Ўзбекистон
23.01.2026
52

Оилавий муносабатларда боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, бола давлат ҳимояси остида бўлиб, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланади. Шу нуқтаи назардан, боланинг кимдан туғилганлигини ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаш унинг шахсий, мулкий ҳамда ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Амалиётда айрим ҳолларда боланинг отаси оталикни ихтиёрий равишда тан олмайди, ёки ота ҳақида маълумотлар мавжуд бўлмайди. Бундай вазиятларда оталикни суд тартибида белгилаш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ҳуқуқий механизми сифатида намоён бўлади.
Оталикни белгилашнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида оталикни белгилаш масалалари алоҳида нормалар билан тартибга солинган.
Жумладан, Оила кодексининг 61-моддасига мувофиқ, агар бола никоҳда бўлган эр-хотиндан туғилган бўлса, эр боланинг отаси деб эътироф этилади.
Оила кодексининг 62-моддасида эса никоҳсиз туғилган болага нисбатан оталик:
— отанинг ихтиёрий равишда тан олиши;
— ёки суд тартибида белгиланиши мумкинлиги назарда тутилган.
Агар эҳтимолий ота оталикни тан олишдан бош тортса, боланинг манфаатларини таъминлаш мақсадида судга мурожаат қилишга қонун йўл қўяди
Оталикни суд тартибида белгилаш асослари
Оила кодексининг 63-моддасига асосан, оталик суд тартибида қуйидаги ҳолларда белгиланади:
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Фуқаролик Кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.
Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.
Судда исботлаш ва далиллар
Оталикни белгилаш ишларида қуйидаги далиллар муҳим аҳамиятга эга:
гувоҳларнинг кўрсатмалари;
ёзишмалар (SMS хабарлар, ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар);
тиббий ҳужжатлар;
генетик (ДНК) экспертиза хулосаси.
Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар, рақамли далиллар, экспертлар хулосаси), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.
Суд амалиётидан мисол
Суд амалиётида оталикни белгилаш билан боғлиқ ишлар тез-тез учраб туради. Масалан, фуқаро А. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, фуқаро Б.ни боласининг отаси сифатида тан олишни сўрайди. Суд муҳокамасида томонлар ўртасида никоҳ мавжуд бўлмагани, бирга яшаганлик факти ва гувоҳларнинг кўрсатмалари аниқланади. Суд томонидан тайинланган ДНК экспертизаси натижасига кўра, фуқаро Б. боланинг биологик отаси экани тасдиқланади.
Натижада суд Оила кодексининг 63-моддасига таянган ҳолда оталикни белгилаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда алимент ундириш масаласини ҳам ҳал этади
Суд қарорининг ҳуқуқий оқибатлари
Суд қарори қонуний кучга киргач:
— боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига отаси ҳақида маълумотлар киритилади;
— бола Оила кодексининг 98-моддасига мувофиқ алимент олиш ҳуқуқига эга бўлади;
— бола отасидан мерос олиш ҳуқуқини қўлга киритади;
— ота болани тарбиялаш ва таъминлаш мажбуриятини зиммасига олади
Хулоса
Оталикнинг суд тартибида белгиланиши боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Қонун нормалари ва суд амалиёти шуни кўрсатадики, судлар ушбу тоифадаги ишларида бола манфаатларини устувор деб билиб, ишончли далилларга таянган ҳолда адолатли қарор қабул қилади.
Дилмурод Маматмуротов,
“Адолат” МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
«Келажак» марказлари қандай ташкилот ва уларнинг вазифаси нималардан иборат?
«Келажак» марказлари кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусияти йўналишларида тўгараклар ташкил этади.
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.