currencies image

12 837,10 UZS

24,06

usd

currencies image

13 516,18 UZS

58,64

eur

currencies image

124,62 UZS

2,02

ru



АсосийЯнгиликларЎзбошимчалик билан эгалланган ер ва кўчмас мулкларни қонунийлаштириш тартиби: муҳим 5 саволга жавоб

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва кўчмас мулкларни қонунийлаштириш тартиби: муҳим 5 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

07.11.2024

eye

372

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва кўчмас мулкларни қонунийлаштириш тартиби: муҳим 5 саволга жавоб

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларга “амнистия” эълон қилишга оид қонун 8 ноябрдан кучга киради. Шунингдек, 2024-2025-йилларда хатлов қилинадиган маҳаллалар режа-жадвали тасдиқланди.

 

1. Қандай тоифадаги мулкларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади?

Қонунга асосан қуйидаги кўчмас мулкларга нисабатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланди:

1) 2018 йил 1 май кунига (2018 йилдаги “бир марталик акция”га) қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

4) 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;

5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;

6) кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;

7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;

8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.

Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.

2. Кўчмас мулклар қандай шартлар асосида қонунийлаштирилади?

Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;

2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;

3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;

4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;

5) бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса)

6) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

3. Эгаллаб олинган ҳамма ҳудуд қонунийлаштирилиб бериладими?

Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади:

1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;

2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Шунингдек, ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ амалга оширилади

4. Кимга мурожаат қилиш керак?

Фуқароларнинг ҳеч бир давлат органига мурожаат қилиш талаб қилинмайди.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларига қурилган кўчмас мулк обектларини аниқлаш мақсадида 2024-2025-йилларда хатлов қилинадиган маҳаллалар режа-жадвали тасдиқланди.

Тасдиқланган режа-график Кадастр агентлигининг kadastr.uz сайтига жойлаштирилди. Фуқаролар сайтга кириб ўзининг ҳудудида хатлов ишлари қачон амалга оширилишини билиб олиши мумкин.

Режа-графикка киритилмаган ҳудудлар келгуси йиллардаги режаларга киритилади.

5. Қанча тўлов ундирилади?

Ҳуқуқларни эътироф этганлик учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади:

1) Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари;

2) Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари;

3) вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари;

4) бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари;

5) Қолган ҳолларда эса (ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ерлар, тижорат мақсадлари учун ажратилган ерларда), бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади (ўртача аукцион баҳоси туманлар ва маҳаллалар кесимида Давактив агентлиги томонидан ҳар олти ойда эълон қилинади).

Бунда, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.

(Бир марталик тўловларнинг 64% қисми кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги инфратузилмани ташаббусли бюджетлаштириш тадбирларига йўналтирилади).

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 289

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


18-ноябр 2024, 05:34
1 958

Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 955

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 780

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.