Ҳуқуқ
30.01.2025
55
Ўзбекистон Республикаси “Жиноят кодекси”нинг 72-моддасига кўра, агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин.
Бундай ҳолда суд, башарти, белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради.
Синов муддати бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарор юқори суд томонидан чиқарилган тақдирда ҳам, синов муддатини ҳисоблаш шу кундан бошланади.
Шартли ҳукм қилинганда, башарти, бунга асослар мавжуд бўлса, суд маҳкумга муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга ёки ўқишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи каби мажбуриятларни юклаши мумкин.
Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги назорат олиб боради.
Ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органнинг тақдими билан суд синов муддати давомида унга юклатилган мажбуриятларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини олиб ташлаши ёки унинг зиммасига янги мажбуриятлар юклаши ҳам мумкин.
Агар шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Шартли ҳукм ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга, шунингдек, илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, шунингдек олтмиш ёшдан ошган шахслар бундан мустасно.
Улашиш:
Бошқалар
1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Айрим таълим ташкилотлари коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Хориждан келаётганда бож тўламасдан қанча товар олиб ўтиш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда — 1 000 (бир минг) АҚШ доллари олиб ўтиш мумкин.
Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.
Ўзбекистондан қатор халқаро йўналишларга автобус қўйилиши режалаштирилмоқда
Транспорт вазирлиги республиканинг турли ҳудудларидан халқаро йўналишларда автобус қатновларини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.