currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларОммавий шартнома нима ва у қандай тартибда тузилади?

Оммавий шартнома нима ва у қандай тартибда тузилади?

Ҳуқуқ

calendar

03.08.2026

eye

28

Оммавий шартнома нима ва у қандай тартибда тузилади?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 358-моддасига кўра, ташкилот ўз фаолияти хусусиятидан келиб чиқиб, унга мурожаат қилган ҳар бир шахсга товар сотиш, иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш мажбуриятини назарда тутувчи шартнома оммавий шартнома ҳисобланади. Бундай шартномаларга чакана савдо, умумий фойдаланишдаги транспортда йўловчи ташиш, алоқа хизматлари, электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар билан таъминлаш, тиббий хизматлар, меҳмонхона хизматлари ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа хизмат турлари киради.

Оммавий шартноманинг муҳим хусусияти шундаки, хизмат кўрсатувчи ёки товар сотувчи ташкилот бир истеъмолчини бошқасига нисбатан асоссиз равишда афзал кўришга ҳақли эмас. Фақат қонунчиликда алоҳида имтиёзлар белгиланган ҳоллар бундан мустасно ҳисобланади.

Шунингдек, оммавий шартнома бўйича товарлар, ишлар ва хизматларнинг баҳоси ҳамда шартноманинг бошқа шартлари барча истеъмолчилар учун бир хил бўлиши лозим. Қонунчиликда айрим тоифадаги истеъмолчилар учун имтиёзлар назарда тутилган бўлса, бундай ҳолларда истисно тариқасида бошқача тартиб қўлланилиши мумкин.

Агар ташкилотда товарни етказиб бериш, ишни бажариш ёки хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлса, у истеъмолчи билан оммавий шартнома тузишдан бош тортишига йўл қўйилмайди. Ташкилотнинг асоссиз равишда шартнома тузишни рад этиши қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради ва бундай ҳолларда Фуқаролик кодексининг 377-моддасида назарда тутилган қоидалар татбиқ этилади.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати оммавий шартномаларни тузиш ва бажариш тартиби бўйича тарафлар учун мажбурий ҳисобланган қоидаларни, намунавий шартномаларни ёки бошқа норматив ҳужжатларни тасдиқлаши мумкин.

Шу билан бирга, оммавий шартнома шартлари Фуқаролик кодексининг 358-моддаси талабларига зид бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва барча учун тенг шарт-шароитларни таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, оммавий шартнома фуқароларнинг товар ва хизматлардан тенг асосларда фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайдиган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. У хизмат кўрсатувчи ташкилотларга барча истеъмолчиларга нисбатан бир хил муносабатда бўлиш мажбуриятини юклайди ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: