currencies image

11 809,82 UZS

29,77

usd

currencies image

13 569,48 UZS

0,13

eur

currencies image

140,68 UZS

0,26

ru



АсосийЯнгиликларПрофилактик эмлаш қачон жорий этилади ва кимлар биринчи навбатда эмланади?

Профилактик эмлаш қачон жорий этилади ва кимлар биринчи навбатда эмланади?

Ҳуқуқ

calendar

21.09.2026

eye

65

Профилактик эмлаш қачон жорий этилади ва кимлар биринчи навбатда эмланади?

Юқумли касалликларнинг аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда профилактик эмлаш муҳим воситалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда профилактик эмлашлар режали тарзда амалга оширилиши билан бирга, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи юзага келганда ҳам қўшимча чора сифатида жорий этилиши мумкин.

Бу тартиб Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 7 августдаги 17-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомда белгилаб қўйилди. Ҳужжат 2026 йил 9 сентябрда Адлия вазирлигида 3936-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.


Қачон профилактик эмлаш жорий этилади?

Профилактик эмлашни жорий этишга қуйидаги ҳолатлар асос бўлиши мумкин:

— ҳудудда юқумли касаллик аниқланса;

— касалланиш кўрсаткичлари эпидемиологик жиҳатдан хавфли даражада ошса;

— юқумли касалликнинг кенг тарқалиш хавфи мавжуд бўлса;

— аҳолининг айрим гуруҳларида касалликни юқтириш хавфи юқори бўлса.


Қарорни ким қабул қилади?

Профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи қабул қилади.

 

Кимларга биринчи навбатда эмлаш ўтказилади?

Аввало, юқумли касалликни ўзига юқтириш ёки бошқаларга юқтириш хавфи юқори бўлган шахслар эмланади.

Шунингдек, касаллик ўчоғида бемор билан мулоқотда бўлганлар ва эпидемиологик кўрсатма бўйича эмланиши лозим бўлган шахсларга ҳам устуворлик берилади.


Эмлашдан олдин тиббий кўрик ўтказилади

Профилактик эмлашдан олдин шахс тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда эмлашга монелик қилувчи тиббий ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланади.

Жумладан, вакцина таркибидаги компонентларга юқори сезувчанлик, аввал тегишли вакцина қўлланилганда оғир аллергик реакция кузатилганлиги ва тиббий йўриқномада белгиланган бошқа қарши кўрсатмалар инобатга олинади.

 

Фақат рухсат этилган вакциналар қўлланилади

Профилактик эмлаш тегишли малака ва кўникмага эга тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Бунда Ўзбекистон ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилган ва тиббиётда қўллашга рухсат этилган вакциналардан фойдаланилади.

 

Эмлашдан олдин фуқарога маълумот берилади

Тиббиёт ходими эмлашдан олдин шахсга:

— эмлашнинг мақсади;

—  қўлланиладиган вакцина;

—  унинг эҳтимолий таъсири;

—  эмлашдан кейинги кузатув тартиби;

—  эмлашни рад этишнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот бериши керак.

 

Эмлашдан кейин ҳам кузатув давом этади

Эмланган шахс дастлабки 30 дақиқа давомида тиббиёт ходими кузатувида бўлади.

Шундан кейинги 3 кун давомида эса шифокор ва патронаж ҳамшира томонидан кузатиб борилади.

Агар эмлашдан кейин нохуш ҳолат аниқланса, давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.

 

Эмланганлар ҳақидаги маълумотлар электрон тизимга киритилади

Ҳар бир эмланган шахс ҳақидаги маълумотлар, жумладан, эмлаш санаси, вакцина номи ва серияси каби маълумотлар Ягона тиббиёт ахборот тизимига эмлаш ўтказилган заҳоти киритилади.

Муҳим: профилактик эмлашни жорий этиш тўғрисидаги қарор аҳолига давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар, тиббиёт, таълим ва бошқа ташкилотлар орқали, шунингдек ОАВ ва расмий интернет ресурслари орқали етказилади.

Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос

Улашиш: