Ҳуқуқ
23.01.2024
1 902
Айрим давлат органларига борилганда телефонни ўчириб ёки ПОСТда қолдириб кетиш сўралади. Хўш, бу талаб қанчалик қонуний? Ташкилотлар объект ички режимини ўзи мустақил белгилайдими? Кимларга давлат органлари биносига кириш учун чеклов йўқ? Hudud24.uz қуйида масаланинг ҳуқуқий жиҳатларини ривожланган давлатлар билан таққослаган ҳолда таҳлил қилади.
Биринчидан, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органи ёки ташкилоти объект ички режими (ички тартиб тадбирлари ва қоидаларини ҳамда ёнғин хавфсизлигини амалга ошириш тартиби)ни ўзи мустақил белгилаш ҳуқуқи берилган. Масалан, Президентнинг 2021 йил 20 февралдаги ПҚ–4997-сон қарорига мувофиқ объект маъмурияти кириб-чиқиш йўриқномасини ўзи тасдиқлайди.
Бундан ташқари, айрим ҳолларда тўғридан-тўғри қонун ҳужжати билан баъзи давлат органларининг биносига мобиль телефонларни олиб кириш ёки ундан фойдаланиш чекланган.
Жумладан, суд бинолари, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2981, 2018 йил 15 март) асосан суд биносига мобиль телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларини суд мажлисида раислик қилувчининг рухсатисиз олиб кириш тақиқланади.
Бироқ айрим тоифадаги шахслар борки, уларга давлат ташкилотлари биносига кириш учун чеклов белгиланмаган. Масалан, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, процессуал нормаларга қатъий риоя этган ҳолда суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга.
Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган биноларга шахсий мобиль телефонларни олиб кириш қуйидаги мақсадларда чекланади:
ички ва ахборот хавфсизликни таъминлаш;
иш юритувидаги ошкор этилмайдиган маълумотларнинг бутлигини сақлаш;
нотўғри ахборотларни тарқатилишини олдини олиш;
бошқа фуқароларга халақит берилишини олдини олиш;
ходим хавфсизлигини таъминлаш ва ҳ.к.
Давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг ахборот махфийлигини сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлари мансаб йўриқномалари ва шу каби бошқа лавозим вазифаларини белгиловчи ҳужжатларда кўрсатиб ўтилади. Шу сабабли ташкилотлар ўз ахборот хавфсизлиги сиёсатидан келиб чиқиб нафақат ташқаридан ташриф буюрувчилар, балки ўз ходимларига ҳам ишхоналарда мобиль алоқа воситасидан фойдаланишга рухсат бериш ва аксинча тақиқлаш ҳуқуқига эга.
Учинчидан, ижтимоий муҳофаза қилинадиган объектлар, жумладан соғлиқни сақлаш муассасалари, дам олиш оромгоҳларида ҳам шахсий мобиль телефонларни олиб кириш чекланиши мумкин.
Бундан кўзланган мақсад беморларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашдир. Баъзи бир шундай касалликлар ёки тиббий ускуналар мавжуд, уларга радиация алоқаси салбий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар ўз телефони абонентининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни “овозсиз” режимга ўтказиши) шарт эканлиги Ҳукумат қарори билан мустаҳкамланган.
Тўртинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг биносига ташриф буюраётган шахслар билан мазкур давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлари оммавий-ҳуқуқий (маъмурий) муносабатлар ҳисобланади.
Бу ерда гап фуқаронинг мулкида эмас, балки унинг давлат ташкилотига ташрифи ва белгиланган ички тартиб-қоидаларга амал қилиши ҳақида бормоқда.
Шунга кўра, давлат органларига жойлашган бинода фуқаролар томонидан бинога уяли телефонларини вақтинча топшириб кириши амалиёти фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини чекланишини англатмайди. Чунки мобиль телефонни топширишни истамаган фуқаролар, ўз шахсий мулкларини қолдириб келишлари мумкин.
Бешинчидан, хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар ходимлари билан ўзаро муносабатни ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилишлари мумкин (ички ишлар ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно).
Олтинчидан, жаҳон тажрибасига назар солсак, кўплаб давлатларда айнан ахборот ва ички хавфсизликни таъминлаш мақсадида ташкилотларда уяли телефонлардан фойдаланишда чекловлар мавжуд.
Масалан, АҚШнинг Федерал тартибга солиш тўғрисидаги кодексига кўра, хавфсизликни таъминлаш учун махсус қоидалар, кўрсатмалар ёки буйруқлар билан ёхуд суд қарори билан тақиқланган ҳудудларда суратга, видеога олиш ман этилади. Шу сабабли бундай ҳудудларга мобиль телефон олиб кириш мумкин эмас.
АҚШда 2010 йилда машҳур суд ишида федерал органлар биносини ташқарисидан фуқаролар томонидан расмга олиш ҳуқуқи мавжудлиги тасдиқланган (Musumeci). Шунга қарамай, йўриқномага асосан ҳар бир ҳолатда бино ташқарисини расмга олаётган фуқарони олдига хизматчи бориб, суратга олиш сабабларига аниқлик киритиши лозим.
Шунингдек, АҚШ федерал суд залларида ҳам расмга олиш ва жараённи трансляция қилиш тақиқланади. Ўз навбатида АҚШ почта бўлимларида ҳам расмга олиш учун махсус кўрсатмалар мавжуд. Унга кўра ходимларнинг фаолиятига халақит бермаган ҳамда фуқароларга киришга рухсат этилган жойлардагина масъул шахснинг рухсати билан расмга олишга йўл қўйилади. Ўз навбатида почта бўлимларида олинган расмларда ходимларнинг, мижозларнинг ёки бўлимда ўрнатилган хавфсизлик камераларининг тасвири акс эттирилмаслиги керак.
Бундан ташқари АҚШнинг айрим штатларида яширин тарзда мобиль телефон ёки бошқа воситалар орқали овоз ёзиб олиш тақиқланади.
Японияда эса давлат органларига телефон олиб кириш мумкин бўлса-да, унинг ёрдамида турли видео тасмалар ёки суратга олиш тақиқланади.
Еттинчидан, давлат ташкилоти, мансабдор шахслар у ёки бу функцияни амалга ошираётганда фақатгина белгиланган қонун-қоидаларга риоя этиши лозим. Агар шахснинг талаби қонуний бўлса, давлат ташкилотлари уни белгиланган тартибда ҳал қилишга, аксинча бўлса рад этишга мажбур.
Ушбу тартиблар, мажбуриятлар ва муносабатлар мобиль телефонлар ва видеога олиш мосламалари ихтиро этилишидан олдин ҳам мавжуд бўлган. Бундан ташқари, шахс ўз талаби ноқонуний рад этилган деб, унга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилган деб ҳисобласа, уни рўёбга чиқаришнинг бошқа қонуний усуллари (юқори ташкилотга ёки судга шикоят қилиш) мавжуд.
Шунингдек, деярли барча давлат органлари ва ташкилотларида узлуксиз видеокузатув тизими мавжуд. Бу тизимни ўрнатишдан мақсад ҳам айнан фуқароларнинг ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Бундан ташқари, сўроқ қилиш жараёнини видеоқайд этилишини таъминлаш мақсадида, барча терговчи ва суриштирувчилар веб-камералар билан таъминланди, сўроқ қилиш ва бошқа тергов ҳаракатларини аудио- ва видеоқайд этиш тизимлари билан жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилди.
Юқоридагиларга кўра, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан мобиль телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларини олиб кирилишини тақиқлаш бўйича белгиланган талаблар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид эмас.
Шу билан бирга, чекловлар “давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт”, – деган конституциявий нормага дахл қилмаслиги лозим.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Эр-хотин бир-бирига алимент тўлаш мажбурияти. Муҳим 5 жиҳат
Эр-хотин ажрашмаган тақдирда ҳам бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, иккинчи томон суд орқали алимент олиши мумкин.
Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.