currencies image

12 937,93 UZS

45,02

usd

currencies image

14 665,14 UZS

152,88

eur

currencies image

161,10 UZS

0,76

ru



АсосийЯнгиликларСолиқ аудити: қонунчилик талаблари ва ўтказилиш тартиби

Солиқ аудити: қонунчилик талаблари ва ўтказилиш тартиби

Ҳуқуқ

calendar

21.05.2025

eye

77

Солиқ аудити: қонунчилик талаблари ва ўтказилиш тартиби

Солиқлар ва йиғимлар ҳар қандай давлатнинг иқтисодий асосини ташкил этади. Солиқ органларининг асосий вазифаларидан бири солиқ қонунчилигига риоя этилиши устидан назорат ўрнатишдир. Бу назорат турли шаклларда амалга оширилади, шулардан бири солиқ аудитидир. Тадбиркорлик субъектлари учун солиқ аудити нима, қачон, қандай тартибда ўтказилади ва қандай чекловлар мавжуд – бу саволлар долзарб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси солиқ аудитини солиқ текширувининг муҳим бир тури сифатида белгилайди. Хусусан, Солиқ кодексининг 137-моддаси солиқ аудитини солиқ текшируви сифатида эътироф этса, 140-модда унинг моҳиятини очиб беради: солиқ аудити муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.

Кимлар солиқ аудитига тушади?

Солиқ аудити барча тадбиркорларда ҳам ўтказилмайди. Яъни қандай маънода ўзтказилмайди, унинг асосий ўтказилиш сабаби Солиқ кодексининг 140-моддасида аниқ кўрсатилган: солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансубларига нисбатан ўтказилади.

Солиқ хавфи даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган. Унга кўра, солиқ хавфини баҳолаш натижалари асосида солиқ тўловчилар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

— Юқори хавф: 81 фоиздан 100 фоизгача баҳоланганлар.

— Ўрта хавф: 30 фоиздан 80 фоизгача баҳоланганлар.

— Паст хавф: 1 фоиздан 29 фоизгача баҳоланганлар.

Демак, агар тадбиркорнинг фаолияти солиқ хавфини бошқариш тизими таҳлилларига кўра юқори хавфли тоифага кирса, унда солиқ аудити ўтказилиши эҳтимоли жуда юқори бўлади. Юқори хавфни келтириб чиқарувчи омилларга солиқ ҳисоботларидаги номувофиқликлар, соҳадаги ўртача кўрсаткичлардан кескин фарқ қилувчи солиқ юки, солиқ органларига тақдим этилган маълумотлардаги шубҳали ҳолатлар ва бошқалар кириши мумкин.

Солиқ аудитини бошлаш тартиби

Солиқ аудити солиқ органи раҳбарининг (ёки унинг ўринбосарининг) буйруғи асосида бошланади. Буйруқда текширилаётган солиқ тўловчининг номи, идентификация рақами, текширувчи ходимлар, аудит муддатлари ва мақсади кўрсатилади. Шунингдек, аудитни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.

Умумий қоидага кўра, солиқ органлари солиқ аудити бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юбориши шарт. Хабарномада аудит бошланиш санаси, текшириладиган масалалар рўйхати ва талаб қилиниши мумкин бўлган дастлабки ҳужжатлар рўйхати келтирилади.

Бироқ, агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари аниқланса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан ҳам солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналарда солиқ аудити Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Солиқ аудити муддатлари

Солиқ кодексининг 141-моддасига кўра, солиқ аудитининг умумий давом этиш муддати, агар қонунчиликда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, ўттиз кундан ортиқ бўлмаслиги керак. Солиқ аудитининг муддати солиқ тўловчига аудит тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кундан бошланади.

Муддатни узайтириш

Айрим ҳолларда солиқ аудитининг муддатини узайтириш зарурати юзага келиши мумкин. 142-моддага асосан, солиқ аудити муддати икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса уч ойгача узайтирилиши мумкин. Бунинг учун қуйидаги асослар мавжуд бўлиши мумкин:

1. Қўшимча ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш.

2. Чет эл давлат органларидан халқаро шартномалар доирасида ахборот олиш.

3. Экспертизалар ўтказиш.

4. Чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш.

Муддатни узайтириш солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи билан расмийлаштирилади. Солиқ аудитининг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас . Аудит муддати текширув далолатномаси тузилган (имзоланган) кунда тугайди.

Солиқ аудитини ўтказишга доир чекловлар

Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик солиқ аудитига нисбатан айрим чекловлар белгилаган. 143-моддага кўра, солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас. Бундан мустасно ҳолат – солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланишидир. Янги ҳолатлар мавжуд бўлса, такрорий солиқ аудити тайинланиши мумкин.

Солиқ аудити, қоида тариқасида, Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган ва охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олади. Агар солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тугатилаётган бўлса, солиқ аудити унинг аудит ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан кўп бўлмаган фаолиятини қамраб олиши мумкин.

Муҳим жиҳати шундаки, солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистонда тадбиркорларда солиқ аудити ўтказилиши тасодифий жараён эмас, балки аниқ қонунчилик асосларига ва солиқ хавфини бошқариш тизимига таянади. Солиқ аудити асосан юқори хавф тоифасига кирувчи солиқ тўловчиларга нисбатан тайинланади. Аудитнинг бошланиши, ўтказилиш муддатлари, узайтириш асослари ва чекловлари Солиқ кодексининг тегишли моддаларида батафсил ёритилган.

Тадбиркорлар учун солиқ аудитидан хотиржам бўлишнинг энг ишончли йўли – солиқ қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш, солиқ ва молиявий ҳисоботларни тўғри ва ўз вақтида юритиш ҳамда солиқ органлари билан конструктив мулоқот ўрнатишдан иборат. Бу солиқ хавфи даражасини пасайтиришга ва шу орқали солиқ аудитига тушиш эҳтимолини камайтиришга хизмат қилади.

Ахрор КАЗАКОВ,
"Адолат" МҲАМ бўлим бошлиғи

Улашиш: