Ўзбекистон
26.11.2025
34

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказида “Сунъий интеллект даврида ҳуқуқ: имкониятлар ва муаммолар” мавзусида халқаро миқёсдаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у сунъий интеллект технологияларини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишга қаратилган муҳим платформа вазифасини ўтади.
Конференция “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази, “Ҳуқуқ ва бурч+” ижтимоий-ҳуқуқий, илмий электрон журнали томонидан ўтказилган тадбирнинг Zoom платформаси орқали онлайн форматда ўтказилиши кенг доирадаги мутахассисларнинг иштирокини таъминлади.

Халқаро ҳамкорлик: минтақавий тажриба алмашиш
Конференциянинг энг муҳим жиҳати унинг халқаро характери эди. Тадбирда Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси ва Беларусь Республикасидан етакчи мутахассислар иштирок этиб, ўз мамлакатларида сунъий интеллектни тартибга солиш тажрибасини баҳам кўришди.
Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот илмий маркази Экспертиза бўлими бошлиғи Андрей Свистунов Ўзбекистон ва Россияда сунъий интеллектни тартибга солиш амалиётлари ҳақида қиёсий таҳлил тақдим этди. Бу икки давлатнинг қонунчилик ёндашувларини солиштириш имконини берди.
Қозоғистон Республикаси Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институти вакиллари – Алина Шалгимбаева ҳамда Арман Батрахановлар халқаро ташкилотларнинг сунъий интеллектни тартибга солишдаги ролини, шунингдек суд тизимида предиктив технологияларнинг қўлланилиши масалалари юзасидан қизиқарли маъруза билан қатнашишди.

Беларусь Республикаси мутахассислари Наталя Минко ва Иван Костянлар сунъий интеллект технологияларини миллий ва халқаро даражада тартибга солиш, шунингдек, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқига оид ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатларни таҳлил қилишди.
Миллий тажриба ва инновацион ечимлар
Маҳаллий спикерлар конференцияда мамлакатимизда амалга оширилаётган амалий ишланмалар ва илмий-назарий тадқиқотларни тақдим этдилар. “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга юридик ишлов бериш бўлими бошлиғи Баҳодир Турғунов LexAI платформаси мисолида сунъий интеллект асосидаги ҳуқуқий чат-ботнинг имкониятлари ва афзалликларини намойиш этди. Бу миллий ҳуқуқий ахборот тизимида сунъий интеллект технологияларининг амалий татбиқ этилишининг ёрқин намунасидир.

Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари кенг доирадаги масалаларни кўриб чиқдилар. Жумладан, сунъий интеллект ва меҳнат-ҳуқуқий муносабатлар, биотехнологик ихтироларни патентлаш, сунъий интеллектдан фойдаланишда ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар мувозанати, глобаллашув шароитида сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсири каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Хусусан, университет доценти Мирёқуб Рахимов сунъий интеллект ва меҳнат-ҳуқуқий муносабатлар мавзусида маруза қилди. Унда автоматлаштиришнинг ишчи ҳуқуқларига тасири, сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши натижасида меҳнат бозорида юзага келаётган ўзгаришлар ҳамда ишчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Инглиз ҳуқуқи ва Европа Иттифоқи ҳуқуқи кафедраси мудири Сардор Маманазаров эса ўз маърузасида сунъий интеллект яратган биотехнологик ихтиролар бўйича муаллифлик ҳуқуқи, патентлаш жараёнидаги ҳуқуқий чақириқлар ҳамда уларнинг ечим йўлларини атрофлича тушунтириб берди.
Конференциянинг илмий аҳамияти
Анжуманда тақдим этилган материаллар бир неча жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.
Биринчидан, улар сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солишнинг турли ёндашувларини таққослаш имконини беради. Иккинчидан, назарий тадқиқотлар билан амалий тажрибалар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Учинчидан, келажакда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш учун асос яратади.
Конференцияга тақдим этилган ҳар бир тезис Google Scholar халқаро илмий базасида индексланади, бу эса Ўзбекистон ҳуқуқшуносларининг илмий ишларини халқаро миқёсда таниқли қилишга хизмат қилади. Бундан ташқари, комиссия томонидан танланган илмий мақолалар “Ҳуқуқ ва бурч+” электрон журналининг махсус сонида чоп этилади.
Келгуси истиқболлар
Конференция сунъий интеллект соҳасида ҳуқуқий тадқиқотларни чуқурлаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини кўрсатди. Минтақадаги давлатлар ўртасида тажриба алмашиш, умумий стандартларни ишлаб чиқиш ва сунъий интеллектни масъулият билан қўллашни таъминлаш йўналишида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар давом этиши лозим.
Анжуман сунъий интеллект даврида ҳуқуқий тизимни модернизация қилиш, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар ўртасида мувозанатни таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг муҳим босқичи бўлди. Тадбирда иштирок этган халқаро ва маҳаллий экспертларнинг фикр-мулоҳазалари сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солишнинг мустаҳкам асосини яратишга хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Қандай ҳолатларда жазони нисбатан енгилроқ жазога алмаштириш мумкин?
Жиноят кодексининг 74-моддасида Озодликдан маҳрум етилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин дея белгилаб қўйилган.