#NoComment
10.11.2025
306

Ҳар қандай демократик жамиятнинг барқарор ривожланиши ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончи, энг аввало, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига амал қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, коррупция ва унинг асосий кўриниши ҳисобланган пора олиш ҳамда пора бериш ҳолатлари жамият тараққиётига жиддий таҳдид солади. Пора орқали мансабдор шахснинг хизмат вазифасига дахлдор қарорларига таъсир кўрсатиш, адолатсизлик ва тенглик принципларини бузиш нафақат иқтисодий, балки маънавий инқирозга ҳам олиб келади.
Шу сабабли, пора олганлик ва берганлик учун жавобгарлик масаласи ҳар бир ҳуқуқий давлатда, жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Қуйида пора олиш-бериш учун қандай жавобгарлик мавжуд эканлигиини таҳлил қиламиз.
Жиноят кодексининг 210-моддасига кўра, пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) тамагирлик йўли билан;
г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса:
5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 211-моддасида эса пора берганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга асосан, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олиш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, —
5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда 30 сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Қонун ҳамма учун тенг. Яъни пора олиш учун ҳам пора бериш учун ҳам жавобгарлик муқаррар. Ушбу жиноятлар нафақат қонунга хилоф ҳаракат сифатида, балки жамиятнинг маънавий устунларига қарши қаратилган оғир иллат сифатида баҳоланади. Коррупцияга қарши курашишда фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмасдан, балки фуқароларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат хизматчилари ўртасида шаффофлик ва ҳисобдорлик тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Агар ҳар бир фуқаро пора олиш ва беришнинг жиноий оқибатларини чуқур англаб етса, бундай иллатнинг жамиятдаги таъсири тобора камайиб боради.
Лобар Розимова,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.