currencies image

12 768,26 UZS

62,87

usd

currencies image

14 400,04 UZS

142,76

eur

currencies image

162,63 UZS

1,56

ru



АсосийЯнгиликларСоғлом миллат — жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир

Соғлом миллат — жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир

Ўзбекистон

calendar

02.05.2025

eye

274

Соғлом миллат — жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир

Соғлом жамият — юрт тараққиёти ва келажаги пойдеворидир. Ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизмат олиши, соғлом ҳаёт кечириши ва ўз саломатлигини муҳофаза қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган.

Асосий қонунимизнинг 48-моддасида “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Ушбу норма аҳоли саломатлиги учун муҳим ижтимоий кўмак ҳисобланади. Қолаверса, фуқаролар соғлиғини ишончли муҳофаза этишнинг кафолатидир. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши эса, алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда, мамлакатимизда давлат томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга оширилаётганлиги, алоҳида эътиборга моликдир. Кенг кўламли соғлиқни сақлашга оид ислоҳотларга кўра, қуйидаги вазифалар амалга оширилмоқда:

Биринчидан, "Электрон соғлиқни сақлаш" тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу орқали беморнинг маълумотлари, ташхислари ва даволаниш жараёнлари электрон базага жойлаштирилади.

Янги тиббиёт муассасалари (мультидисциплинар марказлар, ихтисослаштирилган шифохоналар) қуриляпти ва жиҳозланмоқда.

Тез ёрдам хизмати замонавийлаштирилиб, янги "103" марказлари ва GPS назорат тизимлари жорий этилмоқда.

Иккинчидан, профилактика ва скрининг ишларини кучайтириш, яъни аҳолини регуляр профилактик текширувлардан ўтказиш ишлари (булар жумласига аёллар, болалар, кекса ва ногиронлар) кучайтирилмоқда.

Юқумли ва хасталикка мойил касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида умумий ва мақсадли скрининг дастурлари амалга оширилмоқда.

Вакцинация ишлари босқичма-босқич кенгайтирилмоқда (жумладан гепатит, коронавирус, грипп ва бошқаларга қарши).

Учинчидан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан, "Соғлом ҳаёт учун 10 000 қадам", "Соғлом бола", "Соғлом турмуш – юксак келажак" каби умуммиллий ҳаракатлар амалга ошириляпти.

Мактаб ва университетларда соғлиқни сақлаш ва гигиенага оид дарслар, тренинглар ва тадбирлар ўтказиляпти.

Жойларда оммавий югуриш, спорт мусобақалари, фитнес тадбирлари ташкил этиляпти.

Тўртинчидан, атроф-муҳит ва экологик саломатликни яхшилаш мақсадида, "Яшил макон" лойиҳаси доирасида миллионлаб дарахтлар экилаяпти, шаҳарларда яшил ҳудудлар кенгайтириляпти.

Ичимлик суви таъминоти, канализация ва ҳаво сифати бўйича санитар стандартлар кучайтириляпти.

Қишлоқ жойларда экологик тоза, соғлом турмуш учун инфратузилма яхшиланмоқда (сув, йўл, электр, тиббиёт пунктлари ва ҳ.к.)

Бешинчидан, шифокорлар малакасини оширишда, тиббиёт кадрлари учун хорижий давлатларда стажировкалар, онлайн курслар ва малака ошириш курслари йўлга қўйилган.

Тошкентда, нуфузли ҳудудларда замонавий тиббиёт университетлари ва илмий марказлар очиляпти.

Тиббиётда инновацион технологиялар, масалан, телемедицина, сунъий интеллект асосида ташхис қўйиш тизимлари ҳам жорий этиляпти.

Шунингдек, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, ичимлик суви сифатини яхшилаш ва санитария талабларини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Тўғри, мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасида сўнгги йилларда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса-да, лекин ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд.

Аввало, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари асосан шаҳарларда жойлашган. Бу эса қишлоқ аҳолиси учун тиббий ёрдам олишда қийинчилик туғдиради ва пойтахтга келишига сабаб бўлади;

Иккинчидан, малакали тиббиёт ходимларининг етишмаслиги.
Айрим йўналишлар бўйича шифокорлар етишмовчилиги сақланиб қолмоқда, айниқса аёллар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида;

Учинчидан, айрим шифохоналарда замонавий диагностика технологияларининг етишмаслиги кузатилади;

Тўртинчидан, профилактикага етарлича эътибор берилмаслиги.
Касалликни даволашга эмас, балки олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирлар кўпроқ ривожлантирилиши даркор;

Бешинчидан, аҳолининг тиббий маданияти етарли даражада эмаслиги.
Соғлом турмуш тарзи, вақтида профилактик кўриклардан ўтиш каби масалаларда фуқароларнинг ўз соғлиғига беъэтиборлигидан намоён бўлади;

Олтинчидан, соғлиқни сақлашда хусусий сектордан (хусусий тиббиёт муассасаларидан) фуқароларни фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш лозим.

Ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида соғлом рақобат муҳитини яратади ва фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш қулайлигини таъминлашга, хизмат қилади.

Бундай нормаларнинг Конституция даражасига кўтарилиши аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этишда муҳим аҳамият касб этади. Янги нормалар орқали тиббиётнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш ишлари янада яхшиланади. Давлат тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олгани, яъни оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда алоҳида аҳамиятга эга.

Сўнги йилларда, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кўплаб қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда ва БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий параметрларига эришилмоқда.

Бундан ташқари, миллий тиббиётимизнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, фаолият юритмоқда. Биргина, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини тубдан ислоҳ қилингани ва соҳага босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари кенг жорий этилиши ҳамда кафолатланган пакет ишлаб чиқилгани тиббиётдаги энг катта тарихий қадам бўлди.

Хусусан, Президентимизнинг қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнида бутунлай янги даврни бошлаб беради.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалардан энг муҳими, тиббиётнинг бирламчи бўғинини юқори даражада самарали ташкил этиш. Ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатуви ягона маълумотлар базасини яратиш, перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритиш ва шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатларни бериш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорга асосан, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30–65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилди, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилди.

Ҳар йили 30–50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. 30–65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилиши йўлга қўйилмоқда. Скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлашга оид олиб борилаётган ушбу ислоҳотлар, ўз-ўзидан соғлом рақобатни оширади. Бу жараён ўз навбатида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг ҳам сифати, ҳам самарадорлиги ошишига кўмак бўлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозир Ўзбекистон тиббиётида кенг кўламли трансформация жараёнлари давом этмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш — энг асосий талаблардан бири. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва амалиётга самарали татбиқ этиш талаб этилади. Бу борада, ҳозирги кунда хорижлик экспертлар юртимиз вакиллари билан ҳамкорликда барча бўғиндаги тиббиёт муассасаларида ўрганишлар олиб бормоқда. Тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий технологиялар жорий этиб борилмоқда. Ҳозирда тиббиёт муассасалари электрон поликлиника ахборот тизимига уланган. Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш сиёсати биринчи навбатда аҳолига қулайликлар яратиш билан бирга, соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартиришга, тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга ва натижада мамлакатимиз тиббиётини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, Асосий қонунимизнинг 48-моддаси — инсон қадри, ҳаёти ва саломатлиги устувор эканлигининг ҳуқуқий ифодасидир. Соғлом турмуш тарзи — бу фақат шахсий масъулият эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини юксак даражага олиб чиқишга қаратилган. Ҳар бир фуқаро ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши, ўз саломатлигига эътиборли бўлиши лозим. Айнан, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорлик, фақат шундагина самарали бўлади. Ҳар бир инсоннинг соғлом ҳаёт кечириши учун, яратилаётган шароитлар — шифокорлар фаолиятидан тортиб, атроф-муҳит ва ижтимоий инфратузилмагача — барчаси халқ манфаатини кўзлайди. Соғлом миллат — юртнинг бақувват устуни, жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир. Айнан соғлом инсон — соғлом жамият, соғлом жамият эса, мустаҳкам давлатдир!

 

   Умида Юлдашбекова,
Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди эксперти

 

Улашиш: