Ҳуқуқ
25.09.2026
77

2027 йил 1 июлдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолият билан шуғулланиши учун давлат рўйхатидан ўтказиш тизими босқичма-босқич жорий этилади. 2030 йилдан эса рўйхатдан ўтмасдан тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайди.
Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-192-сон «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий қилиш тўғрисида»ги Фармони билан белгиланди. Ҳужжат 2026 йил 16 сентябрдан кучга кирган.
Янги тизимнинг асосий мақсади — тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий малакасини халқаро стандартларга мувофиқ, очиқ ва мустақил баҳолаш ҳамда шу орқали тиббий хизматлар сифатини ошириш.
Бунинг учун тиббиёт ва фармацевтика соҳаси мутахассисларининг Ягона электрон реестри юритилади. Унда ходимларнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ва касбий фаолияти мониторинг қилинади, маълумотлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.
2027 йил 1 июлдан давлат рўйхатидан ўтказиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш тиббиёт ва фармацевтика фаолияти амалга ошириладиган ихтисосликлар номенклатурасига киритилган мутахассисликларга нисбатан татбиқ этилади.
Қайси мутахассисликлар махсус имтиҳон билан, қайсилари эса имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Бунда ходимнинг беморга тиббий таъсир кўрсатиш даражаси инобатга олинади.
2030 йилдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат давлат рўйхатидан ўтказилган шахсларга берилади.
Рўйхатдан ўтмаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолият билан шуғулланиши тақиқланади.
Шу билан бирга, 2030 йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш амалиёти бекор қилинади. 2030 йилга қадар берилган малака тоифалари эса уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар сақланади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари 5 йил муддатга давлат рўйхатидан ўтказилади.
2030 йилгача эса ходимларни ихтиёрий равишда махсус имтиҳон натижаларига кўра ёки малака тоифасини бериш жараёнида автоматик тарзда 5 йил муддатга давлат рўйхатидан ўтказиш имконияти мавжуд бўлади.
Махсус имтиҳон асосида давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган амалдаги тиббиёт ва фармацевтика ходими имтиҳондан ўта олмаган тақдирда ҳам дарҳол ишдан четлаштирилмайди.
Унга бир йил давомида қайта имтиҳон топшириш шарти билан вақтинча давлат рўйхатидан ўтиш ва шу даврда иш фаолиятини давом эттириш имконияти берилади.
Мутахассислиги бўйича камида 20 йил иш стажи ва илмий даражага эга тиббиёт ва фармацевтика ходимлари махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади.
Бироқ бу қоида уч йил ёки ундан ортиқ ўз мутахассислиги бўйича узлуксиз ишламаган шахсларга нисбатан алоҳида тартибда қўлланади.
2027/2028 ўқув йилидан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда битирувчиларини махсус имтиҳонлар натижалари асосида давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади.
Янги тизим тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустақил баҳолаш, улар ҳақида ягона электрон реестр юритиш ва касбий фаолиятни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали тартибга солишни назарда тутади.
Энг муҳими, 2030 йилдан тиббий ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш учун давлат рўйхатидан ўтган бўлиш мажбурий талабга айланади.
Бекжон Исмаилов,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар
Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади.
Фахрийларимиз фахр ва ифтихоримиз!
Фахрийларимиз навқирон авлодга устоз ҳисобланади.
Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?
Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Хотиржамлик ортидаги хавф: чуқур нафас нимага ундайди?
Муаммоли вазиятга тушганимизда бизга кўпинча “Чуқур нафас ол ва тинчлан” дейишади.