Суд очерклари
24.12.2024
1 303

Бундан 15 йил муқаддам – 2009 йил 29 августда Чуст туман ҳокимининг 338-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда туман бош режаси асосида Чуст шаҳри Ипак йўли кўчасининг 6-умумтаълим мактаби ҳудудидан Истиқлол кўчаси кесишмасигача бўлган оралиғини кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Кўча кенгайтирилиши муносабати билан “Сероб” маҳалласида яшовчи фуқаро Фахриддин Нусратовнинг 2 хона яшаш уйи, ошхона ва ҳожатхона бинолари ҳам бузилиши лозим эди. Шу боис Ф.Нусратовга огоҳлантириш хатлари берилади. Бироқ бу ҳолатдан хонадон соҳиби жуда қайғуга ботади. Оқибатда юраги хасталаниб, шифохонага тушиб қолади. Ана шу пайтда туман ҳокими ўринбосарининг кўрсатмаси билан Фахриддин аканинг ҳовлисидаги бинолар бузиб ташланади. Яшаш уйи ва ошхонанинг эшик-деразалари ҳам яроқсиз ҳолга келади. Энг ачинарлиси, кузги салқин ва ёғингарчилик пайтида бутун бир оила бошпанасиз қолади. Шунга қарамай, туман ҳокимлиги бузилган бинолар эвазига тегишли компенсация пулини тўлаб бермайди. Масъулиятни ҳис этмаган айрим масъуллар нақ 15 йил мобайнида Фахриддин Нусратовни қуруқ ваъдалар билан алдаб келишади. Охир-оқибат у қонун кўмагига таянишга қарор қилади.
Гап шундаки, Ф.Нусратов аввалига бузилган биноларни баҳолатади. “Kons inventar baho” масъулияти чекланган жамиятининг 2024 йил 7 мартдаги ҳисоботи асосида бузилган уй-жой 81 миллион 540 минг сўмга баҳоланади. Сўнгра ўзига етказилган зарарни ундириб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво ариза киритади.
Ер кодексининг “Жисмоний ва юридик шахсларга тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қонунда назарда тутилган компенсация тўла ҳажмда берилганидан кейин амалга оширилади” дея қайд этилган. Ана шу асосга таянган суд даъвони қаноатлантирди. Яъни Чуст туман ҳокимлигидан Фахридин Нусратов фойдасига 81 миллион 540 минг сўм компенсация пуллари, 3 миллион 261 минг сўм давлат божи, баҳолаш хизмати учун тўланган 1 миллион 500 минг сўм, адвокат хизматига сарфланган 3 миллион 500 минг сўм жами 89 миллион 835 минг 600 сўм ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди. Фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, унинг даъвоси қонуний қаноатлантирилди.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда ҳамюртларимизнинг судларга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Чунки фуқароларни йиллар мобайнида қийнаб келган аксарият муаммолар айнан судда ечим топмоқда.
Отамурод СИДДИҚОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Чуст
туманлараро судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари
Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.