currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 7,3 млн сўмга етди

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 7,3 млн сўмга етди

Ўзбекистон

calendar

28.10.2026

eye

25

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 7,3 млн сўмга етди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—сентябр ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 миллион 274,1 минг сўмни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга кўп.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-йилнинг январь - сентябр ойларида ўртача иш ҳақи 6 миллион 166,2 минг сўмни ташкил этган. 2024-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 5 миллион 172,1 минг сўм, 2023 йилда 4 миллион 424,2 минг сўм, 2022 йилда эса 3 миллион 734,5 минг сўм бўлган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилиб, 12 миллион 300,8 минг сўмни ташкил қилган. Кейинги ўринларда Навоий вилояти — 8 миллион 820,5 минг сўм ва Тошкент вилояти — 6 миллион 889,9 минг сўм турибди.

Энг паст ўртача иш ҳақи Қашқадарё вилоятида — 4 миллион 969,7 минг сўм ва Сурхондарё вилоятида — 4 миллион 988,9 минг сўмни ташкил этган. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 5 миллион 373,4 минг сўм, Фарғона вилоятида 5 миллион 383,3 минг сўм, Наманган вилоятида эса 5 миллион 395,9 минг сўм бўлган.

Иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръати Наманган вилоятида кузатилиб, 20,3 фоизни ташкил этган. Жиззах вилоятида ўсиш 19,8 фоиз, Тошкент вилоятида 19,1 фоиз бўлган. Энг паст ўсиш эса Самарқанд вилоятида — 11,5 фоиз қайд этилган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида кузатилган — 19 миллион 712,6 минг сўм. Ахборот ва алоқа соҳасида бу кўрсаткич 17 миллион 6,9 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳасида 11 миллион 269,2 минг сўмни ташкил этган.

Саноат соҳасида ўртача иш ҳақи 8 миллион 365,9 минг сўм, савдода 7 миллион 694,4 минг сўм, қурилишда эса 7 миллион 138,1 минг сўм бўлган. Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган — 4 миллион 454,2 минг сўм. Таълим соҳасида бу кўрсаткич 5 миллион 15,2 минг сўмни ташкил қилган.

Таълим йўналишлари кесимида олий таълим ходимларининг ўртача иш ҳақи 11 миллион 520,5 минг сўм, умумий ўрта таълимда 4 миллион 791,4 минг сўм, мактабгача таълимда эса 2 миллион 846 минг сўм бўлган.

Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси экспериментал ҳисоб-китоблар асосида 2026-йилнинг январь—август ойларидаги медиана иш ҳақи 4 миллион 166,3 минг сўмни ташкил этганини маълум қилди. Медиана иш ҳақи — ходимларнинг ярми ундан кам, қолган ярми эса ундан кўп иш ҳақи оладиган миқдор.

Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 6 миллион 791,2 минг сўм билан энг юқори, Сирдарё вилоятида эса 2 миллион 998,4 минг сўм билан энг паст бўлган. Қўмита медиана иш ҳақи саккиз ойлик давр учун ҳисобланганини, шу сабабли уни январь-сентябр ойларидаги ўртача иш ҳақи билан бевосита таққослаб бўлмаслигини таъкидлаган.

Маълумотлар кичик корхоналар, микрофирма ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини ҳисобга олмаган ҳолда шакллантирилган. Номинал ҳисобланган иш ҳақи солиқлар ва бошқа тўловларни ҳам ўз ичига олади.

Улашиш: