#NoComment
21.06.2026
11

Сўнгги вақтларда суд тизимида бўлаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва киритилаётган янгиликлар ҳақида билмаган фуқаролар йўқ десак адашмаймиз.
Шундай ислоҳотлардан бирига “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинганлигини мисол келтириш мумкин.
Мазкур Фармон билан суд тизимида қуйидаги устувор мақсад ва вазифалар белгиланди:
Олий суднинг аппаратида Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи Комплаенс назорат хизмати ташкил этилиши;
Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида Комплаенс назорат хизматига тўғридан-тўғри бўйсунадиган комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилиши белгиланди.
Комплаенс назорат хизмати раҳбари ва комплаенс назорат бўйича инспекторлар Олий суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Шунингдек, комплаенс назорат бўйича инспекторлар Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жойлаштирилади.
Комплаенс назорат хизмати лавозимларини жамлашда ҳалол, пок ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган олий юридик маълумотли, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш стажига эга номзодлар тайинланади.
Комплаенс назорат хизмати ходимларига юклатилган вазифалар доирасида суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқи ҳамда хизмат вақтида ва хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини тутиши, умумэътироф этилган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ масалаларда хизмат текширувларини ўтказиш ваколати берилади.
Фармон билан суд тизимида коррупциянинг олдини олиш қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгиланди:
—с удьялар корпусига нисбатан Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси томонидан;
— суд аппарати, шу жумладан, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларига нисбатан Олий суднинг Комплаенс назорат хизмати томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, Олий суд томонидан 2026 йил 1 сентябрга қадар суд аппарати фаолиятида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва суд аппаратидаги коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати тасдиқланиши ҳам белгиланган.
Энг эътиборлиси, суд аппарати ходимларининг коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори бўлган вазифа ва функцияларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш белгиланди.
2026 йил якунига қадар суд тизимида ишлайдиган ходимларнинг коррупцияга мойиллиги ёки унга қарши тура олиш қобилияти ходимларнинг ҳалоллиги ва покдиллиги, хизмат вазифасини қонунга мувофиқ бажариш даражаси, коррупцион таклифларга муносабати, коррупция хавфларига қарши туриш кўникмалари ва шу каби усуллар орқали ўрганилади.
Бундан ташқари, ушбу фармон билан Одил судлов академиясида номзодларни судьялик касбига тайёрлашда қўшимча равишда шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш ўқув амалиётини ҳам жорий этиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг ҳар уч йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича Одил судлов академиясида ташкил этиладиган ўқув курсларида малакасини ошириш чоралари кўрилади.
Суд органларида коррупцион ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мақсадида қуйидаги электрон тизимлар ишга туширилади: Жумладан:
- 2026 йил 1 сентябрга қадар судьялар томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда даромадлар ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни Судьялар олий кенгашига тақдим этиш, шунингдек, уларни текшириш ва таҳлил қилиш;
- 2027 йил 1 майга қадар суд аппарати ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда даромадлар ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни Олий судга тақдим этиш, шунингдек, уларни текшириш ва таҳлил қилиш;
- суд аппарати ходимлари фаолиятидаги коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, суд аппарати ходимлари фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармон суд тизимида ҳалоллик ва қонунийлик тамойилларини кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини яънада ошириш ҳамда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Аброр Жахонов,
Фозилжон Субҳонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш тартиби қандай?
Бугунги кунда кўчмас мулк бозорининг энг фаол тармоқларидан бири — бу уй-жой ижараси ҳисобланади.