currencies image

12 777,52 UZS

54,29

usd

currencies image

14 590,65 UZS

15,80

eur

currencies image

161,54 UZS

2,21

ru



АсосийЯнгиликларОТМга киришга тавсиянома, имтиёзли кредит, бепул транспорт –ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун қандай имтиёзлар мавжуд?

ОТМга киришга тавсиянома, имтиёзли кредит, бепул транспорт –ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун қандай имтиёзлар мавжуд?

Ҳуқуқ

calendar

14.01.2025

eye

253

ОТМга киришга тавсиянома, имтиёзли кредит, бепул транспорт –ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун қандай имтиёзлар мавжуд?

14-январь – Ватан ҳимоячилари куни. Қонунчиликда Ватан ҳимоячилари хизматини муносиб тақдирлаш учун бир қатор имтиёзлар белгиланган.

 

1. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаганларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига кириш учун тавсиянома берилади.

Тавcиянома қуйидаги ҳуқуқларни беради:

— олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл;

— ОТМга кириш учун қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида квота доирасида танловда иштирок этиш.

2. Имтиёзли ипотека кредити

Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиши (қуриши) учун уй-жой нархининг 25 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш шаклида имтиёз берилади.

Кредит олган ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ёки хизмат вазифаларини бажаришда оғир тана шикастланиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганда кредит ва унинг фоизлари ташкилот раҳбарининг қарори асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади.

3. Ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига моддий ёрдам берилади

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади.

Шунингдек, ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда БҲМнинг 200 баравари миқдорида суғурта тўланади.

4. Болаларни боғчага жойлашда имтиёз

Ҳарбий хизматчиларнинг болаларига давлат боғчаларига жойлашишда имтиёз берилади. Бунда ҳарбийларнинг болаларига боғчада бўш ўринлар бўлганда биринчи навбатда йўлланма берилади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари давлат боғчаларида бепул тарбияланади.

5. Имтиёзли меҳнат таътили

Умумий қоидага кўра, ходимларга ишга кирганидан 6 ой ўтгач меҳнат таътили берилади.

Муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, резервга бўшатилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга эса 6 ой ўтмасдан таътилга чиқиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига таътил уларнинг хоҳишига кўра қулай вақтда берилади.

6. Хизматни ўтаб бўлгандан сўнг ишга имтиёзли жойлашиш

Муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар меҳнат органлари томонидан имтиёзли равишда ишга жойлаштирилади.

7. Хизмат жойи ўзгарганда ўқишни баҳорги семестрда ҳам кўчириш ҳуқуқи

Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда талабалар ўқишини кўчириш баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга ошириши мумкин.

Бунда ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш – ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январигача амалга оширилади. Аризалар 25 январдан 15 февралгача кўриб чиқилади.

8. Бепул жамоат транспорти

Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланади.

9. Бепул дори воситалари берилади

Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга амбулаторияда даволанишда дори воситалари бепул берилади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади.

10. Поэзд ва самалётга бепул билет берилади

Ярадор бўлган ҳарбий хизматчиларга темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) берилади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

11. Фарзандларининг ОТМга кириши учун тавсиянома

ОТМга ўқишга кириши учун тавсияномалар қуйидагиларга берилади:

мудофаа қудратини мустаҳкамлашга салмоқли хисса қўшган, хизматдаги ҳарбий ва илмий фаолиятида маълум бир натижаларга эришган хақиқий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ва Миллий гвардия ходимларига – улар фарзандларининг ОТМга ўқишга кириши учун;

ҳарбий хизмат мажбуриятини бажаришда ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ярадор бўлиши оқибатида ногиронлиги бўлган шахс бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг ва Миллий гвардия ходимларининг фарзандларига.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари профессионал ва ОТМда давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича ўқийди.

Дилмурод Ражабоев,
hudud24.uz колумнисти
 

Улашиш:

Бошқалар

12-май 2025, 10:58
1 235

Турар-жой ижараси бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 86-моддасига кўра турар-жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун аренда шартномаси асосида берилиши мумкин.


13-май 2025, 10:32
895

«Касб эгаси» дуал таълим тизими нима ва уни ташкил этиш тартиби қандай?

«Касб эгаси» дуал таълим тизими — назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса йўлланма асосида иш жойида ўтказиладиган ҳамда корхона томонидан иш ҳақи тўланадиган таълим жараёнидир.


22-май 2025, 11:01
843

Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар

Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.


24-май 2025, 04:11
840

Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?

Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.