Содда талқин
25.10.2025
95

Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш борасида қонунчилик ҳужжатларида қандай чора-тадбирлар белгиланганлиги юзасидан саволлар ва жавобларни ҳукмингизга ҳавола қилсак.
1. Таълим муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботини амалга ошириш бўйича ички ишлар органларидан бирон бир масъул шахс ажратилганми ёки таълим муассасаларининг ўзи ушбу фаолиятни мустақил олиб борадими?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борадиган катта инспектори лавозимини жорий этиш назарда тутилган.
2. Ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борадиган катта инспектор зиммасига қандай асосий вазифалар юклатилган?
Катта инспектор умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, викторина ва мусобақаларни ташкил этади, тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминлайди, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича яратилган шароитларни ўрганади, мониторинг қилади ва баҳолайди, аниқланган камчиликлар тўғрисида ҳудудий халқ таълим бошқармаларига маълумот киритади ҳамда таълим муассасаларида мазкур қарор доирасида амалга оширилаётган ишларни назорат қилади.
3. Юқоридаги фармонда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида яна асосан қандай тадбирларни амалга ошириш белгиланган?
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби ва “Яшил чироқ” мусобақасини ташкил этиш;
– “Йўл ҳаракати қоидаларининг асослари” видеокурсларини яратиш ва таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали оммалаштириш чораларини кўриш;
– “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш;
– таълим муассасалари атрофида белгиланган тартибда ҳаракат тезлигини камайтирувчи сунъий нотекисликлар ёки шовқин чизиқлари босқичма-босқич ўрнатилиб, тўлиқ жиҳозланишини таъминлаш ва бошқалар мустаҳкамланган.
4. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари тарбияланувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш учун бирон бир жой ажратилиши белгиланганми?
Маҳалла фуқаролар йиғинларининг таълим муассасаларига яқин ҳудудларида “Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари”ни ташкил этиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкалари ажратилади.
5. Билишимизча, 2022 — 2025 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида “Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари”ни ташкил этиш дастури тасдиқланган бўлиб, ушбу дастур ижросини таъминлаш қайси манбалар ҳисобидан амалга оширилади?
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида “Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари” ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида “Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари”ни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
6. “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби қандай ташкилот ҳисобланади, қандай мақсадда ва қаерларда ташкил этилади?
“Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби юридик шахс бўлмаган, таълим муассасаларида ташкил этиладиган, ўқувчи-ёшлар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикаси ҳамда уларда йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган бирлашма ҳисобланади.
Клубнинг асосий мақсади ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат, қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик туйғусини сингдириш орқали йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш, қонунга итоаткорлик хулқ-атворини оммалаштиришдан иборат.
7. “Яшил чироқ” мусобақаси қандай мақсадда ташкил этилади ва мусобақанинг асосий вазифалари нималардан иборат?
“Яшил чироқ” мусобақаси таълим муассасаларида ўқувчи ёшларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, уларни йўл ҳаракатининг маданиятли иштирокчиси сифатида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.
Мусобақанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
“Яшил чироқ” гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш;
“Яшил чироқ” гуруҳлари аъзоларининг билим ва малакаларини ошириш;
болаларга кўча ва йўлларда юриш қоидаларини кенг тарғиб қилишда энг яхши иш тажрибаларини ўрганиш, тўлдириш ва оммалаштириш;
болалар онгида “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъи риоя қилиш ҳиссини шакллантириш.
Турғун Азимов,
ТДЮ катта ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Қандай тоифа шахсларга санатория учун бепул йўлланма берилади?
Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган оила аъзоларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Қимматли қоғозлар бозори: қарорларнинг бажарилиши ва уларга нисбатан шикоят қилиш тартиби. 5 муҳим қоида
Қимматли қоғозлар бозори – бу акциялар, облигациялар каби қимматли ҳужжатлар чиқариладиган ва муомалада бўладиган жой.
1 октябрдан нималар ўзгаради?
Скутер ва мопед ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади.
Вояга етмаган болаларнинг қандай шахсий номулкий ҳуқуқлари мавжуд?
Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниш ҳуқуқига эга.