Ўзбекистон
02.08.2023
411
Энергетика вазирлиги Электр энергияси етказиб беришда юзага келаётган узилишлар юзасидан истеъмолчиларга мурожаат қилди. Қайд этилишича, сўнгги кунларда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳасида мураккаб вазият юзага келди. Хусусан, деярли барча ҳудудда куннинг маълум вақтида электр энергиясини узишга мажбур бўлинмоқда. Жумладан, июнь ойида жами 34,8 млн кВт·соат мажбурий чеклов киритилган бўлса, мазкур кўрсаткич июль ойининг ўтган 31 куни мобайнида 175 млн кВт·соатни ташкил қилди. Ёз фаслига ўтилганидан бери жами 210 млн кВт·соат мажбурий чеклов қўлланилган. Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда. Июнь ойида тизимда модернизация ва реконструкция ишларини хавфсиз олиб бориш мақсадида қатор ҳудудларда мақсадли ўчиришлар амалга оширилган. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда Энергетика вазирлигининг барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлари орқали камида бир сутка олдин хабарлар эълон қилиб борилган. Натижада биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 542 та трансформатор подстанцияси ва 592,36 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 923 та трансформатор ҳамда 702,3 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланган. Паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастурига мувофиқ 930,6 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пунктлари янгиланган. “Сағбон”, “Юнусобод”, “Қўқон”, “Карвон”, “Қорасув”, “Яланғоч”, “Тузел” ва “Сергели-35» подстанцияларидаги 9 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилган. Келтирилишича, айни пайтда ҳам “Юнусобод-Сити», “Тошкент-Сити», “Олмос”, “Янги Ўзбекистон” ҳамда “Янгиҳаёт” индустриал зоналари учун подстанциялар қуриш ҳамда уларни электр энергияси билан таъминлаш учун янги электр узатиш тармоқларини бунёд қилиш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан давом этмоқда. Бу ишларни хавфсиз бажариш ва электр монтёрларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига туғилиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида куннинг маълум вақтларида тегишли ҳудудлардаги истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узиб қўйилмоқда. Июль ойида эса, асосан, республикада об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергетикасини узлуксиз ҳамда йўқотишларсиз етказиб беришда қийинчилик туғдирмоқда. Мазкур ҳолат биргина Ўзбекистонга хос эмас. Бугун дунёнинг қарийб барча бурчагида аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сурмоқда. Кучли иссиқ ҳарорат эса совитиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишнинг каррасига ошишига олиб келмоқда. Натижада кабеллар куйиб кетяпти, трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш эса ҳам катта маблағ, ҳам кўп вақт йўқотилишига сабаб бўлаётир. Таъкидланишича, бу ҳақда ҳам вазирликнинг расмий ресурсларида бир неча маротаба эълон қилинган, вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотлари келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган. Маълум қилинишича, авария юз бермаслиги учун эса бир нечта фидерларни тармоқдан мажбурий ўчириб қўйиб, қатор хонадонлар, бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини вақтинча узиб туриш – энг мақбул чора. Бу кутилмаган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда маблағ ва вақт тежалишига хизмат қилади. Оддий айтганда, қайсидир ҳудудни қуёш тиғида ташқаридан, ортиқча юклама туфайли эса ичидан қизиб кетган кабелни совитиш мақсадида икки-уч соатга тармоқдан узиб туриш кейинчалик кабель ва трансформаторнинг ёниб кетиши ҳамда истеъмолчилар 10-12 соатлаб электр энергиясиз қолишларидан кўра афзалроқ ечимдир. Шунингдек, охирги пайтларда кунлик ишлаб чиқариш ўртача 107,8 фоизни, ойлик ишлаб чиқариш ўртача 106,2 фоизни, йиллик кўрсаткич эса 101,8 фоизни ташкил қиляпти. Сўнгги кунларда бир қатор янги ишлаб чиқариш қувватлари – Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик станциясининг 500 кВ кучланишли 2 та электр узатиш тармоғи, Бўстонлиқ туманида қуввати 200 кВт бўлган “Испайсой” микроГEСи ҳамда Яшнобод туманида 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергияси билан таъминлайдиган янги “Олмос” подстанцияси ишга туширилган. Аммо истеъмол ҳам шунга яраша бўлмоқда. Масалан, бугунги кунда ўртача истеъмол кунига 11 200 МВтга тенг бўлмоқда. Ҳатто куннинг айрим пайтларида, асосан, иссиқ ҳарорат забтига олган чоғда электр энергияси сарфи ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмига тенг, баъзан талаб ундан ҳам ортиб кетаётир. Буни биргина июль ойининг ўзида суткалик истеъмолда икки марта рекорд кўрсаткичнинг қайд этилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Хусусан, 12-июль куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт·соатни ташкил қилган бўлса, 26-июль куни 250,7 млн кВт·соатга етиб, суткалик рекорд яна бир карра янгиланган. Бироқ ҳозирги шароитда “Нима қилса ҳам узлуксизликни таъминлайман”, дея зарур эҳтиёт чораларини кўрмаслик, муқаррар авария ҳолати юз бериши мумкинлигини англаган ҳолда, барқарорликка эришиш истагида ортиқча кучланишга ўтила бошлаган ҳудудларни тармоқдан узмаслик ҳам ечим эмас, аксинча, катта муаммога олиб келади. Бундай вазиятда энергия тежамкорликка қатъий риоя қилиш, хонадонларда ҳам барча хонани эмас, атиги биттасини совитиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан суғуриш, зарурат бўлмаган ҳолларда, айниқса, кундуз кунлари лампочкаларни ўчириб қўйиш энг мақбул йўлдир. “Халқимиздан бугунги аномал иссиқ шароитида Энергетика вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари тарафидан амалга оширилаётган мажбурий чораларни тўғри тушунишларини ҳамда қўллаб-қувватлашларини сўраймиз”, дейилади хабарда мурожаатда.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.