#NoComment
10.11.2023
967
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла “Кўксарой” қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказди. Учрашув аввалида давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Италия Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим воқеа эканини таъкидлади. Сержо Маттарелла Ўзбекистон етакчисига таклиф ҳамда Италия делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун дилдан миннатдорлик билдирди. Италия Президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади ҳамда мамлакатнинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва интеграциялашувни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Президенти жорий йил июнь ойида Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбарлари парламентлар ва ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги фаол мулоқотларни давом эттириш муҳим эканини айтди. Келгуси йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди. “Марказий Осиё - Италия” мулоқоти доирасида ҳам фаол алоқалар давом эттирилади.
Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 9 миллиард еврони ташкил этди. Савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муваффақиятли кооперация қилинаётгани қайд этилди. Ўзбекистон миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилди.
Томонлар Тошкент шаҳрида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган “Конфиндустрия Ўзбекистон” саноатчилар уюшмаси очилганини олқишлади. Ҳукуматлараро гуруҳ доирасида маҳаллийлаштиришнинг янги йўналишлари ва лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди. Италия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда киришини ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қабул қилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Тошкентдаги Турин политехника университети филиалининг фаолияти бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол экани қайд этилди. Ушбу етакчи олий таълим даргоҳи негизида Италиянинг илғор технологиялари трансфери маркази ташкил этилади. Ўзбекистонда итальян тилини ўрганишга қизиқиш ўсиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Мактабларда итальян тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва уни ўқитишни босқичма-босқич жорий қилиш муҳимлиги ҳақида фикр билдирилди.
Шунингдек, Италияда қўшма тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди. Халқлар бир-бирининг бой ва бетакрор маданий-тарихий мероси билан танишиши учун мамлакатларимизда Ўзбекистон ва Италия маданият, кино ва туризм кунлари ўтказилади. Самарқанд археология институти ҳамда Болонья ва Неаполь университетларининг қўшма гуруҳи томонидан олиб борилаётган археология изланишлари юксак баҳоланди.
Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди. Давлат раҳбарлари ҳузурида Дипломатик паспорт эгаларини виза тартиб-таомилларидан озод этиш тўғрисида Ҳукуматлараро битим ҳамда таълим, фан, технология ва инновациялар, спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувлар имзоланди.
Улашиш:
Бошқалар
Мурожаатчи билиши лозим бўлган 5 та муҳим факт
Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.
Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари
БМТ маълумотларига кўра, ўртача меҳнат бозорида аёллар ҳали ҳам глобал миқёсда эркакларникига қараганда 23 фоизга кам даромад олишади. Бунда, хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқининг таъминланмаганлиги асосий сабаб сифатида кўрсатилади.
Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб
Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.
Хотин қизларга таълим олишда яратилган имтиёзлар
Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.