Life Style
26.07.2025
39
Магистратура – бу олий таълимнинг муҳим босқичи. Аммо бу босқичга йўлнинг баъзилар учун, айниқса, илмий салоҳиятга эга ёшлар учун шунчаки ёпилиб қолиши ҳақиқатда оғриқли масала. Афсуски, бугунги кунда магистратурага кириш тартиби бўйича амалдаги қоидалар, адолатсизлик ва нотенгликни юзага келтирмоқда.
Муаммо нимада?
Ҳозирги талабларга кўра, магистратурага кириш учун номзодларнинг дипломдаги ўртача бали муҳим омил ҳисобланади. Бу баллар автоматик равишда танлов мезонларига қўшилади ва якуний рейтингга сезиларли таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда бу балларни инобатга олиш адолатли кўриниши мумкин, аммо чуқурроқ таҳлил шуни кўрсатадики, ушбу талаб олий таълим муассасини аввалроқ, нисбатан паст баҳога битирган минглаб иқтидорли ёшлар учун асосий тўсиққа айланмоқда. Ўтган 2024/2025-ўқув йилида магистратура босқичига жами 33 минг 172 та ариза топширилган бўлиб, уларнинг 17 минг 500 нафари ўқишга қабул қилинган, ачинарлиси қабул қилинмаганларнинг ҳаммаси ҳам жуда паст балл билан бакалавр босқичини якунламаган. Уларнинг орасида 86–88 балл олганлар ҳам, ҳаттоки 91-92 балл билан киролмаганларни ҳам учратиш мумкин.
Ўтмишдаги баҳолар – бугунги жазоми?
2010–2020-йиллар оралиғида ўқиганлар яхши эслайди, олий ўқув юртларида 90 дан юқори балл олиш деярли имконсиз эди. Ўқитувчилар юқори баҳо қўйишдан эҳтиёт бўлишар, текширувлардан, коррупция гумонидан чўчишар эди. Ўша пайтлар 87 ёки 88 балл энг юқори кўрсаткич саналган. Бугун эса аксинча, замонавий университетлар ва хусусий олийгоҳлар талабаларига 95–100 баллни бериш одатий ҳолга айланган. Баъзилар бу балларни мутлақо объектив баҳолашсиз, турли йўллар билан олишмоқда. Натижада, эски авлод битирувчилари ҳозирги талаблар билан тенг рақобатлаша олмаяпти. Бу – тизимли нотенгликдир.
Диплом бали – қонуний талабми?
2022-йилдан бошлаб ОТМларнинг магистратура босқичи учун қабул янгича тизимга ўтказилди. Онлайн ҳужжат топшириш тартиби, абитуриентлар ҳеч қандай имтиҳонсиз танлаб олиниши шулар жумласидандир. Шу йилдан бошлаб номзодлар бакалавриатда олган баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро сертификат балига қараб, баллар кетма-кетлиги асосида саралаб олинадиган бўлди.
Аммо бу ёндашув ҳозирги реал ҳолатни инобатга олмаган. Майли чет тили сертификати муҳимдир, лекин диплом бали нимани белгилаб беради? Илмий салоҳият, тадқиқотчилик қобилияти, танқидий фикрлаш, таҳлил қилиш, лойиҳа яратиш – буларнинг барчаси диплом балида ифодаланмайди. Айниқса, 5-10 йил олдин битирган ва сўнгги йилларда ўз устида ишлаб, ихтисослигини чуқур эгаллаган мутахассислар учун бу талаб деярли умрбод магистратурага кира олмаслик жазосига айланмоқда.
Магистртурага қабулнинг бу тартибини ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни топа олмадик. Интернет манбаларида фақатгина Олий таълим, фан ва инноватсияцлар вазирлигининг расмий Телеграм каналидаги 2021 йил 1 июльда чоп этилган постда “2022/2023-ўқув йилидан бошлаб магистратурага қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Қўшимча имтиҳон ўтказилмайди”, деган маълумотни кўришмиз мумкин.
Амалдаги қонунчиликда эса қабул шакли қуйидагича белгиланган ва бу ҳужжат ҳали кучини йўқотмаган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-бобида магистратурага қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кириш синовлари натижаларига кўра, тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади, деб белгилаб қўйилган. Низомнинг 4-бобида эса магистратурага кириш синови умумий баллари қуйидагилардан ташкил топиши айтилган:
— магистратурага киришда танлаган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади);
— чет тили фани бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади);
— олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда юздан бир аниқликда, ўзлаштирган фанларининг ўртача бали орқали ифодаланади) аниқланади.
Халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги B2 ёки C1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.
Магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл – 250 ни ташкил этади.
Илмий салоҳиятни қандай баҳолаймиз?
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, кўплаб мамлакатларда магистратурага қабулда ягона тест натижалари, илмий мақолалар, тавсияномалар, суҳбат ва интервьюлар асосий мезон сифатида қўлланилади. Диплом баҳоси эса иккинчи даражали кўрсаткич бўлиб хизмат қилади ёки умуман ҳисобга олинмайди. Масалан, АҚШ, Канада каби давлатларда GRE тести, Англияда IELTS ва мотивацион хатлар, Германияда илмий ёндашув ва интервью асосида танлов амалга оширилади. Бу эса илмий салоҳият ва ҳозирги тайёргарлик даражасини тўғрироқ баҳолашга имкон беради.
Нега бу муҳим?
Ўзбекистон тараққиёт стратегияларида илм-фан, инновация, технология ва рақамли иқтисодиёт етакчи йўналиш сифатида белгиланмоқда. Бундай мақсадларга эришиш учун илмий салоҳиятли, интеллектуал базаси кучли мутахассислар керак. Агар тизимда улар учун магистратурага кириш эшиклари ёпилса, бу нафақат шахсий фожиа, балки бутун мамлакат учун йўқотишдир.
Хулоса ва таклифлар
Диплом бали ўрнига бошқа мезонларни татбиқ қилиш – сертификатлар, илмий мақолалар, тест натижалари, тавсияномалар ва суҳбат асосида баҳолаш керак. Бакалавр дипломидаги балларни эса фақат ёрдамчи омил сифатида, асосий рейтингга кучли таъсир қилмайдиган даражада инобатга олиш мақсадга мувофиқ. Университетни аввалроқ, нисбатан паст балларга битирганлар учун алоҳида имкониятлар яратиш, яъни улар учун алоҳида квота ёки махсус имтиҳон шакллари қўллаш лозим. Умуман олганда адолатли ва шаффоф рейтинг тизими жорий этиш, мутахассислик бўйича ҳақиқий билим ва тайёргарлик даражаси баҳолаш тизимини жорий қилиш керак.
Хулоса ўрнида
Бугун илм олишни, илм-фан соҳасида етук кадр бўлишни ният қилган, бироқ ўтмишдаги диплом бали сабабли магистратура эшигидан қайтаётган ёшлар сони кўп. Уларнинг айби – илмга эмас, тизимдаги баъзи қатъийлик ва адолатсиз стандартларга дуч келганидадир. Магистратура фақат “аълочилар” учун эмас, балки ҳақиқий билимли, меҳнаткаш, ўз устида ишлаётганлар учун ҳам очиқ бўлиши керак. Акс ҳолда, биз келажакдаги олимларни, мутахассисларни йўқотамиз.
Жасур ТОЖИБОЕВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?
Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.
Декрет пули декретдан декретга уланса неча фоиз тўлаб берилади?
Декрет пули бу аёллар ҳомиладорлик ва туғруқ таътили вақтида оладиган нафақа пули.