currencies image

12 858,15 UZS

58,95

usd

currencies image

14 505,28 UZS

44,59

eur

currencies image

159,71 UZS

0,43

ru



АсосийЯнгиликларТаълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия таъминланади: Янги таҳрирдаги Конституция шарҳи

Таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия таъминланади: Янги таҳрирдаги Конституция шарҳи

Содда талқин

calendar

21.11.2023

eye

834

Таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия таъминланади: Янги таҳрирдаги Конституция шарҳи© Фото: hudud24.uz

Жаҳон мамлакатларида давлатнинг энг муҳим вазифларидан бири сифатида таълим уларнинг миллий қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилган. Таъкидлаш лозимки, инсоннинг жамиятда камолотга эришиши унинг олган таълимига боғлиқ ҳисобланади. Аксарият ривожланган давлатларда таълим олиш ҳуқуқини давлат томонидан кафолатланиши уларнинг асосий Қонуни бўлган Конституцияларида аниқ белгиланганлиги ҳам бежиз эмас. Мамлакатнинг келажак пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатнинг эртанги куни қандай бўлиши бериладиган таълим ва тарбияга боғлиқдир. Билим инсонни комилликка кўтариш билан бирга, у яшаётган жамият ва мамлакатни ҳам юксалтиради. Инсонда билим ва интеллект сифатли таълим натижасида шаклланади. Шу боис давлат фуқароларнинг таълимга оид ҳуқуқларини амалга оширишни ўз зиммасига олади. Мамлакатимизда ҳам фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 50-моддасида ҳам таълим олишга доир қатор янги қоидалар акс эттирилди. Жумладан, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланиб, фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши қайд этилди. Бу эса мактабгача таълим-тарбиядан то олий таълимгача ҳамда бошқа таълим турларини, шунингдек, таълимнинг кундузги, сиртқи, кечки, масофавий, оилада таълим олиш, мустақил таълим олиш, инклюзив таълим ва ҳоказо шаклларини ташкил этиш ва фаолият юритишига имконият яратади. Бундан ташқари, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланди. Бу ўз навбатида, давлат янги мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, мавжудларини эса таъмирлаш, шу жумладан давлат, давлат-хусусий шериклик ва хусусий боғчаларни кўпайтириш, янги боғчаларни ташкил этишга имтиёзлар ва субсидиялар бериш, пировардида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни юқори кўрсаткичларга етказиш чораларини кўришини англатади. Мазкур моддага киритилган қўшимчалардан бири бу – давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши ҳамда умумий ўрта таълим мажбурийлигидир. Бу мактаб ёшидаги ҳар қандай болани албатта мактабда ўқиши шартлигини ҳамда бунга тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини билдирада ва ушбу мажбурият таълим олувчига ҳам, таълим ташкилотига ҳам бирдек масъулиятни юклайди Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституция билан мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканлиги, шунингдек таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Илгари фақатгина мактаб ишлари давлат назоратида эди, эндиликда эса мактабгача таълим ҳам давлат назоратига ўтказилди. Натижада боғча ва мактабларда болаларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган тарбия, таълимнинг юқори сифати ва мазмундорлиги таъминланмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу нормалар жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этиш ва шундай нуқсонларга эга болаларнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳим ҳисобланади. Илғор хорижий давлатларнинг тажрибаларини кўрадиган бўлсак, таълимга оид қоидалар инсон ҳуқуқларига оид кўплаб халқаро ҳужжатларда ҳамда Германия, Португалия, Болгария, Уругвай каби давлатларнинг конституцияларида ҳам белгилаб қўйилганлигини кўриш мумкин.. Бундан ташқари, билим олиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланиши МДҲга давлатларнинг Конституцияларида ҳам атрофлича белгилаб қўйилган. Жумладан, Туркманистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Умумий ўрта таълим мажбурийдир, ҳар ким уни давлат таълим муассасаларида бепул олиш ҳуқуқига эга. Давлат ҳар бир шахснинг қобилиятига мувофиқ касб-ҳунар таълимига эга бўлишини таъминлайди. Тўланадиган таълим фаолиятини амалга оширишга қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибда йўл қўйилади. Мажбурий давлат таълим стандартлари барча таълим муассасалари учун белгиланган. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасига мувофиқ, фуқароларга давлат таълим муассасаларида бепул ўрта таълим олиш кафолатланади. Ўрта маълумот талаб қилинади. Фуқаро давлат олий таълим муассасасида танлов асосида бепул олий таълим олиш ҳуқуқига эга. Хусусий таълим муассасаларида пуллик таълим олиш қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибда амалга оширилади. Давлат таълимнинг мажбурий стандартларини белгилайди. Ҳар қандай таълим муассасаларининг фаолияти ушбу стандартларга мос келиши керак. Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида эса, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Ушбу моддага кўра, асосий умумий таълим мажбурийдир. Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида мактабгача, асосий умумий, ўрта умумий ва бошланғич касб-ҳунар таълимини бепул олиш ҳуқуқига эга. Давлат ҳар бир фуқарога мактабгача таълим муассасаларидан тортиб, ўрта умумий таълимгача давлат, расмий ва чет тилларидан бирини ўргатиш учун шароит яратади. Давлат таълим муассасаларининг давлат, муниципал, хусусий ва бошқа шаклларини ривожлантириш учун тенг шароит яратади. Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун шароит яратади. Давлат фуқароларнинг касбий малакасини оширишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёрдам беради. Тожикистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳам билим олиш ҳуқуқи кўрсатилган. Яъни, унга кўра,  ҳар бир инсон билим олиш ҳуқуқига эга. Умумий асосий таълим мажбурийдир. Давлат таълим муассасаларида умумий асосий мажбурий бепул таълимни давлат кафолатлайди. Ҳар бир шахс қонун ҳужжатларида белгиланган доирада давлат таълим муассасаларида бепул умумий ўрта, бошланғич, касб-ҳунар, ўрта махсус ва олий касб-ҳунар таълими олиши мумкин. Таълимнинг бошқа шакллари қонун билан белгиланади. Украина Конституциясининг 53-моддасида ҳам ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Украина Конституциясининг ушбу моддасига биноан тўлиқ умумий ўрта таълим мажбурийдир. Давлат давлат ва коммунал таълим муассасаларида мактабгача, тўлиқ умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълимнинг мавжудлиги ва бепул бўлишини таъминлайди. Фуқаролар давлат ва коммунал таълим муассасаларида танлов асосида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқига эга. Миллий озчиликларга мансуб фуқароларга ўз она тилида ўқиш ёки давлат ва коммунал таълим муассасаларида ёки миллий маданий жамиятлар орқали ўз она тилини ўрганиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Фуқаролар олий маълумотни давлат ва шаҳар таълим муассасаларида танлов асосида бепул олиш ҳуқуқига эга. Озарбайжон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси таълим олиш ҳуқуқига тааллуқли бўлиб, унга кўра, ҳар бир фуқаро билим олиш ҳуқуқига эга. Давлат бепул мажбурий умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Таълим тизими давлат томонидан назорат қилинади. Давлат истеъдод эгаларининг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришларини кафолатлайди. Давлат таълимнинг минимал стандартларини белгилайди. Молдова Республикаси Конституциясининг 35-моддасига биноан таълим олиш ҳуқуқи мажбурий умумий таълим, лицей ва касб-ҳунар таълими, олий таълим, шунингдек тайёрлаш ва малака оширишнинг бошқа шакллари билан таъминланади. Давлат қонунга мувофиқ шахснинг таълим ва таълим тилини танлаш ҳуқуқини таъминлайди. Барча даражадаги таълим муассасаларида давлат тилини ўрганиш таъминланади. Давлат таълими бепул ҳисобланади. Таълим муассасалари, шу жумладан нодавлат таълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади ва ўз фаолиятини амалга оширади. Олий таълим муассасалари автономия ҳуқуқига эга. Давлат лицейи, касб-ҳунар таълими ва олий таълимдан ҳар ким ўз қобилиятига қараб бирдек фойдаланиши мумкин. Давлат қонунга мувофиқ диний таълим эркинлигини таъминлайди. Давлат таълими дунёвийдир. Болалар учун таълим соҳасини танлашнинг асосий ҳуқуқи ота-оналарга тегишли. Беларус Республикаси Конституциясининг 49-моддасида ҳам ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган бўлиб, шунингдек ушбу моддага мувофиқ, умумий ўрта ва касб-ҳунар таълимининг мавжудлиги ва бепуллиги кафолатланади. Ўрта касб-ҳунар ва олий таълим ҳар кимнинг қобилиятига кўра ҳамма учун мавжуд. Ҳар бир шахс танлов асосида давлат таълим муассасаларида тегишли таълимни бепул олиши мумкин. Россия Федерацияси Конституциясининг 43-моддасига асосан, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Давлат ёки муниципал таълим муассасалари ва ташкилотларида мактабгача, асосий умумий ва ўрта касб-ҳунар таълимининг умумий мавжудлиги ва бепуллиги кафолатланади. Ҳар ким давлат ёки муниципал таълим муассасасида ҳамда ташкилотда танлов асосида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқига эга. Асосий умумий таълим мажбурийдир. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларнинг асосий умумий таълим олишларини таъминлайдилар. Россия Федерацияси федерал давлат таълим стандартларини белгилайди, таълим ва ўз-ўзини тарбиялашнинг турли шаклларини қўллаб-қувватлайди.

Фаррух Жураев,

Адлия вазирлиги масъул ходими 

Улашиш: