Ўзбекистон
02.11.2023
488
Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Самарқанд шаҳрида қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди. Унинг ишида икки давлат раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил ноябрь ойида Францияга расмий ташрифи давомида ҳам ушбу мамлакат ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашган. Ўшанда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш юзасидан аниқ келишувларга эришилган эди. Бугунги учрашув ушбу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди. Франция томонидан тадбирда ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегат Оливье Бешт, иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири ҳузуридаги саноат масалалари бўйича вазир-делегат Ролан Лескюр, “MEDEF International” бизнес уюшмаси бош директори Клод Имовен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу қатнашди. Бундан ташқари, тадбирда EDF, Voltalia, Total Energies, Orano, Eiffage, Veolia, SUEZ, Lactalis, Semai, Semmaris, Alstom, Airbus Helicopters, ATR, Vicat, Mobilitas, Boehringer Ingelheim, Thales, Aramine, Meridiame, Societe Generale, Natixis каби йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди. Кўҳна Самарқанддаги учрашувни очар экан, давлат раҳбари Президент Эммануэль Макронни ва Франция ишбилармон элитаси вакилларини самимий қутлади. Олий даражадаги фаол мулоқотлар туфайли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда ижобий суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан ўзаро савдо ҳажми уч баробар, кейинги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баробар кўпайди. Тўғридан-тўғри савдо алоқалари ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос экани қайд этилди. “Бугун қадрли ҳамкасбим билан ниҳоятда самарали музокараларни ўтказдик, ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ўзаро муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятидамиз, ” – деди Ўзбекистон Президенти. Давлат раҳбари ўз нутқида етакчилар келгусида савдо ҳажмларини кескин ошириш, Франция компанияларининг инвестициявий фаолиятини фаоллаштириш масалаларига ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олганларини қайд этди. Бунда қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади, бизнес учун янада қулай шароитлар яратилади ва ишбилармонлик ташаббусларига ҳар томонлама кўмаклашилади. Бугунги кунда энергетика, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда катта натижаларга эришилмоқда. Франциянинг ишбилармон доиралари билан самарали ва очиқ мулоқотни кенгайтириш учун янги самарали платформаларни яратишга тайёрлик билдирилди. Шу маънода, мамлакат етакчиси Ўзбекистон-Франция савдо палатасини ташкил этиш бўйича форум доирасида эришилган келишувни олқишлади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида “Business France” агентлигининг офисини очиш режалари қўллаб-қувватланди. Франция ҳукумати, етакчи компаниялари ва молия институтлари Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини фаол қўллаб-қувватлашда давом эттиришидан манфаатдорлик билдирилди. “Бир нарсани аниқ айтишим мумкин – ислоҳотларимиз орқага қайтмас тус олди. Бизнинг бош устувор мақсадимиз – кучли фуқаролик жамияти институтлари, замонавий инфратузилма ва қудратли саноатга эга бўлган демократик давлатни қуришдир”, – деди давлат раҳбари. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция шериклигини кенгайтириш бўйича тўртта энг устувор йўналишни кўрсатиб ўтди ва қатор ташаббусларни илгари сурди. Мамлакат “яшил” энергетикадек муҳим соҳада стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди. Бу борада “EDF”, “Voltalia” ва “Total Energies” компаниялари билан йирик лойиҳалар бошланган. Кооперациянинг яна бир муҳим йўналиши сифатида стратегик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қайд этилди. Бу соҳада “Orano” компанияси билан шерикликни кенгайтириш режалари борлиги таъкидланди. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш муҳим устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. “SUEZ”, “Eiffage” ва “Veolia” компаниялари билан биргаликда юртимиз сув таъминоти ва иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича катта ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Навбатдаги муҳим йўналиш сифатида қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди. Шу муносабат билан мамлакатимиз ҳудудларида замонавий агрологистика мажмуаларини қуриш бўйича Франция томони билан фаол ҳамкорлик қилиниши қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон Президенти бизнес форуми икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида амалий мулоқотни жадаллаштириш ҳамда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга қаратилгани билан айниқса аҳамиятли эканини таъкидлади. “Янги Ўзбекистонда ишлаш учун франциялик ҳамкорларимизга эшикларимиз доим очиқ эканини, қандай фойдали қўшма лойиҳаларингиз бўлса, амалга оширишга доим тайёрлигимизни таъкидламоқчиман,” – деди давлат раҳбари сўзининг якунида. Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам бизнес форум иштирокчиларига мурожаат қилди. У Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ушбу сиёсат туфайли икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик учун катта имкониятлар очилганини қайд этди. Ўзаро манфаатли шерикликда мавжуд улкан салоҳиятни янада фаол ишга солишга чақирди, бундан мамлакатлар иқтисодиётлари ва халқлари манфаат топишига ишонч билдирди. Бизнес форуми якунида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда эришилган келишувлар бўйича салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистон ва Франция ўртасида 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди
Ҳужжатлар молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини қамраб олган.
Самарқандда Франция альянсининг филиали, Тошкентда Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасаси очилади
Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Самарқандда Эммануэль Макронни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди (фото)
Олий даражадаги музокаралар бошланди.
Президент қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида қатнашди
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Шу муносабат билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди.