currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларЎқитувчилар учун энг яхши 10 та китоб

Ўқитувчилар учун энг яхши 10 та китоб

Ўзбекистон

calendar

29.09.2023

eye

2 427

Ўқитувчилар учун энг яхши 10 та китоб

1-октябрь — устоз ва мураббийлар куни. Мазкур шарафли касб эгалари, шубҳасиз, доимий равишда ўз устиларида ишлашади, китоб ўқишади. Улар учун энг яхшилари қайсилар? Қандай асарлар мутолааси бу касб эгалари учун айнан мос келади? Hudud24.uz бугун ўқитувчиларга энг яхши 10 та китобни тавсия этади. Тавсиялар букблогер Маҳин Нурсаидова томонидан тақдим этилмоқда.

  1. Шуҳрат. Олтин зангламас
Ўзбек адабиётида ўқитувчиларга атаб ёзилган китоблар ичида энг яхшиси, шаксиз, “Олтин зангламас” асари ҳисобланади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат томонидан 1963-1965 йилларда ёзилган мазкур роман урушдан олдинги ва кейинги даврда ноҳақ қатағонга дучор этилган ҳалол кишиларнинг фожиали қисматини ўзида акс эттирган. Асарнинг бош қаҳрамони Содиқ ҳалол, виждонли, тўғрисўз ўқитувчи бўлиб, мактаб директори сифатида фаол ва атрофидагиларга нисбатан талабчан муносабатда бўлади. Унинг ана шу хислати айрим ишёқмас ходимларга ёқмайди ва атрофда ҳеч сабабсиз “қама-қама”лар авж олган вазият бундайларга жуда қўл келади. Натижада Содиқ ҳам “чақув” қурбонига айланади. Асар ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигини йўқотмаган ўқитувчининг пок виждонини тараннум қилади.
  1. Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим
Дунё адабиётида ўзининг забардаст ўрнига эга бўлган улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг мазкур асари асрлар давомидаги қолоқ ва саводсиз тарзда яшаб келган қирғиз диёрида ХХ аср бошида таълим ва маорифнинг аҳоли томонидан осонликча қабул қилинмаганлигини ҳикоя қилади. Саводсизлик ва жоҳилликка ўрганиб қолган, мактаб таълими, айниқса, қизлар таълимини кераксиз ҳисоблаган оломон чекка овулда мактаб очмоқчи бўлган Дюшеннинг устидан дастлаб кулади, сўнгра қишлоқдаги болалар унинг ортидан эргашиб, ақлини таний бошлаганини қабул қила олмасдан Дюшенни таъқиб қила бошлайди. Келажакда мамлакатнинг кўзга кўринган инсонларидан бирига айланадиган ёш Олтинойнинг таълим олиши учун қўлидан келган барча ишни қилган Дюшен фидойи ўқитувчиларнинг рамзи бўлиб қолади.
  1. Абдулла Авлоний. Туркий гулистон ёҳуд аҳлоқ
Жадид боболаримиз ичида энг улуғ ва энг буюкларидан бири Абдулла Авлонийнинг дарслик сифатида ёзилган мазкур китоби ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг бошларида Туркистон ўлкасида педагогик фикрларнинг ривожланишида, халқ маорифи ишларини юксалтиришда улкан ўрин тутган.  Ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган мазкур асар форс классик шоири шайх Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асаридан таъсирланиб, унга тақлид қилиб ёзилган. Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган маърифат дарслигининг ёш авлод ахлоқий тарбиясида катта аҳамиятга эгалиги шубҳасиз. Шу боис ҳар бир ўқитувчи мазкур асарни ўқиши лозим ва лобуд.
  1. Абдурауф Фитрат. Нажот йўли
ХХ аср бошларида бутун Туркистонда янги кучга кира бошлаган жадидчилик ҳаракати адабиёт, журналистика ва театр соҳаларини буткул ўзгартириб юборди. Ўша даврда қалқиб чиққан миллатпарваларлардан бири Абдурауф Фитрат бўлиб, унинг бутун миллатга нажот кўрсатган “Нажот йўли” асарида лисоний, фалсафий, дунёвий илмлар тўғрисида аниқ тасаввур келтирилган ҳамда авлод, бадан, фикр, ахлоқ тарбиясига оид фалсафий, ахлоқий қарашлар олға сурилган. Жадид боболаримиз томонидан 100 йил аввал яратилган асарлар ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини инобатга олиб, “Раҳбари нажот” асарини ҳар бир ўқитувчи ўқиши зарур бўлган китоблар рўйхатига киритишни лозим топдик.
  1. Жавлон Жовлиев. Қўрқма
Ўзгача услуб ва ўзгача оҳанг билан ёзилган ҳамда бир нафасда ўқилиши билан ажралиб турадиган янги давр романи “Қўрқма” охирги йилларда китобхонлар учун ажойиб совға бўлди. Ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев томонидан ёзилган мазкур асар 100 йиллар олдин содир бўлган воқеалар - Германияда ўқиган талабалар тақдирини баён этган. Асарни ҳис-ҳаяжонсиз ўқиш мушкул. Миллат ва ватан дардини ўзида акс эттирган мазкур романнинг ифода йўсини ҳам зерикарли эмас. Ўзбекнинг ҳаракат ва интилишларини ўзида мужассам этган мазкур асар жавонлардан муқим ўрин эгаллаши шарт.
  1. Мирмуҳсин. Умид
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсиннинг “Умид” романи яратилганига 60 йил бўлди. Ҳозирги китобхонлар томонидан бироз унутиб қўйилган мазкур асар ўз вақтида жуда катта қизиқиш билан ўқилган ҳамда мазкур роман асосида фильм ҳам ишланган. Асарда аспирант, пахтачилик соҳасида тадқиқот олиб борган содда, беғубор йигитнинг қувонч ва ташвишларга тўла ҳаёти, самимий севгиси-ю, бу йўлда чалғиб, қаттиқ қоқилиши гавдалантирилган. Ёзувчи Умиднинг ички кечинмалари, илм йўлида тинмай изланишларини тасвирлаш орқали шу соҳага умрини бағишлаган фидоий одамларни улуғлаган. Шунингдек, бойлик ва мансаб илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдиганларнинг кирдикорлари ҳам ўта бўёқдор тарзда очиб берилган. Пайтида минглаб китобхонлар кўнглига йўл топа олган асар сизга ҳам ёқиши аниқ.
  1. Улуғбек Ҳамдам. Мувозанат
Эндигина мустақиллик эълон қилиниб, одамлар нима қилишни билмай қолган даврларда ўқитувчилар моянасига кун кўриш ўта қийинлашиб қолган. Шундай даврда ўқитувчилик қилиб келаётган Юсуф ўз ишини ташлайди ва ўзини дуч келган томонга уради. Бу йўлда бир нечта йўқотишларга дуч келган қаҳрамон ахийри, ўз мувозанатига тушади ҳамда яна жонажон касбига қайтади. Юқоридаги воқеа ҳозирги замон ўзбек адабиётининг энг ёрқин намоёндаларидан бири Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” асаридан келтирилган. Ўқитувчилик касбида фаолият юритган одамнинг бошқа касбда ўзини топа олмаслиги гўзал тарзда кўрсатиб берилган асарни сизга ҳам тавсия қиламиз.
  1. Исмоил Гаспирали. Фарангистон мактублари
Қрим-татар миллатига мансуб зиёли қатлам вакили, педагог, ношир, йирик сиёсий ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг бошчиси ва ҳомийси ҳисобланган Исмоил Гаспиралининг “Фарангистон мактублари” асари адибнинг Франциядаги саёҳати даврида ёзилган қимматли кундалик ҳисобланади. Франция пойтахтининг ижтимоий ва маданий ҳаётига қизиқиб қолган Исмоил оға Сорбонда маърузаларда қатнашади, буюк рус ёзувчиси Иван Тургеневнинг шахсий котиби лавозимини эгаллайди. Ўша даврлардаги Парижнинг тартиби, аҳолининг деярли барчасида савод борлиги таълимга эътибор, ишловчи аёллар фарзандлари учун махсус болалар боғчаси мавжудлиги, кўчаларда тиланчи ва касалмандларнинг кўринмаслигига лол қолганини ёзган Гаспиралининг мазкур асари сизда қизиқиш уйғотиши аниқ.
  1. Робендранат Тагор. Нур ва соялар
"Нур ва соялар" ҳикояси 1894 йилда ёзилган бўлиб, унда инглиз мустамлакачиларининг маҳаллий халқларга ўтказган зулми тасвирланади. Ҳикоянинг қаҳрамони адвокат Шошибушон инглиз мустамлакачиларининг хурмача қилиқлари билан чиқиша олмайди ҳамда айбдорларни судга бериб, уларни жазолашни талаб қилади. Лекин суд айбдорларни эмас, ҳақиқатни талаб қилиб чиққан Шошибушонни қамоқхонага ташлайди. Адиб мустамлака йилларида Ҳиндистонда ҳукм сурган тушкун аҳвол, инглиз истилочилари томонидан қўрқоқ, ювош, муте авомга айлантирилган юртдошлари тақдирини, битта-яримта инсоннинг юрак ютиб айтган сўзи ёки қилган иши шамолга совурилаётганлигини “Нур ва соялар” ҳикоясида ёрқин тасвирлаган. Ушбу асар ҳинд халқини қулликда ушлаб туришга интилган ажнабий мустамлакачилар ва уларга зулм пичоғини қайраб берган маҳаллий амалдорлар ҳақида битилган айбнома каби ўқилади.
  1. Чингиз Айтматов. Асрга татигулик кун
Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романи 1980 йилда ёзилган бўлиб, чоп этилиши билан бутун дунёдаги китобхонлар тафаккури ва руҳиятини ларзага келтирган. Чунки унда одамнинг инсоний қиёфасини белгилайдиган асосий кўрсаткичлар: ўзликни англаш, ўзгани тушуниш, тарихий илдизларни билиш, ундан фахрланиш сингари тушунчалар эканлиги ва булардан айрилиш, моҳиятига кўра одамлик қиёфасини йўқотиш экани кўрсатилган. Асарда бу масалалар одамлар тақдири мисолида бадиий ифода этилган. Миллатини, ўзлигини ва қадриятларини унутган инсон манқуртга айланиши ва бундай инсонлар жамияти миллатни таназзулга етаклаши ёрқин бўёқларда тасвирлаб берилган. Эзгу инсоний туйғулардан маҳрум, одамнинг кўнглини ҳис этмайдиган, аждодлар қўллаган удумларни менсимайдиган, бироқ ўзини зиёли ҳисоблайдиганлар манқуртнинг замонавий ва хавфли нусхаси эканлиги ҳам жуда таъсирли кўрсатилган.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 737

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 713

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 603

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 574

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
12-май 2024, 04:37
459

200 нафар ўзбекистонлик ўқитувчи Францияда стажировка ўтайди

Улар йил якунига қадар Франциянинг нуфузли олийгоҳларига юборилади.

cover image
22-декабр 2023, 10:14
373

Маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликлари оширилади

Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади.

cover image
19-октябр 2023, 12:21
1 030

Таътил вақтида қандай китоблар ўқиган маъқул? Ўқувчиларга энг яхши 10 та китоб рўйхати

Мактабларда 3 ноябрдан 1 чорак якунланиб, ўқувчиларга бир ҳафталик таътил берилади. Вақтни мазмунли ўтказиш учун энг яхши танлов — китоб ўқиш. Hudud24.uz таътил вақтида ўқувчилар зерикиб қолмаслиги учун бир қанча китобларни тавсия этади.

cover image
1-октябр 2023, 14:05
980

56 кунлик таътил, ҳафтасига 36 соатлик иш, 500 млн сўмгача ютуқлар: ўқитувчиларга қандай имтиёзлар берилган?

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Ушбу кун муносабати билан “Hudud24.uz” нашри ўқитувчилар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумот бериб ўтади.