар томонидан кўриб чиқилишида, фақатгина маълум бир тарафга мажбурият юклашдан ташқари, тарафларни яраштириш ва оилаларни мустаҳамлаш бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Судлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида фаоллар иштирокида сайёр қабул ўтказилиши, сайёр суд ва давра суҳбатларининг ташкил этилишининг барчаси, ҳар бир оилани мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган эътибор эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

 

— Оила ҳар бир жамиятнинг асоси ҳисобланади. Чунки оилада нафақат миллий қадрият ва анъаналар ривожланади, балки келажак эгалари – фарзандлар туғилиб, камол топади. Аммо бугунги кунда оилавий ажримлар ҳам долзарб муаммога айланиб улгурди. Айтинг-чи, оилада низоли ҳолатлар, бунинг оқибатида ажралишлар рўй бераётганининг асосий сабаблари нимада? Бунга қайнона ё қайнота айбдорми ёки айрим ёшларнинг оила масъулиятини тўлиқ ҳис этмаётгани сабаб бўлмоқдами?

— Оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммога айланиб улгурди. Судлар томонидан жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга эътибор қаратиляпти.

Оилавий ажримларнинг оқибатлари ўрганилганда, оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани ойдинлашди.

Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиқмоқда.

Масалан, даъвогар Ж.М. жавобгар С.И.га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этиб, даъво талабида оилавий муносабатларни қайта тиклаб бўлмаслигини, уларнинг оилавий ҳаётларига учинчи шахслар кўп маротаба аралашишини, жавобгар оилавий юмушларни ўз вақтида бажармаслиги каби важларни келтириб ўтган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2024 йил 20 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Ж.М.нинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.

Биринчи инстанция суди тарафлар ўртасидаги оилавий келишмовчиликлар турмушда кечадиган вақтинчалик ва тасодифий эканлигини, тарафлар томонидан никоҳдан ажрашиш учун жиддий важлар келтирилмаганлигини, жавобгар оиласини сақлаб қолиш ниятида эканлиги ва никоҳдан ажрашишга қарши эканлигини инобатга олиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида хулосага келган. Ўз навбатида апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанциия судининг ушбу хулосалари билан келишган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига асосан агар эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

— Ажрашган оилаларда бола ё ота, ё онанинг тарбиясидан четда қолади. Бундан ташқари болаларнинг таъминоти ва аёлларнинг турар жой муаммолари ҳам пайдо бўлади. Бундай муаммоли ҳолатлар суд томонидан қандай ҳал қилинмоқда?

Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:

➖ никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;

➖ вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;

➖ эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;

➖ эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

Шунингдек, мулк масаласига тўхталадиган бўлсак, эр ва хотин биргаликда орттирилган мулкларни умумий мулк деб топиш талаби билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Никоҳ давомида олинган мол-мулк эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Хусусан, бундай мулк сирасига қуйидагилар киради: – меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан, шунингдек, интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлар; – пенсия, нафақа, шунингдек, моддий ёрдам ва компенсация суммалари (масалан, моддий ёрдам, майиб бўлиш ёки саломатлигига етган зарар учун тўланган сумма ва бошқалар) киради.

Қуйидагилар эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади: эр-хотиннинг умумий пулига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматбаҳо қоғозлар, пайлар (акциялар), омонатлар, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда бошқа ҳар қандай мол-мулклари. Ушбу мол-мулклар эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилган, пули эр ва хотиннинг қайси бири томонидан тўланган бўлишидан қатъи назар, умумий мол-мулк ҳисобланади (масалан, уй-жой, машина, омонатлар).

Нафақат никоҳ даврида олинган, балки никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий пулларига олинган буюмлар ҳам умумий мулк саналади. Аммо низо чиққан тақдирда бундай мол-мулкни биргаликда олинганлигини исботлаш керак бўлади. Бундай исботлар сифатида тўлов квитанциялари, чеклар, банк транзакциялари ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Айтайлик, никоҳдан сўнг аёл ишламаган, уй ишлари ва бола парвариши билан банд бўлган. Қонунчиликка кўра, эр-хотиндан бири уй-рўзғор ишлари, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Умумий мулкка нисбатан эр ва хотин тенг ҳуқуқли. Умумий мулкни сотиш, бировга фойдаланишга бериш, совға қилиш ёки бошқача кўринишда фойдаланиш учун уларнинг ҳар иккаласининг розилиги керак бўлади. Масалан, эр номига расмийлаштирилган уй-жойни сотишда хотинидан нотариал тасдиқланган розилик олиши лозим. Агар бундай розиликсиз уй-жой сотилса, хотиннинг аризаси билан суд томонидан бу олди-сотди шартномаси бекор қилинади. Бунда хотин шартнома тузилганлигини билмаганлиги ёки тузишга қарши бўлганлигини исботлаб бериши керак.

Эр ва хотиннинг никоҳгача ўзиники бўлган мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар билан олган мол-мулки уларнинг алоҳида мулки ҳисобланади. Бироқ бу ерда масаланинг яна бир нозик томони бор. Масалан, эрнинг никоҳгача бўлган пайтда олган уйи бор. Никоҳдан кейин хотин бу уйни қайтадан қуриши, капитал таъмирлаши ёки қайта жизоҳлаши натижасида қиймати анча ошди. Шундай ҳолатда бу уй умумий мулк деб топилиши мумкин. Шуни ҳам айтиш керакки, қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа шу кабилар), никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий пулига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади.

Умумий мулк исталган пайтда: эр ва хотиндан бирининг талаби билан никоҳдан ажрашмасдан ҳам, ажрашгандан кейин ҳам бўлиниши мумкин. Шунингдек, эр ёки хотиннинг қарзини ундириш умумий мулкка қаратилганда ҳам мулк бўлиниши мумкин. Умумий мулк ўзаро келишувга кўра бўлинади. Агар эр ва хотин келиша олмаса, бу вазифа судга қолади. Суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унинг улушидан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин. Болаларнинг эҳтиёжи учун олинган буюмлар (масалан, кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади. Шунингдек, болаларнинг номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланади ва бўлинмайди.

Агар эр ва хотин никоҳ шартномасига бошқача келишмаган бўлса, улушлар тенг ҳисобланади. Аммо суд болалар манфаатидан ва (ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра ишламаган, даромад олмаган бўлса ёки эр ва хотиннинг умумий мулкни оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, тенг тақсимланмаслиги мумкин. Мулкни бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзи ҳам улар олаётган улушга мос ҳажмда тақсимланади. Агар эр ва хотиндан бири умумий мулкни иккинчи томоннинг розилигисиз ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.

Масалан, судга даъвогар У.Т. жавобгар А.А.га нисбатан турар жойни умумий мулк деб топиш, улушларни белгилаш ва турар жойга киритиб қўйиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этиб, даъво аризасида жавобгар билан 08.05.2022 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришганлигини, биргаликдаги турмушларидан бир нафар вояга етмаган Исломбек исмли фарзанди борлигини, биргаликдаги турмушлари давомида 2023 йилда жавобгар номига Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, ХХХ кўчаси, ХХ-уй, ХХ-хонадонни сотиб олишганлигини, ҳозирги кунда эр-хотинлик муносабатлари тугатилганлигини, никоҳни бекор қилиш учун судга ариза билан мурожаат этганлигини, низоли хонадон умумий мулк ҳисобланиши сабабли, суддан низоли турар жойни умумий мулк деб топиш, улушларини белгилаш ва вояга етмаган фарзанди билан турар жойга киритиб қўйишни сўраган.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2024 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар У.Т.нинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва низоли Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, ХХХ кўчаси, ХХ-уй, ХХ-хонадон тарафларнинг умумий мулки деб топилиб, ҳар бирининг турар жойга нисбатан улуши ½ қисмдан этиб белгиланган ва даъвогар У.Т. вояга етмаган фарзанди Исломбек билан бирга низоли турар жойга киритиб қўйилган.

Маълумки қонунга кўра, оила ажрашгандан сўнг ота ёки она вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлашга мажбур. Аммо ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ота ҳеч қаерда ишламайди ёки тайинли иши йўқ. Бундай ҳолларда суд алимент ундириш учун қандай қарор чиқаради ёхуд ишламайдиган оталардан алимент қандай ундирилади?

Ота-онанинг ўз фарзандларига улар вояга етгунига қадар ғамхўрлик қилиши, уларни моддий томондан таъминлаши ҳамда таълим ва тарбия бериши ўзига ахлоқий ва ҳуқуқий мажбурият саналади. Ахлоқий нуқтаи назаридан ота-онанинг ўз фарзандини вояга етгунига қадар боқиб тарбиялаши диний инсонпарварлик қадриятларига асосланса, ҳуқуқий жиҳатдан бу мажбурият қонунчилик даражасида мустаҳкамлангани билан белгиланади. 

Зеро, дунёдаги барча динлар ҳам ота-она ўз фарзанди вояга етгунига қадар унга ғамхўрлик қилиш лозимлигини белгилайди. Ҳуқуқий жиҳатдан эса, ота-онанинг фарзандини моддий таъминлаши конституциявий қоидалардан келиб чиқади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. 

Вояга етмаган болага алимент тўлаш тартибини ота-она ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақли. Ушбу мажбурият ихтиёрий равишда бажарилмаса ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Сўнг дарҳол тегишли тартибда ижро қилиш учун туман Мажбурий ижро бюросига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддасига асосан вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади. Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.

 

— Маълумки, бугунги замонавий дунёда никоҳ шартномаси оила мустаҳкамлигининг гарови ва кафолати сифатида тавсия этилади. Аммо юртдошларимизнинг кўпчилиги ҳали ҳам никоҳ шартномасига салбий муносабатда бўлишади ва кўпчилик буни оилада ўзаро ишончсизликнинг намоён бўлиши деб билишади. Ривожланган давлатларда никоҳ тузаётган эр-хотинларнинг камида 70 фоизи расмий шартнома тузса, бизда бу кўрсаткич жуда паст. Айтинг-чи, мулкий муносабатлар аввалдан тартибга солинса, бу қанчалик нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик имконини беради?

Оила кодексининг 29-моддасига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) ажрашган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи нотариал тасдиқланган келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

У тўйга қадар тузилса, никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ даврида тузилган шартнома эса у нотариал тасдиқлангандан бошлаб кучга киради. Ушбу модда мазмунидан кўриниб турибдики, никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мол-мулкларини ва мулкий ҳуқуқларини бўлиш тўғрисидаги келишуви ҳисобланади. “Никоҳ” – бу йигит ва қизнинг  ўз аризаларига асосан ФҲДЁ органларида рўйхатга олиниб оила қуриш мақсадида эр-хотин бўлиб яшаш тўғрисидаги келишувидир.

Оила қонунчилиги ФҲДЁ органларида расмий рўйхатга олинган никоҳни қонуний тузилганлигини тан олади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ эса ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Никоҳ шартномаси ФҲДЁ органларидан қонуний никоҳдан ўтувчиларнинг ҳар бирига тушунтирилганида афсуски, нотўғри тушунишади. Биз ажралиш ниятимиз йўқ. Бу мажбурий эмас. Гўёки уларга даъват қилингандай туюлади. Шу сабабли ҳам ўзбек хонадонларида жуда кам ҳолатлардагина никоҳ шартномаси тузилади.

Ажрашишга ва умумий мол-мулкни бўлишишга тўғри келиши хусусида ўйлайдиганлар кўп эмас. Шундай бўлса-да, мулкий муносабатлар аввалдан тартибга солинса, бу кейинчалик нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик имконини беради.

Никоҳ шартномаси фақатгина мулкий муносабатларнигина тартибга солади холос. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси бўйича мажбуриятларни бир томонлама бажаришдан воз кечишга йўл қўйилмайди, эр-хотинлар никоҳ шартномасида мавжуд шартларни ўзгартириш имкониятига эга. Бунинг учун эр-хотинлар никоҳ шартномасини нотариус билан тасдиқлашни унутмаган ҳолда қайта имзолашлари шарт.

Хўш, никоҳ давомида ва ундан кейин пайдо бўлиши мумкин бўлган мулкий низоларни олдини олиш учун нима қилиш керак? Эр ва хотин ўртасидаги мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни никоҳ шартномасида ўзга белгилаб олиш лозим. Албатта, ҳеч ким “кун келиб, ажрашиб кетаман” деган ёмон ният билан оила қурмайди. Бироқ, реаллик доим ҳам ҳислар билан ҳисоблашмайди. Никоҳ шартномаси эса келгусида вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай келишмовчилик ва ноаниқликларнинг олдини олади.

Агарда тарафлар томонидан инсофсизларча бир тарафнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид равишда никоҳ шартномаси тузиладиган бўлса, келгусида ушбу никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш талаби билан судга мурожаат этиш мумкин бўлади.

Масалан, даъвогар П.П. жавобгар И.К.га нисбатан никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва турар жойга киритиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган.

Судда аниқланишича, тарафлар биргаликдаги турмушлари даврида учта кўчмас мулк ва икки дона автотранспорт воситаси оттирилган бўлиб, барча кўчар ва кўчмас мол-мулклар жавобгар И.К. номига тегишли равишда расмийлаштирилган.

Тарафлар ўртасида 2023 йил 14 июнда тузилган Никоҳ шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур Никоҳ шартномасининг 5-бандида, барча кўчар ва кўчмас мол-мулклар, пул маблағлари кимнинг номида ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъий назар, бундай кўчар ва кўчмас мол-мулклар қайси бирининг номига расмийлаштирилган бўлса, шу эр ёки хотиннинг шахсий мол-мулки ҳисобланади ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ битим тузилганда, бу ҳаракат бошқасининг розилигисиз амалга оширилади ва никоҳдан ажралиш пайтида бўлинмаслиги белгиланган.

Биринчи инстанция суди Оила кодексининг 31- ва 33-моддаларини қўллаган ҳолда, тарафлар ўртасида никоҳ шартномаси расмийлаштирилганидан сўнг жавобгар номида бўлган кўчмас мулкларни бегоналаштирганлигини, бунинг натижасида даъвогар А.Парпиева ўта ноқулай ижтимоий ҳолатга тушиб қолганлигини, ўрталарида тузилган никоҳ шартномаси оила қонунчилигига зид равишда тузилганлигини инобатга олиб, тарафлар ўртасида тузилган никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида хулосага келган.

Натижада, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2024 йил 12 январдаги ҳал қилув қарорига асосан, тарафлар ўртасида 2023 йил 14 июнда тузилган Никоҳ шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган.

Чунки, Оила кодексининг 31-моддаси бешинчи қисмига асосан, никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонунчиликнинг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.

Демак, тарафлар ўртасида никоҳ шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилган вақтда оила қонунчилигига мувофиқ ҳар икки тарафнинг ҳуқуқ ва манфаатлари инобатга олиниши лозим бўлади.

Улашиш:

Бошқалар

24-феврал 2025, 07:44
1 237

Ипотека кредитлари учун субсидия олишга аризалар қабули бошланади

​​​​​​​Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризаларни 3 март куни соат 09:00дан бошлаб жўнатиш мумкин.


5-март 2025, 11:31
935

Субсидияга ариза бериш бошланди: муҳим 7 саволга жавоб

Субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берилади.


5-март 2025, 09:33
830

Ходимнинг қандай маблағларини ундирувга қаратиб бўлмайди?

Бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга ундирувни қаратиб бўлмайди.


1-март 2025, 04:18
770

Рўйхатдан ўтган такси ҳайдовчилари учун қулайлик

Солиқ қўмитаси маълум қилишича, ўзини ўзи банд қилган таксистларнинг 2024 йилда даромади 100 миллион сўмдан ошган бўлса ҳам, 2025 йилда ҳисоб-китоб қайтадан бошланади. 2025 йил давомида 100 миллион сўмгача бўлган даромад солиққа тортилмайди.

Мавзуга доир янгиликлар: