currencies image

12 739,99 UZS

24,57

usd

currencies image

14 256,05 UZS

65,64

eur

currencies image

136,83 UZS

0,17

ru



АсосийЯнгиликларШавкат Мирзиёев Самарқанддаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Ўзбекистон

calendar

07.09.2023

eye

525

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади. “Ҳурматли анжуман иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар! Сиз, азизларни қадимий ва гўзал Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлигига бағишлаб ўтказилаётган халқаро конференциянинг очилиши билан чин қалбимдан табриклайман. Мазкур анжуманда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар қатнашаётгани унга жаҳон миқёсидаги катта қизиқиш ва эътибордан далолатдир. Албатта, ушбу конференция учун айнан Самарқанд шаҳри танлангани бежиз эмас. Қарийб уч минг йиллик тарих ва маданиятга эга бўлган бу кўҳна шаҳар асрлар давомида Буюк ипак йўлидаги муҳим чорраҳа бўлиб келган. Сизларга яхши маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги, уни барқарор етказиб бериш, очлик ва қашшоқликка қарши кураш масалалари бугун ҳам ўта долзарб бўлиб қолмоқда. Сўнгги ўн йилларда “яшил инқилоб” ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди, тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Афсуски, кейинги пайтда коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида занжирларнинг узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлди. Бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда. Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш жанобларининг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммит ўтказиш борасидаги ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Бугунги анжуман ана шу саммитнинг мантиқий давомидир. Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, ташқи таъсирларга чидамли навларини яратиш, чорва наслини яхшилаш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Фермерлар ва кичик ишлаб чиқарувчилар учун ахборот-консалтинг марказларини ташкил этиш, уларни ресурс тежайдиган илғор технология ва усуллар бўйича ўқитиш учун агро-консалтинг хизматлари сифатини тубдан яхшилаш ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги фермерлар учун бир хилда очиқ ва ҳамёнбоп бўлиши керак. Биз халқаро молия институтларини ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг “яшил технологиялар”дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирамиз. Биз энг зарур маҳсулотлар савдоси ва транспортировкасида тўлиқ эркинлик ҳамда озиқ-овқат юклари ҳаракатини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз. Савдо йўллари хавфсизлиги ва очиқлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарур. Қадрли дўстлар! Ўзбекистон замини ўзининг қадимий ва бой деҳқончилик анъаналари, ғоят хилма-хил, мазали ва ноёб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан азалдан шуҳрат қозониб келади. Агротармоқ иқтисодиётимиздаги етакчи секторлардан бири бўлиб, меҳнатга лаёқатли аҳолимизнинг 27 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилади. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада самарали ва ресурс тежайдиган соҳага айлантириш, қишлоқда аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш, халқимизни арзон ва барқарор нархларда хавфсиз ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бизнинг юртимиздан етишиб чиққан, Ғарбда “Авиценна” деган ном билан шуҳрат қозонган буюк аллома Ибн Сино бобомиз ўрта асрлардаёқ “Кимки узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришни истаса, аввало, овқатнинг сифати ва миқдорига эътибор қаратсин”, деб таъкидлаганлар. Албатта, дунё аҳолиси ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш – узоқ давом этадиган жараён. Бу мақсадга эришишда барча давлатлар ҳукуматлари, ишлаб чиқарувчилар, олимлар ва тиббиёт ходимлари яқин ҳамкорликда иш олиб боришлари лозим, деб ҳисоблаймиз. Ҳурматли анжуман иштирокчилари! Сизлар конференция давомида ана шундай муҳим масалалар ҳақида атрофлича фикр алмашиб, глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги ташаббус ва амалий таклифларни ишлаб чиқасиз, деб ишонаман. Меҳмондўст Ўзбекистон заминига хуш келибсиз! Мамлакатимизга ташрифингиз мазмунли ва самарали бўлсин!», дейилади мурожаатда.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
12 972

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
5 643

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


24-сентябр 2024, 13:17
2 024

Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб

Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.


5-сентябр 2024, 07:40
1 500

Фамилиямни ўзгартирмоқчиман. Исм, ота исмини ўзгартириш тартиби қандай?

Айрим ҳолларда йигит-қизларнинг исмим ўзимга ёқмаяпти, деган гаплари эшитилиб туради. Хўш, исмни ўзгартириш тартиби қандай? Фуқаролик кодексининг 19-моддасида: фуқаро қонунда белгиланган тартибда ўз исмини ўзгартиришга ҳақли. Фуқаронинг ўз исмини ўзгартириши аввалги исми билан олган ҳуқуқ ва бурчларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
8-сентябр 2023, 03:00
794

Ўзбекча трансформер: Фермерлар учун тўлиқ сунъий интеллект билан таъминланган электротрактор яратилмоқда (фото)

Самарқанддаги озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган конференция доирасида ташкил этилган кўргазмада қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар асосида яратилган “Heta” электротрактори намойиш этилди. Мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалигида мини боғдорчилик, кичик фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларига ҳам нарх ҳам фойда жиҳатидан анча асқатади.

cover image
7-сентябр 2023, 13:59
695

Самарқанддаги халқаро конференция доирасида “Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти” кўргазмаси ташкил этилди (фотожамланма)

Кўргазма доирасида Ўзбекистон аграр тармоғини ислоҳ қилишдаги ютуқлар тақдимот қилинди.

cover image
7-сентябр 2023, 09:34
497

Конференцияда биз нафақат мамлакатлар миқёсдаги, балки минтақавий муаммоларни муҳокама қилиб, биргаликда уларга ечим топамиз – ФАО) Бош директори

Самарқандда давом этаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори Суй Дунюй нутқ сўзлади.

cover image
7-сентябр 2023, 07:46
609

Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция қандай ўтмоқда? (фотожамланма)

Конференция доирасида миллий, минтақавий ва глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида кенг фикр алмашилмоқда.