currencies image

12 655,02 UZS

22,14

usd

currencies image

13 725,63 UZS

58,12

eur

currencies image

144,28 UZS

0,24

ru



АсосийЯнгиликларШаҳар шовқини. Рухсат этилган шовқин даражаси қандай ва уларга қай даражада риоя этилмоқда – таҳлил

Шаҳар шовқини. Рухсат этилган шовқин даражаси қандай ва уларга қай даражада риоя этилмоқда – таҳлил

Ҳуқуқ

calendar

10.07.2024

eye

260

Шаҳар шовқини. Рухсат этилган шовқин даражаси қандай ва уларга қай даражада риоя этилмоқда – таҳлил© Фото: hudud24.uz / habikatura

Шаҳар товушлари, шу жумладан, автомашиналар ҳаракати, қурилишдан чиқаётган овозлар, тирбандликдаги сигналлар, сиреналар, стадион ва тунги кўнгилочар объектлардан чиқаётган товушлар кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас, шу билан бирга, ёқимсиз қисмига айланиб улгурди. ISGlobal ташкилоти таҳлилларига кўра, Европа шаҳарларида 60 млндан ортиқ вояга етган кишилар йўл ҳаракати келиб чиқарадиган зарарли шовқинда азият чекмоқда. Шовқиннинг зарарли таъсири туфайли ҳар йили 3600 тагача киши юрак ишемик касалликларидан вафот этади. Шу жумладан, Ригада (Латвия) аҳолининг 82 фоизи, Прагада (Чехия) 71 фоизи, Парижда (Франция) эса 67 фоизи инсон ҳаётига зарар етказадиган даражадаги шовқин таъсирида яшайди.

UNEP (United Nations Environment Program) нинг 2022 йилги ҳисоботида Дакка (Бангладеш) жаҳоннинг энг шовқин шаҳри сифатида эътироф этилган (119 dBА). Кейинги ўринларни Морадобод (Ҳиндистон) (114 dBА) Исломобод (Покистон) (114dBА) эгаллаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг шаҳар шовқини бўйича кўрсатмаларига кўра, тавсия этилган шовқин чегараси кўчалар учун 55 dBА, тижорат ва транспорт инфратузилмалари учун 70 dBАни ташкил этади.

ЖССТ прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб, жаҳон миқёсида 2,5 млрд киши ёки сайёранинг ҳар тўртинчи кишиси маълум даражада эшитиш қобилиятининг йўқолишидан азият чекади. Ўтказилган ўрганишлардан маълум бўлишича, шовқиннинг инсон саломатлигига хавф соладиган даражаси асосан йўл ҳаракати (шу жумладан, тирбандлик), қурилиш ишлари, сирена ва огоҳлантирув овозлари (хусусан, сигнализaция), тунги клублардан чиқадиган баланд мусиқа товушларидан юзага келади.

Хўш, маиший шаҳар шовқинлари қандай ўлчанади? Рухсат этилган шовқин даражаси қандай ва уларга қай даражада риоя этилмоқда? Маиший шовқин қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор? Муроджон Нажмиддинов ушбу мақолада шу тўғрисида сўз юритади.

Маиший шовқинлар қандай ўлчанади?

ЖССТ маълумотларига кўра, дунё аҳолиси 16 фоизи карлик ва эшитиш қобилиятининг бузилишидан азият чекмоқда, уларнинг 30 млндан ортиғи болалар. Ёшларнинг 1.1 млрдддан ортиғи саломатлик учун хавфли даражадаги баланд овозда мусиқа тинглашлари сабабли эшитиш қобилиятини йўқотиш хавфи остида қолмоқда.

Бугунги кунда эшитиш қобилиятини йўқотиш касаллиги дунёда кенг тарқалган сенсор шаклигидаги ногиронлик ҳисобланади. Унинг асосий сабаблари қаторида генетик касалликлар, сурункали қулоқ инфекциялари

ва бошқа қатор касалликлар билан биргаликда шовқинлар туради. Агар шовқин даражаси 70-90 dBА етса ва жуда узоқ вақт давом этса, бундай шовқин марказий асаб тизими касалликларига олиб келиши мумкин. 100 dBА дан ортиқ шовқин даражаси эшитиш қобилиятининг сезиларли даражада йўқолишига, тўлиқ карликка олиб келиши мумкин. Шунинг учун биз баланд овозда мусиқа тинглашда завқ ва фойдадан кўра кўпроқ зарар оламиз.

Биз кундалик ҳаётимизда дуч келадиган маиший шовқинлар эшитиш қобилиятимиз учун қай даражада зарарли? Юқорида айтилгандек, 90 dBА баландликдаги давомий шовқин инсон саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин. Хўш, атрофимиздаги шовқин баландлиги (dBА) қандай? Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Даража
 
dBА
 
Товуш
 
Ҳаддан ташқари
баланд
 
140
 
Мушакбозлик (3 м масофада)

 
130
 
Стадион шовқини (максимум)

 
120
 
Саноат шовқини

 
110
 
Тез ёрдам сиренаси, концерт

 
Жуда баланд
 
100
 
Метро

 
90
 
Гавжум йўл ҳаракати

 
Баланд
 
80
 
Чангютгич

 
70
 
Соч қуритгич, гавжум кафе

 
Ўртача
 
60
 
Суҳбат

 
50
 
Ёмғир

 
Сокин
 
40
 
Совутгич

 
30
 
Пичирлаш

 
Сезиларли
 
20
 
Баргларнинг шитирлаши

 
10
 
Нафас олиш

 

Автомобиль шовқини шаҳарларнинг кўпроқ магистраль, яъни асосий кўчаларида кўп кузатилади. Ўртача интенсив ҳаракатда 1 соатда 2000-3000 транспорт бирлиги қайд этиладиган бўлса, автомобиль шовқинининг максимал даражаси 90 dBАга тенг бўлади. Бунда транспорт ҳаракатининг шовқин характеристикаси биринчи навбатда йўл категориясига боғлиқ. Кўчадаги шовқин даражаси транспорт оқимининг интенсивлиги ва тезлиги билан хам характерланади. Автомобиль оқими қанчалик кўп бўлса ва тезлиги юқори бўлса, ундан чиқаётган шовқини даражаси хам юқори бўлади.

ЖССТ маълумотларига кўра, шовқинли кўчаларда (65-75 dBА) яшовчи одамларда юрак-қон томир касалликларининг хавфи 20 фоизга ортиқ бўлади.

Рухсат этилган шовқин даражаси қандай?

Бир қатор тарихий манбаларга кўра, қадимги Хитойда жазо турларидан бири сифатида «мусиқа азоби» ҳам қўлланилган. Шовқиннинг таъсирини тўғри баҳолай олган хитойликлар оғир жиноят содир этган ҳуқуқбузарларни узоқ муддатга баланд мусиқа остида ўтиришга мажбур қилишган. Бугунги кунда ҳам жазонинг бундай туридан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари учраб турмоқда. Масалан, АҚШнинг Оклахома штати қамоқхонасининг икки ходими ва уларнинг бошлиғи маҳкумларни соатлаб «Baby Shark» қўшиғини тинглашга мажбур қилганлиги учун ишдан бўшатилган. Расмий нашрларга кўра, маҳкумлар деворга маҳкамланган ва қўшиқ бир неча соат баланд овозда янграган.

Шу билан бирга, тарихдан шовқиннинг зарарли таъсирини камайтиришга қаратилган қатор чоралар кўриб келган. Масалан, диктатор Юлий Сезар (миль. авв. 100-44) аҳоли тинч ухлаши учун тунда Рим кўчаларида ҳар қандай араваларнинг юришини тақиқлаб қўйган. Англия қироличаси Елизавета I (1533-1603) кишилар ороми бузилмаслиги учун соат 22:00 дан кейин шовқин солиш, ҳаттоки эт-хотинлар жанжалини ҳам тақиқлаган. Бугунги кун билан таққослаганда тамаддунинг қадимги ва ўрта тарих даврига нисбатан шовқин манбалари жуда ва баландлиги анча чегараланган, оилавий жанжаллар ҳамда бошқа маиший шовқинлардан иборат эди. Аммо шунга қарамай унга қарши турли усуллар билан курашиб келинган.

Шовқиннинг тури ва даражаси ортиб бориши билан унга қарши кураш нафақат миллий ва халқаро тус ҳам олди. Шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши (UNHRC)нинг 2021 йилдаги 48-сессиясида инсоннинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини умуминсоний ҳуқуқ сифатида эътироф этган резолюция қабул қилинди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қатор Европа ва Осиё мамлакатларида шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган. Шу жумладан, Японияда «Шовқинни тартибга солиш тўғрисида» (1968), АҚШда «Шовқинни назорат қилиш тўғрисида» (1972), Буюк Британияда «Шовқин тўғрисида» (1996) қонун қабул қилинган.

Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади. Францияда эса автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган бўлиб, мазкур тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади.

Жорий йилнинг бошида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш, шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсaция тўлови ҳуқуқий механизмини жорий этиш таклиф қилинган эди.

Аммо Ўзбекистон қонунчилигида шовқиннинг зарарли таъсирига қарши курашиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун ҳужжати мавжуд эмас. Шу билан биргаликда, ушбу соҳада етарлича ўрганилмаган. Хусусан, сўнгги йигирма йил давомида атиги битта тадқиқот ўтказилган.

Шунга қарамасдан, ушбу соҳада муносабатлар қатор техник ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 29 декабрдаги 0008-20-сон қарори билан турар жойларда, жамоат биноларида, аҳоли яшаш ҳудудларида ва дам олиш зоналарида рухсат этилган шовқин даражасининг санитария қоидалари ва меъёрлари тасдиқланган. Ушбу қоида ва меъёрларда куннинг вақтига қараб, товушнинг қуйидагича максимал даражаларига рухсат этилган:


 
Бино ёки ҳудудларнинг номлари
 
Сутканинг вақтлари
 
Товушнинг максимал даражалари, дБА
 
1.
 
Шифохона, клиника ва санаторийлар палаталари ҳамда оперaсия хоналари
 
07:00 – 23:00
 
50
 
23:00 – 07:00
 
40
 
2.
 
Синф, ўқув хоналари, таълим муассасалари аудиториялари, семинарлар ўтказиш учун заллар, масжидлар, кутубхоналар
 

 
55
 
3.
 
Хонадонларнинг яшаш хоналари, дам олиш уйлари, қариялар ва ногиронлар уйлари, мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлари ётоқхоналарида
 
07:00 – 23:00
 
55
 
23:00 – 07:00
 
45
 
4.
 
Меҳмонхона ва кемпинглар хоналари ва ётоқхоналарнинг яшаш хоналарида
 
07:00 – 23:00
 
60
 
23:00 – 07:00
 
50
 
5.
 
Кафе, ресторан, бар ва ошхоналарнинг овқатланиш залларида
 

 
70
 
6.
 
Бозорларда, дўконларнинг савдо залларида, аэропорт ва вокзалларнинг йўловчилар залларида, маиший хизмат корхоналари қабул пунктларида
 

 
75
 

Ёпиқ концерт заллари, дискотека ва тунги клублар, ресторан, кафе, барлар ва бошқа умумий овқатланиш шахобчалари, очиқ жойлардаги концерт ва рақс майдонлари, истироҳат боғлари, боғлар ва дам олиш зоналарида товушни кучайтирувчи ва товуш чиқарувчи қурилмалар жойлаштирилганда товушнинг максимал даражаси қуйидаги жадвалда кўрсатилганидан юқори бўлмаслиги керак.


 
Объект номлари
 
Ўлчаш ўтказиш жойлари
 
Товушнинг максимал даражалари, дБА
 
1.
 
Концертлар вақтида концерт
ва бошқа залларда
 
Партернинг биринчи 5 қатордаги томошабин ўриндиқлари олдида
 
90
 
2.
 
Дискотека ва тунги клуб залларида
 
Товуш манбасидан
2м масофада
 
90
 
3.
 
Электроакустик қурилмалар билан мусиқа чалинганда ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шахобчалар залида
 
Товуш манбаларига яқин бўлган столлар олдида
 
70
 
4.
 
Истироҳат боғлари, боғлар ва дам олиш зоналарида очиқ концерт
ва рақс майдонларида
 
Товуш манбасидан
2м масофада
 
90
 

Шунингдек, 2018 йил 8 февралдаги 0352-17-сон санитария ва гигиена қоидалари ва меъёрларига кўра, спорт залларида максимал шовқин даражаси машғулотлар пайтида 82 dBА дан ва мусобақалар пайтида эса 110 dBА дан юқори бўлмаслиги керак.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2022 йил 17 майдаги 0022-22-сон қарорига кўра, шовқин даражаси 80 dBА дан юқори бўлган қурилиш жойларида хавфлиликни кўрсатувчи белгилар ўрнатилиши ва шу тоифадаги иш жойларида ишчилар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишлаши лозим. Ишчилар саломатлигига жиддий зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида қурилиш ишлари шовқин даражаси 135 dBА дан юқори бўлган жойларда олиб борилмайди.

Шовқиннинг салбий таъсир қилишини олдини олиш кундузги вақтда 80 dBА дан юқори даражада шовқин ҳосил қиладиган шовқинли транспорт воситаларни ҳаракатланишини чеклаш чоралари кўрилиши зарур.

Концерт, тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда товуш чиқарувчи ва товушни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиладиган ансамблларни ва бошқа гуруҳларнинг мусиқа асбобларини товуш даражалари ушбу тадбир ўтказилаётган объектларда (ресторан, кафе, тантана уйлари ёки аҳоли яшаш (маҳаллалар) ҳудудлари) кундузи ва тунги вақтлар учун рухсат этилган даражалардан ошиб кетиши мумкин эмас.

Шовқин нормаларига қай даражада риоя этилмоқда?

Юқорида кўриб чиқилганидек, ҳар бир объектга нисбатан шовқиннинг рухсат этилган максимал даражаси белгиланиб, унинг ошиб кетишини олдини олиш бўйича чоралар кўриш мажбурияти ўрнатилган. Бир қараганда барчаси содда ва оддий. Аммо шаҳар шовқинлари – автомобиль йўллари, қурилишлар, кафе-ресторанлардаги мусиқа, спорт майдонларидаги чинқириқлар – шовқин бўйича санитария ва гигиена нормаларига қанчалик амал қилинмоқда?

Муаллиф томонидан пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Яккасарой, Юнусобод ва Миробод туманларидаги бир қатор объектларда шовқин баландлиги ўлчанганда уларда шовқин рухсат этилган даражадан юқори эканлиги маълум бўлди. Шахсий кузатишларга кўра, пойтахтда шаҳар шовқинларнинг энг катта манбасини йўл ҳаракати, қурилишлар ҳамда умумий овқатланиш корхоналари ва тунги клублар ташкил қилади.

Шу жумладан, шаҳарнинг деярли ҳар бир нуқтасида учратиш мумкин бўлган ва инсон саломатлигига жиддий хавф солаётган шовқинларни асосан транспортлар ҳаракати келтириб чиқаради. Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати шовқини даражаси ўртача ҳисобда 80-120 dBA атрофида қайд этилди. Бунда энг юқори натижа пойтахтнинг Навоий, Тарас Шевченко, Нукус, Махтумқули кўчалари ва Кичик ҳалқа йўлига тўғри келади. Йўллардаги шовқин даражаси йўлнинг ўтказувчанлиги, транспорт оқими, тезлиги ва бошқа бир қатор омилларга боғлиқ.

Шовқиннинг асосий манбаларидан яна бири кўпқаватли иншоотлар қурилиш жойлари ҳисобланади. Бундай қурилиш жойларидан чиқаётган шовқинлар, шу жумладан, кўтарма кранлар, оғир машиналар ва бошқа қурилиш ускуналаридан чиқаётган товушлар ўртача 85-135 dBAни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, қурилиш-таъмирлашлар шовқини бўйича пойтахтнинг турли туманлари, шу жумладан, Яккасарой, Янгиҳаёт, Юнусобод, Бектемир, Сирғали туманлари аҳолисидан кўплаб норозиликлар билдирилган. Бундай норозиликларда шовқиннинг баландлиги, айрим компаниялар томонидан қурилиш ишларининг туну кун давом эттирилаётганлиги, қурилиш жойлари яқинидаги таълим муассасалари фаолиятига халал бераётганлиги ҳам маълум қилинган.

Навбатдаги шовқин манбаси умумий овқатланиш корхоналари (кафе, ресторан, бар, ошхона ва бошқалар) ва тунги клублардан чиқаётган товушлар ташкил қилади. Пойтахтнинг турли туманларида юқорида қайд этилган объектлар шовқини ўлчанганда шовқин даражаси ўртача ҳисобда 70-110 dBA эканлиги маълум бўлди. Турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан маълум бўлишича бу борадаги шикоятларнинг аксарияти тунги вақтда фаолият юритувчи тунги клублар ва тўйхоналар фаолиятига тўғри келади.

Швейцарияда «шовқинсиз» дискотекалар ҳам мавжуд бўлиб, уларда мусиқа динамиклардан эмас, балки қулоқчинлардан (наушник) янграйди. Бироқ, уларнинг «шовқинсиз»лигига қарамасдан аҳоли орасида норозилик келиб чиққан. Шу жумладан, маҳаллий аҳоли шовқиндан шикоят қилган. Хусусан, бунга дискотекага келганларнинг мунтазам равишда баланд овозда қўшиқ куйлашлари асосий сабаблардан бири бўлган.

Юқорида келтирилган мисоллардан ташқари спорт майдонларидан, шу жумладан стадионлардан чиқаётган овозлар ҳам аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Хусусан, мини-стадионларда тунги вақтдаги футбол ўйинларида чиқаётган шовқин даражаси ўртача 85-100 dBAни ташкил қилмоқда.

Эслатма: шовқиннинг юқоридаги ўринларда келтирилган кўрсаткичлари мобил қурилма орқали ўлчанган бўлиб, шовқиннинг ҳақиқий даражасидан фарқ қилиши мумкин. Шовқинни ўлчаш учун 1 ёки 2 синфдаги октава фильтрли профессионал шовқин ўлчаш воситаларидан фойдаланилади.

Маиший шовқин қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш учун жавобгарлик белгиланган. Бунда тунги вақтда, яъни соат 23.00 дан 06.00 гача фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга қаратилган қатор ҳаракатлар шу жумладан, баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, Кодексда транспорт воситаларидан сабабсиз товуш сигналини бериш учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.

Шу ўринда айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 624-сон қарорида умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда уларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган этиб жиҳозлаш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик шарти билан туну кун фаолият юритишга рухсат берилган. Агарда ушбу талабларга риоя этилмаслик юқорида назарда тутилган объектлар, шу жумладан, тунги клублар фаолиятини тўхтатишга асос бўлади.

Улашиш:

Бошқалар

20-июн 2024, 13:37
1 569

1-синфга қабул бошланди: муҳим 10 саволга жавоб

Мактабларда 1-синфга қабул бошланди. Онлайн ҳужжат топшириш мумкин бўлган ҳудудлар эълон қилинди, бошқа ҳудудларда ҳужжатлар қандай топширилади? Бола ўзи яхши билмайдиган тилда таълим олиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақола орқали шу ва шу каби саволларга жавоб беради.


28-июн 2024, 14:31
1 189

Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар нималарга мажбур ва уларни бажармаса нима бўлади? Муҳим 5 жиҳат

«Квартплата» миқдори қандай белгиланади? Бу тўлов эвазига коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот айнан қандай ишларни бажариши шарт? Агар бажармаса, нима бўлади? Hudud24.uz ушбу мақолада шу сингари саволларга жавоб беради.


27-июн 2024, 12:49
684

Журналист ўз фаолиятини амалга оширишда дахлсиздир: ОАВга оид муҳим 10 қоида

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Ушбу сана 1993 йил 3 сентябрдаги Қонун белгиланган. Қонунчиликка кўра, журналистга босим ўтказиш тақиқланади, улар эълон қилган материал жиноят иши қўзғатиш учун сабаб бўлиши мумкин. Hudu24.uz ОАВ соҳасига оид эркинликлар ва кафолатлардан айримларини эслатади.


3-июл 2024, 13:42
597

Олимпиада медали учун мукофот пули берилиши тўғрими? Ижтимоий тармоқдаги баҳсларга шахсий муносабат

Кимдир ушбу мукофот умуман берилишини истамайди, ким шунчаки маблағ миқдоридан норози, яна бир томон буни тўғри деб баҳоламоқда. Жамоатчилик фаоли ва Hudud24.uz колумнисти Шаҳноза Соатованинг мақоласида ушбу масалага муносабат билдирилади.