currencies image

12 957,01 UZS

11,33

usd

currencies image

13 485,66 UZS

6,60

eur

currencies image

132,13 UZS

0,19

ru



АсосийЯнгиликларТергов судьяси фаолияти қонун билан мустаҳкамланди

Тергов судьяси фаолияти қонун билан мустаҳкамланди

Ҳуқуқ

calendar

30.01.2025

eye

121

Тергов судьяси фаолияти қонун билан мустаҳкамланди

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан буён туман, шаҳар судларида тергов судьялари ўз фаолиятини бошлади.

2025 йил 28 январь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан тергов судьясининг ваколатлари белгиланди. Мазкур қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Аввало, Жиноят-процессуал кодекси янги 31(1)-модда билан тўлдирилиб, тергов судьясининг ваколатлари белгиланди. Унга кўра, тергов судьяси якка ўзи иш тутиб, ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш тергов судьясининг ваколатлари жумласига киради.

Қолаверса, кодекснинг 1213-моддаси “Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан, мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёхуд кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади” деган сўзлардан иборат биринчи қисм билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодекси аввал мавжуд бўлмаган 1581, 1582 ва 1583-моддалар билан ҳам тўлдирилдики, улар тинтув ўтказиш жараёни билан боғлиқ. Дарҳақиқат, тинтув ўтказиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида уни ўтказиш учун асосларни баён этган ҳолда қарор чиқаради. Бу қоида кодекснинг 1581-моддасида ўз аксини топган.

Тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади. Терговчининг ёки суриштирувчининг тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. Прокурор эса илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, ўша қарор ва зарур материалларни судга юборади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув терговчининг ёки суриштирувчининг қарорига асосан суднинг розилигисиз ўтказилиши мумкин, бироқ кейинчалик суд ва прокурор ўтказилган тинтув ҳақида йигирма тўрт соат ичида хабардор қилинади. Хабарномада кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатилиши керак. Тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорнинг қонунийлигини текшириш учун мазкур хабарномага терговчининг ёки суриштирувчининг тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорининг, тинтув баённомасининг ва зарур материалларнинг кўчирма нусхалари илова қилинади. Мазкур хабарномани ва унга илова қилинган материалларни олгач, судья ўтказилган тинтувнинг қонунийлигини қирқ саккиз соат ичида ушбу Кодекснинг 1582 ва 1583-моддалари тартибида текширади ҳамда унинг қонунийлиги ёки қонунга хилофлиги тўғрисида ажрим чиқаради. Агар судья ўтказилган тинтувни қонунга хилоф деб топса, тинтув ўтказиш чоғида олинган барча далиллар ушбу Кодекснинг 951-моддасига мувофиқ номақбул деб топилади.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан, мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёхуд тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисида прокурор, зарур бўлган тақдирда терговчи, суриштирувчи иштирок этади. Бу суд мажлиси прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради. Кейин тақдим этилган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Судья илтимосномани кўриб чиққач, тинтув ўтказиш ёки уни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради. Судьянинг тинтув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак. Мазкур ажрим ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Суд тинтув ўтказишни прокурорга, суриштирувчига ёки терговчига топширади.

Судьянинг тинтув ўтказиш тўғрисидаги ёки тинтув ўтказишни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан ўзига нисбатан тинтув ўтказилган шахс ажрим ижро этилган кундан эътиборан йигирма тўрт соат ичида апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор ажрим чиқарилган кундан эътиборан шу муддат ичида апелляция тартибида протест билдириши мумкин. Апелляция шикояти (протести) ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси судининг судьяси мазкур материалларни шикоят (протест) билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай якка тартибда кўриб чиқиши керак.

Эслатиб ўтиш жоиз, апелляция шикояти (протести) берилиши суднинг тинтув ўтказиш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб турмайди.

Тинтув ўтказиш рад этилган тақдирда, мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга тинтув ўтказишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

Юқоридаги қонунга биноан, Жиноят-процессуал кодексига телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлашга оид ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича
Косонсой туман судининг
тергов судьяси

Улашиш:

Бошқалар

2-январ 2025, 05:19
1 030

1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Айрим таълим ташкилотлари коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.


13-январ 2025, 05:41
885

Хориждан келаётганда бож тўламасдан қанча товар олиб ўтиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда — 1 000 (бир минг) АҚШ доллари олиб ўтиш мумкин.


15-январ 2025, 05:39
831

Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.


9-январ 2025, 06:35
791

Ўзбекистондан қатор халқаро йўналишларга автобус қўйилиши режалаштирилмоқда

Транспорт вазирлиги республиканинг турли ҳудудларидан халқаро йўналишларда автобус қатновларини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.