Ўзбекистон
15.03.2024
426

Рақамлаштириш даврида қоғозлар билан ишлаш тартиби тобора қисқариб бормоқда. Лекин шундай ҳужжатлар борки, уларнинг асл нусхасини сифатли сақлаб қолиш жуда муҳим. Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида Давлат кадастрлари палатасининг барча филиалларида “Намунали архив” хоналари ташкил қилинмоқда.
Маълумки, кадастр соҳасида архив ҳужжатларидан фойдаланиш хизматларни кўрсатишнинг асоси ҳисобланади. Боиси, келиб тушаётган сўровларнинг ижросини таъминлашда айнан кадастр йиғмажилдига мурожаат қилинади.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари архив хоналарида пойтахтимиз азим Тошкентнинг ҳар бир қарич ери тарихи, аҳоли хонадонларининг ўтмиш ҳаёти акс этган ҳужжатлар сақланади.
Кейинги йилларда кадастр тизимининг юраги бўлган архив йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани замон талаблари асосида янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу борада биргина 2023 йилнинг июнь ойида Давлат кадастрлари палатаси томонидан ишлаб чиқилиб, архив йўналишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилган дастурни алоҳида қайд этиб ўтиш ўринли. Мазкур дастурга мувофиқ, масъуллар олдига биринчи босқичда синов тариқасида Давлат кадастрлари палатасининг 3 та ҳудудидаги архив хонасини “Намунали архив” тариқасида қайта ташкил қилиш вазифаси қўйилган эди. Шунга кўра, 70 мингга яқин уй-жойларнинг кадастр йиғма жилдлари сақланаётган Сергели тумани филиалининг идоравий архиви “Намунали архив” лойиҳаси асосида танлаб олиниб, қисқа муддат ичида ҳар томонлама замонавий ва ақлли архивга айлантирилди.
Биринчи навбатда архив биноси таъмирдан чиқарилди. Мобил стеллажлар ўрнатилди, ёнғин ҳақида хабар берувчи тутун сабаб ишлайдиган сигнализаторлар, шунингдек, ўт ўчириш воситалари, видеокузатув камералари, ҳароратни электрон ўлчаш воситалари жойлаштирилди. Қоғозларнинг тўғри сақланиши ва сифати бузилмаслиги учун эса махсус вентиляция тизими ўрнатилди.
Архив хонасига кириш икки босқичли бармоқ изи ва юзни таниш тизими орқали амалга оширилади. Мазкур архив хонасига электрон кириш – Face-IDга асосан фақатгина архив мутахассиси билан филиал бош муҳандисигина кира олади. Бу эса архив сақлов хонасига бегоналарнинг киришини чеклайди.
Энг кучли назорат ёнғин хавфсизлигига қаратилган. Темир стеллажларнинг устунлик томони ёнғинга чидамли – олов ўтказмайди. Ёнғин чиққан вақтида ҳужжатларни бошқа жойга эвакуация қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, йиғилувчан бу жавонлар архив хоналарида 30-35 фоизгача қўшимча жой яратилишига замин яратади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу тизим орқали нафақат ҳужжатларнинг хавфсиз сақланиши, балки фуқароларнинг уй-жой ва ер мулкларига доир маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқлари ҳам таъминланади.
Нодира Жўраева,
Давлат кадастрлари палатаси
Тошкент шаҳар бошқармаси
Архив иши назорати бош мутахассиси
Улашиш:
Бошқалар
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.