currencies image

12 985,01 UZS

9,96

usd

currencies image

13 284,96 UZS

188,33

eur

currencies image

129,84 UZS

2,54

ru



АсосийЯнгиликларШтатлар қисқарганда меҳнат шартлари ўзгарадими?

Штатлар қисқарганда меҳнат шартлари ўзгарадими?

Ҳуқуқ

calendar

03.02.2025

eye

93

Штатлар қисқарганда меҳнат шартлари ўзгарадими?

Ходимларнинг сони ёки штати қисқариши деганда нима тушунилади? Қандай ходимларни ишдан бўшатиб бўлмайди?

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ҳам, муддатли меҳнат шартномаси ҳам муддатидан олдин иш берувчининг ташаббуси билан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин. Иш берувчи “штат қисқариши” ва “сон қисқариши” каби тушунчаларни адаштирмаслиги керак.

Сон қисқариши муайян касб (лавозим) бўйича штат бирликлари сонининг камайтирилишидир. Масалан, корхона штат жадвалида олдин 4,5 ставка ҳисобчи лавозими бўлган бўлса, янги штат жадвалида 3,0 ставка ҳисобчи лавозими қолган, холос.

Штат қисқариши муайян лавозимларнинг штат жадвалидан бутунлай олиб ташланишидир. Масалан, корхонанинг штат жадвалида хореограф лавозими бор эди, эндиликда янги штат жадвалида ушбу лавозим йўқ, олиб ташланган.

Ходимларнинг сони (штати) қисқариши иш берувчининг ташаббусига боғлиқ бўлишига қарамай, қонунчиликда бир қатор тоифа ходимлар учун кафолатлар кўзда тутилган. Хусусан, қуйидагилар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Яъни, меҳнат шартномасини:

— Меҳнат кодексида ёки бошқа қонунларда назарда тутилмаган асослар бўйича;

— Меҳнат кодексининг меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш талабини бузадиган;

— ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврларида, у меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган таътилларда бўлган даврларда;

— ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда;

— ходим хизмат сафарида бўлган даврда;

— ҳомиладор аёллар (Меҳнат кодексининг 408-моддаси) ва уч ёшгача боласи бўлган ходимлар (Меҳнат кодексининг 409-моддаси) учун кафолатлар беришни назарда тутадиган талабларга риоя қилмасдан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.

Меҳнат кодексининг 147-моддасига мувофиқ, ходим бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилган даврда аввалги иш жойи бўйича тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланади.

Сон (штат) қисқарганда ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчи фақат қуйидаги учта шартни бажарганда бекор қилиши мумкин. Ходимга ишдан бўшатилаётганда жамоа шартномасида, жамоа келишувида ёки меҳнат шартномасида кўзда тутилган қўшимча кафолатлар берилиши керак.

Шунингдек, ишдан бўшатишнинг асосланганлиги яна бир муҳим шартлардан биридир. Низо юзага келса, суд ходимни бўшатиш қанчалик иқтисодий ва ташкилий жиҳатдан асосланганлигини текширишга ҳақли.

Умумий ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларининг, шунингдек давлат грантлари бўйича таълим олган олий таълим ташкилотларининг тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кирган битирувчилари билан меҳнат шартномаси ушбу меҳнат шартномаси тузилган кундан эътиборан уч йиллик муддат ўтгунига қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганида иш берувчи бу ҳақда маҳаллий меҳнат органига ёзма шаклда хабар қилиши керак (Меҳнат кодексининг 161-моддаси бешинчи қисми). Бу шартни алоҳида ажратиб кўрсатиш керак, чунки баъзи бир иш берувчилар кўпинча уни бажармайдилар. Ушбу шартга риоя қилмаганлиги учун уларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.

Ходимлар сони қисқартирилганда (бу қайси қонун ёки қонуности хужжатига асосан бўлишидан қатъий назар) ҳамма тартиботларни ва ҳужжатларни расмийлаштиришни қонунчилик талабларига тўлиқ мос ҳолда олиб бориш муҳимдир.

Сон (штат) қисқариши бўйича ходимни фақат унинг лавозими штат жадвалидан чиқарилгандан кейин ишдан бўшатиш мумкин. Олдиндан бундай режа асосида мутлақо уни ишдан бўшатиб бўлмайди. Шу сабабли қисқартирилган лавозимларни ҳисобга олиб янги штат жадвалини (ёки унга киритилган ўзгартиришларни) қисқартирилаётган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин буйруқ билан тасдиқлаш керак.

Корхонада ходимлар сони (штати)ни қисқартириш ҳақида ходимларни “қисқартириш”ни бошлаш мўлжалланаётган пайтдан камида икки ой олдин буйруқ чиқарилади (Меҳнат кодексининг 165-моддаси биринчи қисми). Буйруқда мўлжалланаётган қисқартириш сабаблари (асослари), муддати ва ходимларнинг сони (штати)ни қисқартириш бўйича тадбирлар учун масъул шахслар кўрсатилиши керак. Шу буйруқнинг ўзида ёки алоҳида буйруқ чиқариб, янги штат жадвали тасдиқланади (ёки олдингисига ўзгартириш киритилади) ҳамда унинг амалга киритилиши санаси кўрсатилади.

Биринчи навбатда, технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ ҳолда ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг сони (штати) ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди бўйича бекор қилинганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади. (Меҳнат кодекси 167-моддаси биринчи қисми).

Иккинчи навбатда, Меҳнат кодексининг 167-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар ҳисобга олинади, унда малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади. Яъни:

— қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;

— оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходимлар мавжуд бўлмаган шахсларга;

— мазкур иш берувчидаги узоқ муддатли иш стажига эга бўлган ходимларга;

— ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида меҳнат шартномасига кўра тегишли мутахассислик бўйича ўз малакасини ошираётган ходимларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган шахсларга ўқишни тамомлаганидан кейин мутахассислиги бўйича ишлаш шарти билан уч йил мобайнида;

— ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга;

— ногиронлиги бўлган шахсларга;

— 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;

— меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга бўлган ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга;

— атом объектларидаги авариялар оқибатида келиб чиққан юқори радиациявий нурланиш билан боғлиқ бўлган нурланиш касаллигига ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга, ўзига нисбатан бошланган ногиронлигининг атом объектларидаги авариялар билан боғлиқлиги аниқланган ногиронлиги бўлган шахсларга, ушбу авариялар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш иштирокчиларига, шунингдек мазкур объектлардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Малака ва меҳнат унумдорлиги тенг бўлган тақдирда, ҳисобга олинадиган аксарият ҳолатлар сони бўйича афзалликка эга бўлган ходим ишда қолишга доир имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланади. Бу ҳолатларнинг ушбу модда иккинчи қисмида санаб ўтилган кетма-кетлиги аҳамиятга эга эмас.

Агар корхонада ходимлар сони (штати) қисқартирилаётган бўлса, биринчи навбатда, штат жадвалидан бўш ўринлар (иш жойлари) чиқариб ташланади.

Ходимнинг малакаси ва меҳнат унумдорлигини баҳолашда унинг касбий фазилатларига боғлиқ бўлмаган меҳнат интизомини бузганлиги учун қўлланилган интизомий жазо чоралари (масалан, ишга кечга қолганлик учун белгиланган интизомий жазо) ҳисобга олинмаслиги керак.

Шерзод ТОЛИБОВ,

Фарғона шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи

Улашиш:

Бошқалар

13-январ 2025, 05:41
1 035

Хориждан келаётганда бож тўламасдан қанча товар олиб ўтиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда — 1 000 (бир минг) АҚШ доллари олиб ўтиш мумкин.


15-январ 2025, 05:39
1 015

Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.


9-январ 2025, 06:35
814

Ўзбекистондан қатор халқаро йўналишларга автобус қўйилиши режалаштирилмоқда

Транспорт вазирлиги республиканинг турли ҳудудларидан халқаро йўналишларда автобус қатновларини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.


20-январ 2025, 06:34
751

Иқтисодий процессуал қонунчилик бўйича судда кимлар вакил бўла олмайди?

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 61-моддасида вакил орқали иш юритиш тартиби белгилаб берилган.