currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



Таназзул...

Life Style

calendar

20.12.2025

eye

46

Таназзул...

Ёзиш мумкин бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма мавзуда ёзамиз. Лекин шундай мавзулар борки, ёзишга ботинолмай, руҳан қийналасиз. Қалбингизнинг туб-тубидаги оғриқ эса ахийри тилга киради, гапиради ва ниҳоят ҳаммаси ҳақида ёза бошлайсиз.

Яшашнинг ўзи энг катта илм. Қандай яшашни эса, одатда, одамнинг ўзи танлайди. Нураб бораётган деворни тасаввур қилинг, бугун маънавий таназзулимиз шу аҳволда.

“Даҳшат” деб хабар қолдиради телеграмм тармоқларидан бири: “Фарғонада ўғил онасининг бармоқларини ток қайчи билан шафқатсизларча кесиб ташлади.”. Ҳар қанча кучли ирода соҳиби бўлманг, бу сўзларни ўқиганда, бир қалқиб тушасиз, агар юрагингиз тош бўлмаса. Онани-я, онани...

Воқеанинг ўзаро жанжал сабаб келиб чиққани айтилади. Онасининг бармоқларини кесиб ташлаган ўғилга нисбатан жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида суд ҳукми ўқилибди. Судланувчи руҳий касал деб топилиб, даволаниш учун кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий тартибда юборилган.

Кошки эди бу каби хабарлар бугун биттагина бўлса, кошки эди бу ишларни қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам чиндан руҳий касал бўлса...

Ваҳшийликнинг тури кўпайди. Ҳа, тури кўпайди! Нега айнан ваҳшийликнинг тури кўпаймоқда, яхшиликнинг эмас?! Мана шу савол эс-ҳуши жойида одамни ўйлантиради, албатта.

Агар одам ўз оиласида, ўз уйида бахтли бўлмаса, кўчада, бошқа бирон манзилда бахтли бўлиши қийин масала. Ҳеч кузатганмисиз, уйида нотинчлик бўлганлар жуда асабий бўлишади. Нотинч хонадонда тинч яшашнинг, нормал ҳаёт тарзи бўлишининг ўзи катта бир мўъжиза!

Хўш, оилаларимиз нега бунчалар нотинч бўлиб бормоқда?! Ижтимоий тармоқларда бу каби фикрлар муҳокамасини кузатсангиз, кўпчилик иқтисодий муаммоларни рўкач қилади. Тўғри, рўзғорни ғор, деймиз, турмушнинг муштлари ҳам бор. Молиявий муаммоларни ҳал қилиш биринчи масаладир, лекин, ярим коса овқатга одамнинг қорни тўяди-ку. Одамзот кошки эди қорни тўйса, тинч яшай қолса... Тинч яшаш учун фақат моддиятни сабаб қилиб кўрсатиш ниҳоятда хато тушунча!

Бугунги замонавий дунёда аксарият оилаларда нотинчлик ҳолатлари моддий сабаблардан кўра маънавий қашшоқлик туфайли келиб чиқаётганини эса тан олгимиз келмайди негадир.

Асаблари толиққан одамлар ичида яшаш нақадар оғир...

Оддийгина бир мисол – йўловчи такси ҳайдовчиси нимагадир бурқситиб тамаки чекади. Машина ўзиники-да, билганини қилади-да, истаса, чекади, истамаса йўқ. Шундай дерсиз, лекин орқа ўриндиқда ўтирган ҳомиладор аёлнинг зўрға нафас олаётганини, ҳатто ёнидаги хали уч ёшга ҳам кирмаган ўғилчаси ҳайдовчи амакига қараб ўрнак олиб кетаётганини ўша ҳайдовчи етти ухласа ҳам ҳис қилолмайди. Нимага шундай?! Бунинг сабаби оддий, ҳа, жуда оддий. Биз ҳисларимиз билан эмас, нафсимиз билан, ҳали тарбия кўриб улгурмаган ақлимиз билан яшашга одатландик.

Одам боласининг маънавий тарбияси ҳақида соатлаб маъруза ўқийдиганларнинг ҳаёт тарзига зимдан назар ташлаб ҳам, ибратли бир кўриниш тополмай, эзиласиз. Юқорида айтганимиздек, қандай яшашни одамнинг ўзи танлайди. Ўз ҳаётининг тамал тошини ўзи қўяди одам боласи. Лекин бу жараёнда у ёлғиз эмас!

Фарзанд тарбияси жуда нозик масала. Бугунгидек тўлиқсиз оилаларда катта бўлаётган болалар кимдан, нимадан ўрнак олсин?! Отаси хорижда муҳожирликда, мусофирликда, яна бир тоифа тирик етимлар, норасидаларнинг ҳам отаси, ҳам онаси меҳнат муҳожири. Ўзи бир қариндошининг қўлида, балки ўз уйида, яқинлари билан биргадир, лекин ота-онанинг ўрнини бошқа биров боса олармикан?! Кошки эди, улар бувиси ёки бобосининг тарбиясини олиб катта бўлса! Кошки эди, болалигидан китобга ошно бўлса, яхши устозларнинг этагини тутса, кошки эди...

Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса бундан-да мураккаб. Ҳамма шароити етарли оилада катта бўлган, тўқликка шўхлик қилиб, жиноят кўчасига кириб қолганлар ҳам қанчадан-қанча. Демак, одамнинг қандай бўлишини ижтимоий мезонлар белгиламас экан-да! Унда муаммонинг жавобини қаердан ахтарамиз?! Албатта, маънавий мезонлардан!   

Мактаб, мактабгача таълим муассасалари тарбия ўчоғидир. Улар болангиз кўз очиб кўрган биринчи маърифат манзиллари саналади. Бироқ бугун бу даргоҳларда ҳам муаммолар талайгина. Кузатган бўлсангиз, болалар боғчаларида айрим тарбиячиларнинг болалардан аламини олиш ҳолатлари учрамоқда. Асаби таранг бу аёллар қандай қилиб бу соҳага ишга келиб қолганига ҳайрон қоласиз.  

Тарбиячи аёл боғча боласининг миттигина, жажжи қўлчаларига игна санчишини тасаввур қилмоқ учун қанча катта куч, чидам керак одамга. Агар росмана бу даҳшатли воқеани тасаввур оламингизга сиғдира олсангиз, руҳан жуда кучли одам экансиз! Энди ўйлаб кўринг, шу ишни қилиш учун қанчалар ваҳший бўлиши керак одамзот?! Яна бу ишни қилган одам аёл киши бўлса-я! Яна у она бўлса-я?!.

Аёлми, эркакми, жаҳл чиққанда ақл кетади, деб, билганини қилавериш бўлса, вақти келиб қонуний жазо чоралари кўрилса-да, бу каби иллатлар авж олаверса, нима қилиш керак?! Қадимдан бу каби жиноятларга жазо чораларини кучайтириш орқали оддий ва осон усулда жавоб берилган, ечим топилган! Масалан, ўғрининг қўли кесилган. Бу оддий ҳол саналган. Ҳозирги инсонпарварлик тамойилларига асосланган қонунчиликда эса оғир жазо турлари камайган ёки мутлақо йўқ қилинган.

Бугун замон бошқа, одамлар ўзгарди. Қонунларнинг қатъий талаблари ҳам иш бермаётган манзилу маконларда яшаётганлар чуқурроқ тафаккур қилиш фурсати етди! Ахир, бугун ўйламасак, эрта-индин бундан ҳам оғир хабарларни эшитавериб, дийдамиз қотиб кетади. Шундоғам ахборот асрида яшаб, кўзларимиз қотди, дийдаларимиз қотди, шунга ўхшаш ишларга гувоҳ бўлсак ҳам, оддий ҳолдек қарайдиган бўлиб қолдик. Шу қадар аянчли, ғариб аҳволга тушиб қолдик...

Нега биз биронта ёмон хабар эшитсак, бир-биримизга суюнчилайдиган, шошилиб айтадиган бўлиб қолдик?! Авваллари бундай эмасдик-ку! Ижтимоий тармоқларда эса, бир ёмон хабар кетидан иккинчиси бир ондаёқ пайдо бўлади.

Энг ёмони, ёмонликларни кўравериб, кўзи қотган авлод тап тортмай юқоридагидек ишларни қилмоқда, ҳар қандай ваҳшийлик йўлига осонгина кирмоқда.

Қани энди ваҳшийлик саҳналари бор фильмлардан, беҳаё кадрлардан, турфа хил разилликлардан болангизнинг кўзини тўса олсангиз, қалбини авайлаб-асрай олсангиз! Бугун бу жуда оғир масала.

Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, бемаза қовуннинг уруғидек кўп ёмон хабарларни тарқатаётган тармоқларни ҳам жиловлай олмаяпмиз. Тармоқлар-ку, робита майдони, оддийгина хабарчи, лекин воқеанинг асл моҳиятини очиб берадиган, дўппини бир жойга қўйиб фикрлашга ундайдиган публицистик материаллар ҳам саноқлигина. Унинг ўрнига ҳой ундай бўлди, ҳой бундай бўлди, эшитдингизми, кўрдингизми, деб хабарчи бўлишга устамиз.

Аламлиси, тарбиянинг томирлари кесилган, ҳоли хароб, юрар йўли абгор аҳволда. Бир тоифа одамлар оилавий таназзуллар ҳақида юрак-бағри ёниб гапирса, бошқа бир тоифа жудаям бефарқ. Хуллас, ҳеч нарса қилолмаяпмиз, ҳеч нарса. Аламлиси, шу... 

Тан оласизми, йўқми, сизнинг назарингизда инсоннинг қадри нима билан ўлчанса, сиз ўшандай инсонсиз! Бу ҳақда тафаккур қилиш учун эса илм керак, ўқиш, ўрганиш керак... ўқиш керак, ахир!

Бугунги замонавий дунё олимлари авваллари бўлмаган, ўзи ҳам, номи ҳам аллақандай замонавий касалликлар пайдо бўлаётгани ҳақида хабар беришмоқда. Фикру хаёли моддиятга тўлган одам руҳиятида, ҳатто танасида ҳам моддийликка интилиш кучаяди. Охир-оқибат бу интилиш инсонни абгор аҳволга солади. Бунинг ҳаётий исботини ҳар куни ён-атрофимизда кўриб турибмиз. Мерос талашиб, ёки арзимас нарсалар сабаб оилавий келишмовчиликлар оқибатида ака укасига зиён етказиб, ўғил отасини, қиз онасини танимас даражада телбаларча хатти-ҳаракатлар қилмоқда. Бугун боласини сотадиган оналар бир ёнда қолиб, хиёнат ёки бошқа оилавий муаммолар сабаб фарзандларининг отасига ёки онасига аччиқ қилиб, норасидаларининг жонига қасд қилаётганлар кўпайди. Нафс измига тушиб қолиб,  панжара ортида ўтирган, озодликдан маҳрум қилинганлар қанча?!

Бу каби муаммоларнинг барчасига оддийгина бир фазилат – сабр билан ечим топилишини эса биров ўйлаб, биров ўйламаяпти. Бесабрлик, асаб таранглиги, моддий ва маънавий муаммоларга осонгина енгилиш, иродасизлик... афсуски, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Бугунги замонавий дунёда одатий қуроллар эскирди. Ҳатто ядро қуроллари жим турган бир маҳалда орамизда оддийгина қўл телефонларидан энг ашаддий қурол сифатида фойдаланадиган бир тоифа одамлар пайдо бўлди. Жиноят турлари ҳам замонавийлашди, кўпайгандан-кўпайди. Фирибгарликнинг ҳам ақлга сиғмас турлари пайдо бўлди. Одамзот шунчалар ўзгардики, жаҳл устида тан жароҳати етказишнинг ҳам антиқа усулларига ўтди. Энг ёмони, бу кун сайин янгиланиб, ваҳшийлашиб бормоқда.   

Қани энди бу гапларни ёзмасликнинг иложи бўлса...

Инсон борки, умид билан яшайди. Шунча дарди бор одам қандай умид қиларкан, дерсиз?! Асрлар ўтса ҳам эскирмайдиган бир мўъжиза бор: бир оғиз ширин сўз, биргина ширин табассум оламни ўзгартириб юборишга қодир!

Шундай экан, тасаввур қилинг, тафаккур қилинг, ислоҳни уйингиздан, оилангиздан, ўзингиздан бошланг! Ахир, ўзини ислоҳ қилмаганнинг ҳолига вой! Ўзини ўзи хароб қилмоқ эса нодонликдир.

Ўзбекнинг боласи

Улашиш:

Бошқалар

21-ноябр 2025, 08:14
645

Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар

Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.


25-ноябр 2025, 06:09
625

Ер солиғи ставкаси қандай аниқланади?

Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади.


25-ноябр 2025, 04:07
423

Жисмоний шахсларнинг қайси даромадларига солиқ солинмайди?

Солиқ кодексининг 378-моддасига кўра, жисмоний шахсларнинг айрим даромад турларига солиқ солинмайди.


22-ноябр 2025, 04:02
399

Никоҳдан ажратиш тартибини биласизми?

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.