currencies image

12 749,75 UZS

7,99

usd

currencies image

14 142,02 UZS

106,97

eur

currencies image

140,25 UZS

0,40

ru



АсосийЯнгиликларСудланганликнинг қандай ҳуқуқий оқибатлари бор? Муҳим 7 саволга жавоб

Судланганликнинг қандай ҳуқуқий оқибатлари бор? Муҳим 7 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

13.02.2024

eye

2 102

Судланганликнинг қандай ҳуқуқий оқибатлари бор? Муҳим 7 саволга жавоб© Фото: Hudud24.uz

Судланганлик қачон тугайди, уни муддатидан олдин тугатиш учун нима қилиш керак? Амнистияга тушса ҳам судланган бўлиб қолаверадими? Судланган шахслар армияга чақирилмайдими? Судланганларни ишга қабул қилишда қандай чекловлар бор? Hudud24.uz қуйида судланганлик ва унинг оқибатлари ҳақида батафсил маълумот беради.

1. Судланганлик нима?

Судланганлик шахсга суд ҳукми билан жазо қўлланилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолати бўлиб, мазкур шахсга муайян салбий оқибатлар келиб чиқишида намоён бўлади.

Шахсга суд жазо тайинлаб айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб судланган деб ҳисобланади.

Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

2. Амнистияга тушган шахс ҳам судланган ҳисобланадими?

Йўқ, шахс амнистия акти қўлланилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилганда у судланмаган деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, жиноят қонунчилигида шахс судланмаган ҳисобланадиган ҳолатлар мавжуд, жумладан, қуйидаги ҳолларда шахс судланмаган ҳисобланади:

жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилганда (масалан, суд ишда кўрилаётган вақтда шахс намунали хулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатиб, ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб эътироф этилса, суд уни жазодан озод қилиши мумкин)

шахс бир вақтнинг ўзида асосий ва қўшимча жазодан биринчи, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан озод қилинганда;

шахсга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганда;

шахс қуйидаги асослар билан жиноий жавобгарликдан озод этилганда:

жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан (масалан, );

қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан;

айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан;

жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан;

жиноят содир этган шахс касаллиги туфайли.

3. Судланганлик қачон барҳам топади?

Судланганлик ҳолати барҳам топишининг фақат икки усули бор – унинг тугалланиши ва олиб ташланиши.

4. Судланганлик қачон тугайди?

Судланганлик ҳолати тугалланиши – шахснинг тегишли жазони ўтаб бўлганидан кейин ва белгиланган муддатлар ўтганидан кейин автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади.

Cудланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугайди:

– шартли ҳукм қилинганларга нисбатан – синов муддати тугаган кундан бошлаб;

шартли ҳукм – шахс жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган хулосага келинганда унга жазони ўтамасдан хулқини тузатишга бир йилдан уч йилгача муддат бериш.

– мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

– жарима тўлаб бўлинган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин – бир йил ўтгач (масалан, 100 млн жарима тайинланган бўлса, шу жарима 2024 йил 9 февралда тўлаб бўлинса, 2025 йил 10 февралда судланганлик тугайди);

озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин – икки йил ўтгач;

5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – 4 йил ўтгач;

5 йилдан ортиқ, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – 7 йил ўтгач;

10 йилдан ортиқ, лекин 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – ўн йил ўтгач.

Судланганлик тугаганида шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра судланган шахснинг яшаш жойидаги суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслигига оид маълумотнома берилади.

5. Судланганлик қандай олиб ташланиши мумкин?

Судланганликнинг олиб ташланиши юқоридаги муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин уларнинг қолган қисми суд қарорига асосан тугатилишини англатади.

Судланганликни олиб ташлаш учун судланган шахснинг хулқ-атвори яхшиланган, яъни унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чораси қўлланилмаган бўлиши керак.

Судланганликни олиб ташлаш учун судга шахснинг ўзи, жамоат бирлашмаси, маҳалла, меҳнат жамоаси илтимоснома билан чиқади.

6. Тугагалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганликнинг қандай ҳуқуқий оқибатлари бор?

Судланганликнинг жиноят-ҳуқуқий оқибати судланганлиги тугалланмаган ва олиб ташланмаган шахс томонидан янги жиноят содир этилганда қуйидаги ҳолатларда ифодаланади:

судланганлик жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади;

судланганлик муайян ҳолларда шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилишига асос бўлади;

шахс олдин озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган бўлса ва яна жиноят содир этса жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун илгари судланганлик аҳамият касб этади;

судланганлик жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади;

илгари содир этилган жинояти учун жазо ўтаётган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолларда, судланганлик қаттиқроқ қоидалар қўлланилишига сабаб бўлади;

тугалланмаган ва олиб ташланмаган судланганлик ҳолатининг мавжудлиги айрим асослар бўйича, масалан, айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги, алоҳида ҳолларда эса (оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда), жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилишига тўсқинлик қилади.

Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

Қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар адвокат, нотариус бўла олмайди, ҳарбий хизматга чақирилмайди.

7. Судланганлик тугаганидан ёки олиб ташлангандан кейин ҳам унинг оқибатлари сақланиб қоладими?

Судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, судланганликнинг ҳуқуқий оқибатлари қатъиян ва сўзсиз бекор бўлади. Яъни бундан кейин шахс қайта жиноят содир этса у оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланмайди.

Судланганлиги (тугалланган ва олиб ташланган судланганлиги) сабабли ишга қабул қилмаслик ёки яқин қариндошлар судланганлиги учун ишга қабул қилмаслик мумкин эмас.

Шу билан бирга айрим истиснолар мавжуд, масалан, илгари судланган шахслар судья бўла олмайди, қасддан содир этилган жиноят учун судланганлар таълим ташкилотларининг (мактаб, лицей, техникум, университет, институт ва ҳ.з.) раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас. Бу конституцион норма.

Дилмурод Ражабоев,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

21-август 2024, 12:46
1 405

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 385

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.


23-август 2024, 06:10
1 349

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Солиқ кодексининг 461-моддасининг биринчи қисми 2-бандига асосан солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланиши белгиланган.


24-август 2024, 04:13
1 321

Янги ўқув йилининг бошланиш саналари маълум бўлди

ОТМларда янги 2024/2025 ўқув йили 9 сентябрь, душанба куни бошланади.