currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларСолиқ органи исталган ҳужжатни талаб қила оладими?

Солиқ органи исталган ҳужжатни талаб қила оладими?

Ҳуқуқ

calendar

21.07.2026

eye

38

Солиқ органи исталган ҳужжатни талаб қила оладими?

Солиқ текшируви жараёнида солиқ органлари текширувни тўлиқ ва холис ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 146-моддасида белгиланган бўлиб, унда солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб берилган.

Мазкур модда аввало солиқ органининг текширув ўтказаётган мансабдор шахсига текширув учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш ваколатини беради. Ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги талабнома, одатда, текширилаётган шахсга ёки унинг қонуний ёхуд ваколатли вакилига шахсан имзо эвазига топширилади. Агар бундай тартибда топширишнинг имкони бўлмаса, талабнома қонунчиликда белгиланган бошқа усуллар орқали юборилади.

Солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатларни бир неча усулда тақдим этиши мумкин. Жумладан, ҳужжатлар солиқ органига шахсан ёки вакил орқали топширилиши, почта орқали буюртма хат билан юборилиши ёхуд телекоммуникация тармоқлари ҳамда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин. Бу эса солиқ тўловчиларга қулайлик яратишга хизмат қилади.

Қоғоз шаклида тақдим этиладиган ҳужжатлар, одатда, солиқ тўловчи томонидан тасдиқланган нусха кўринишида топширилади. Қонунчиликда алоҳида назарда тутилмаган ҳолларда ушбу нусхаларни нотариал тасдиқлашни талаб қилишга йўл қўйилмайди. Агар ҳисобга олиш ҳужжатлари электрон шаклда юритилган бўлса, солиқ органининг талабига биноан уларнинг қоғоздаги нусхалари ҳам тақдим этилиши лозим. Бироқ ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган электрон ҳисобварақ-фактуралар бундан мустасно ҳисобланади.

Шу билан бирга, зарурат туғилганда солиқ органлари ҳужжатларнинг асл нусхалари билан танишиш ҳуқуқига ҳам эга.

Қонунга кўра, талаб қилинган ҳужжатлар талабнома олинган кундан бошлаб беш кун ичида тақдим этилиши керак. Агар солиқ тўловчи бу муддатда ҳужжатларни тақдим эта олмаса, у кейинги куннинг ўзида сабабларини ёзма равишда солиқ органига маълум қилиши ва ҳужжатларни қачон тақдим эта олишини кўрсатиши шарт. Солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари бундай хабарномани олганидан кейин икки кун ичида ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Агар текширилаётган шахс ҳужжатларни тақдим этишни рад этса, бу ҳолат солиқ органи мансабдор шахси томонидан баённома билан расмийлаштирилади. Баённома тарафлар томонидан имзоланади, имзо қўйиш рад этилган тақдирда эса бу ҳақда алоҳида қайд киритилади. Ҳужжатларни тақдим этишни рад этиш ёки уларни белгиланган муддатда топширмаслик Солиқ кодексининг 148-моддасида назарда тутилган тартибда ҳужжатларни олиб қўйиш учун асос бўлиши мумкин.

146-модданинг яна бир муҳим кафолатларидан бири шундаки, солиқ органлари илгари камерал ёки сайёр солиқ текширувлари давомида олинган ҳужжатларни қайта талаб қилишга ҳақли эмас. Шунингдек, солиқ мониторинги давомида тасдиқланган нусха сифатида тақдим этилган ҳужжатлар ҳам яна талаб қилинмайди. Фақат ҳужжатлар илгари асл нусхада тақдим этилиб кейинчалик қайтарилган бўлса ёки солиқ органида сақланаётган ҳужжатлар бартараф этиб бўлмайдиган куч ҳолатлари туфайли йўқолган бўлса, уларни қайта талаб қилиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Солиқ кодексининг 146-моддаси солиқ текширувлари давомида ҳужжатларни талаб қилиш тартибини аниқ белгилаб, бир томондан солиқ органларига зарур ваколатларни берса, иккинчи томондан солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи муҳим процессуал кафолатларни ҳам ўрнатади. Мазкур тартибларга риоя этилиши солиқ текширувларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва адолатли ўтказилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Зиёвуддин Намозов

Улашиш: