Ўзбекистон
17.03.2021
348
Фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашда бу принциплар энг асосий мезон. Президент Халқ қабулхоналари томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда ҳам мазкур тамойилларга қатъий амал қилинди. Бунга Қашқадарё вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг давлатимиз раҳбари номига ёрдам сўраб мурожаат йўллаган 21 нафар ишчи-ходими ҳам ўз ҳаёти мисолида гувоҳ бўлди. Гап шундаки, тегишли ҳужжатларга мувофиқ, 2020 йилда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари, санитария-эпидемиология инспекцияси тугатилиб, ўрнига санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматлари ташкил этилган. Иш берувчи томонидан ташкилот тугатилди деган важлар билан 21 нафар ишчи-ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинади. Аслида эса ҳужжатларда кўрсатилганидек янги ташкил этилган ташкилот тугатилган ташкилотнинг мажбуриятлари ва шартномалари ижроси бўйича ҳуқуқий ворис деб ҳисобланади. Оммавий қабулда фуқароларнинг шу масаладаги аризалари Қарши тумани судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан сайёр суд тартибида кўриб чиқилди. Ишдан ноҳақ бўшатилган 21 нафар киши ворис ташкилотга ишга тикланиб, маънавий зарар ҳам ундириб берилди. Оммавий қабул жараёнларида Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг аппеляция тартибидаги очиқ суд мажлисида ноҳақ айбланиб, жарима жазоси тайинланган 2 нафар шахсга доир иш ҳам кўриб чиқилди. Улар 2015 йилда тазйиқлар остида берилган гувоҳликлар, асоссиз кўрсатмалар бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган. Яъни, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилганликда, пора олиш ва беришда воситачиликни амалга оширганликда айбланиб, судланган. Уларнинг мурожаатлари асосида олиб борилган қўшимча текширувлар, суд жараёнлари натижасида айбсизлиги ўз исботини топди ва реабилитация қилиш йўли билан оқланди. Миришкор тумани Айзабод маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Нормуродова ҳам катта умидлар билан оммавий қабулга келди. Маълум бўлишича, унинг тўнғич ўғли 21 ёшида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтгача жазо муддатининг 6 йилини ўтаган фарзандига енгиллик беришни сўраб, Олий судга мурожаат қилди. Унинг аризаси Олий судда кассация тартибида кўриб чиқилиши аёлга умид бахш этди. Қарши шаҳридаги “Юксалиш Барака омад” МЧЖ раҳбари Бунёд Паттаевнинг жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг қароридан норози бўлиб ёзган кассация шикояти эса Олий суд томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқилиши билдирилди. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келган низоли ишларни кўришда имкон қадар тарафларни келиштиришга эътибор қаратилмоқда. Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг даъвогар Шўртан газ-кимё мажмуаси қошидаги Қурилиш-монтаж-таъмирлаш бошқармаси унитар корхонаси манфаатини кўзлаб жавобгар “RAVON STRОY CITY” масъулияти чекланган жамиятидан 2 миллиард 878 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш юзасидан суд ташаббуси бўйича томонлар ўртасида низо бартараф этилиб, келишув битими тузилишига эришилди. Хитойлик инвестор томонидан киритилган даъво аризаси эса қаноатлантирилиб, инвестор иштирокидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фойдасига 13 миллиард 174 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш тўғрисида иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, инвесторнинг ҳуқуқлари тикланди. Фуқаролар мурожаатлари юзасидан оммавий қабулларнинг ўзида сайёр судлар ташкил этилиб, муаммолар ҳал этилди. Жумладан, Қаршилик Гулсара Худойбердиева узоқ йиллар хўжаликда соғувчи бўлиб ишлаган. Аммо иш ҳақига доир ҳужжатларда унинг фамилияси нотўғри ёзилган. Натижада пенсия тайинлашда муаммолар юзага келган. Унинг аризаси ўрганилиб, ҳужжатларда қайд этилган иш ҳақи ҳақидаги маълумотлар Гулсара Худойбердиевага тегишли экани факти суд тартибида белгиланди. Худди шу тарзда 19 нафар фуқаронинг пенсия таъминоти билан боғлиқ низолари ҳам ҳал қилинди. Қарши шаҳрилик Дилафрўз Хўжамуродова уйи йўқлиги сабабли 12 йилдан буён оилавий ётоқхонада яшайди. 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи вафот этиб, оила ташвиши, фарзандлар тарбияси ёлғиз ўзининг зиммасига тушган аёл оммавий қабулга яшаб турган турар-жойини ўз номига расмийлаштириб беришда ёрдам сўради. Дилафрўз Хўжамуродова ҳамда оилавий ётоқхонада яшаб келаётган яна 2 нафар аёлнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида сервис хизмати кўрсатувчи корхоналардан бирида ҳуқуқшунос-маслаҳатчи бўлиб ишлаган миришкорлик Зулхумор Ҳамраева 2018 йилда ишдан бўшатилган. Оммавий қабулда бу фуқаронинг ҳам меҳнат низоси бўйича шикоят аризаси қабул қилинди ва назоратга олинди. Оммавий қабуллар жараёнида Олий судга 886 та мурожаат тушган бўлса, уларнинг 278 таси жойида ҳал этилди, 280 га яқинига асослантирилган тушунтиришлар берилди. Ижро учун назоратга олинган 239 та мурожаатдан 134 таси бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. 18 та фуқаронинг аризаси вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат бўйича даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилиниб, назоратга олинди. 141 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 29 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилди. Оммавий қабулларда Бош прокуратурага 360 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилган бўлса, шундан 62 та масала жойида ҳал қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми тергов ва суриштирув, суд қарорлари ижроси, ижтимоий-иқтисодий, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал соҳа юзасидан бўлди. Иш масаласида мурожаат қилган 21 нафар фуқаронинг 4 нафари ўзига маъқул бўлган корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган бўлса, 17 нафари касбга ўқитишга йўналтирилди. Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул жараёнларида 155 нафар фуқаро билан мулоқотлар ўтказилиб, улар томонидан билдирилган 49 та масала жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 101 та мурожаат кўриб чиқилиши назоратга олинди. Қамашилик Турдимурод Ҳайдаров Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида қўзғатилган жиноят иши суд органларига ўтказилмасдан қолиб келаётганини айтиб, эътироз билдирди. Ушбу ҳолат юзасидан тергов хизмати масъуллари ва терговчиларнинг ҳисоботи эшитилиб, шу куннинг ўзида иш суд органларига юборилди. 22 нафар шахсни муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш бўйича судларга тақдимнома киритилиб, улар жазодан озод этилди, 36 нафар фуқарога нисбатан фуқаролик ҳужжатлари расмийлаштирилиб, уларга ID карта топширилди. “Кўҳна воҳа томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Обиджон Худойбердиев эса божхона хизмати масъулларига хориждан олиб келинган мандарин маҳсулотини ўз омборига божхона таъминлов сўммасисиз туширишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Маҳсулотни сифатли сақлаш учун жамиятга қарашли омборда шароит мавжудлиги ҳисобга олиниб, мурожаат қаноатлантирилди. Ғузор туманида яшовчи Дилфўза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди. Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди. Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Татаристон раиси Сурхондарёга келди
У сафарини Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Йўловчилар сони кескин кўпайиб, вагонларга нормадан ортиқ юклама тушиши оқибатида метро поездлар тез-тез бузилмоқда – Метрополитен
“Тошкент метрополитени” ДУК метро йўловчиларига мурожаат билан чиқди.
Сурхондарё ҳокимига янги “зам” тайинланди
Алишер Амиров илгари ҳам Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Шеробод тумани ҳокими лавозимларида ишлаган.
Исроилда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Ўзбекистон фуқароларига Исроилдаги барча зарур эҳтиёт чораларини кўришни, хавфсиз жойларда бўлишни ва расмий органлар хабардор қилинмагунча у ерни тарк этмасликни қатъий тавсия қилди.